toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 07.02.1994
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ДАВЛАТ МУЛКИ ЖАМҒАРМАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 7 февралдаги ПФ-758-сон «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасини ташкил қилиш тўғрисида»ги Фармони билан ўз кучини йўқотган.
«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, бозор муносабатларини шакллантириш жараёнида республиканинг мулкий ҳуқуқлари ва давлат манфаатларини таъминлаш, шунингдек давлат корхоналари ва ташкилотларини бошқа хил мулкчилик шаклларига айлантиришдан тушадиган маблағларни устувор умумдавлат вазифаларини ҳал этиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга сафарбар этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ҳузурида Давлат мулки жамғармаси («Ўздавжамғарма») ташкил этилиб, унга давлат бошқаруви органи ҳуқуқлари берилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикасининг Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари ҳузурида «Ўздавжамғарма»нинг ҳудудий бўлимлари тузилсин.
3. Давлат мулки жамғармасининг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:
давлатнинг мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
ҳиссадорлик жамиятлари, бошқа хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг сармоясида давлатга тегишли улуш (пай, ҳиссалар)га эгалик қилиш вазифаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш комитети унга топширган давлат корхоналари ва ташкилотларини ижарага бериш тўғрисидаги шартномаларни амалга ошириш;
ҳиссадор (пайчилар)нинг умумий йиғилишларида, жамиятлар ҳамда ширкатларнинг кенгашлари ва бошқарувларида мулк эгаси бўлмиш давлатнинг ваколатларини рўёбга чиқариш;
ўзига ишониб топширилган Давлат мулкидан самарали фойдаланиши учун жавобгарлик;
давлат мулки иншоотларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан, давлат корхоналари ва ташкилотларини ижарага олиш учун тўланадиган ҳақдан, давлат янги таъсис этадиган ҳиссадорлик жамиятларининг акцияларини сотишдан олинадиган даромадлардан тушадиган маблағларни жамлаш;
давлат корхоналари ва ташкилотларини ижарага топшириш, жамоа ёки ижарачи сотиб олиши, уларни сотиш, ҳиссадорлик жамиятига, бошқа хўжалик жамиятлари ва ширкатларига айлантириш чоғида улардаги мулкнинг қийматига баҳо берувчи махсус комиссияларнинг ишида қатнашиш.
4. Давлат мулки жамғармасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
давлатга тегишли улушлар (пай, ҳиссалар) бўйича бошқариш ҳуқуқини давлат бошқарувининг ўзга органларига, концернлар, ассоциациялар, корпорациялар, уюшмаларга ва бошқа хўжалик ассоциацияларига бериб қўйиш;
ҳиссадорлик жамиятларини ривожлантириш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун давлатга тегишли ҳиссалардан олинадиган фойданинг қисмини шартнома асосида ана шу жамиятларга топшириш;
ҳиссадорлик жамиятларининг, бошқа хўжалик жамиятлари, ширкатларнинг ҳиссалари (пайлари)ни сотиб олиш;
Ҳукуматнинг ёки у вакил қилган органнинг қарорига биноан давлатга тегишли ҳиссаларни сотиш, шунингдек уларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга оид махсус жамғармаларнинг, холдинг компаниялари ҳиссаларига алмаштириш ишларини амалга ошириш.
5. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни жамлаш учун махсус ҳисоб рақами очиб, уларни республика ва маҳаллий бюджетларнинг даромадларида алоҳида модда қилиб ажратиб қўйсин ҳамда давлат манфаатлари ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш манфаатлари йўлида улардан самарали фойдаланишни таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикасининг Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиб, у ҳақдаги Низомни тасдиқласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 7 сентябрь,
ПФ-471-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 10-сон, 424-модда)