toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим меъёрий ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
Раис М. АБДУСАЛОМОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 19 сентябрь,
939-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 939-сон қарорига
1-ИЛОВА
Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига (бундан буён матнда маҳалий Кенгаш деб юритилади) сайловлар ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартибини белгилайди.
I боб. Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳужжатларни сақлаш ва давлат архивга топшириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидаги ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясининг идоравий архивида ўн беш йил мобайнида сақланиб, кейинчалик Ўзбекистон Миллий архивига топширилади:
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 2 июлдаги 1081-сонли қарори таҳририда)
а) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, мажлис баённомалари;
б) сайлов ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар;
в) сиёсий партиялар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга;
г) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига рўйхатга олинган номзодлар рўйхатлари;
д) Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатишга доир Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар, вилоятлар ва туман (шаҳар) Кенгашлари қўшма мажлислари баённомалари, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов ва референдум натижалари тўғрисидаги баённомалари;
е) сайланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қонунчилик палатаси депутатларининг, Сенат аъзоларининг рўйхатлари ва ҳисоб карточкалари;
ж) сайлов ва референдум натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
з) Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган ҳудудий сайлов комиссияларининг сайлов ва референдум натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга.
(1-банднинг «з» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
2. Марказий сайлов комиссиясига сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясида улар келиб тушганидан сўнг олти ой мобайнида сақланади ва мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.
3. Сайлов ва референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган шикоят ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар уч йил мобайнида сақланади ва мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
II боб. Ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан ҳужжатларни давлат архивига топшириш
(II бобнинг номи Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Қуйидаги ҳужжатлар ҳудудий сайлов комиссияларининг идоравий архивларида беш йил мобайнида сақланиб, кейинчалик вилоятлар давлат архивлари ва Тошкент шаҳар марказий давлат архивига сақлаш учун топширилади:
а) ҳудудий сайлов комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;
б) сиёсий партиялар раҳбарларининг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга;
в) вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига рўйхатга олинган номзодлар рўйхатлари;
г) сайланган вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг рўйхатлари ва ҳисоб карточкалари;
д) сайлов ва референдум натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;
е) сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишига доир шикоят ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;
ж) ҳудудий сайлов комиссиясининг референдум натижалари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхалари;
з) ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган референдум ўтказувчи участка комиссияларининг овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга;
и) ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган участка сайлов комиссияларининг сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга;
к) ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг (бундан буён матнда округ сайлов комиссиялари деб юритилади) сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг уч кунлик муддатда туман ва шаҳар давлат архивларига сақлаш учун топширилади:
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
а) туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;
б) сиёсий партиялар раҳбарларининг халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга;
в) рўйхатга олинган туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхатлари;
г) сайланган туман ва шаҳар Кенгаши депутатларининг рўйхатлари ва ҳисоб карточкалари;
д) сайлов натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;
е) сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир шикоят ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ж) туман ва шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этилган участка сайлов комиссияларининг сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга.
(5-банднинг «ж» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 2 июлдаги 1081-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
III боб. Округ ва участка сайлов комиссиялари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан ҳужжатларни Давлат архивига топшириш
(III бобнинг номи Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Округ сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг уч кунлик муддатда вилоятлар давлат архивлари ва Тошкент шаҳар марказий давлат архивига сақлаш учун топширилади:
а) округ сайлов комиссияларининг қарорлари ва мажлис баённомалари;
б) сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлари;
в) округ сайлов комиссияларининг сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг иккинчи нусхалари;
г) участка комиссияларининг овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Участка сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов ва референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг уч кунлик муддатда тегишли шаҳар ва туман давлат архивларига сақлаш учун топширилади:
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
а) участка комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;
б) овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг иккинчи нусхалари;
в) фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;
г) комиссия аъзоларининг алоҳида фикрлари ҳамда бошқа ҳужжатлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
IV боб. Сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан ҳужжатларни ҳокимликлар идоравий архивларига топшириш
(IV бобнинг номи Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
8. Сайловчилар рўйхатлари (сайловчилар рўйхатларининг электрон версияси), шунингдек референдумда овоз берувчилар рўйхатлари сайлов ва референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида навбатдаги сайлов ёки референдумга қадар фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот сифатида сақланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Сайлов бюллетенлари, шунингдек референдумда овоз бериш бюллетенлари ҳамда уларни топшириш ва қабул қилиш далолатномалари сайлов ёки референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг уч кунлик муддатда тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида бир йил давомида сақланади ва мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Округ ва участка сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи участка комиссияларининг молиявий ҳисоботлари сайлов ёки референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг ўн кунлик муддатда тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида беш йил давомида сақланади ва мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
101. Ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг молиявий ҳисоботлари сайлов ёки референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг йигирма кунлик муддатда тегишлилиги бўйича вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида беш йил давомида сақланади ва мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.
(101-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарорига асосан киритилган)
11. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари қўшма мажлисининг Сенат аъзолари сайлови якунлари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхаси ва Сенат аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари идоравий архивларида сақланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ўзбекистон Миллий архивига, вилоят, шаҳар ва туман архивларига ҳужжатларни топшириш Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида»ги 101-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 2 июлдаги 1081-сонли қарори таҳририда)
V боб. Ҳужжатларни йўқ қилиш тартиби
13. Мазкур Йўриқномада белгиланган сақлаш муддати тугаган қуйидаги ҳужжатлар йўқ қилинади:
имзо варақалари;
сайлов бюллетенлари;
референдумда овоз бериш бюллетенлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
сайловчилар рўйхатлари;
сайлов бюллетенларини топшириш ва қабул қилиш далолатномалари;
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарорига асосан бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган)
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига доир ҳужжатлар.
14. Амалий аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни йўқ қилиш бўйича Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида эксперт комиссиялари тузилади.
15. Имзо варақалари ва Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар Марказий сайлов комиссияси раиси фармойиши билан тузилган Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги эксперт комиссияси томонидан йўқ қилинади.
Сайлов бюллетенлари ва референдумда овоз бериш бюллетенлари бошқа сайлов комиссияларига келиб тушган мурожаатлар билан боғлиқ ҳужжатлар тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида эксперт комиссиялари томонидан йўқ қилинади.
16. Йўқ қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар дастлабки саралаш ва экспертизани ўтказган шахслар томонидан тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳокими тасдиқлаган мазкур Йўриқноманинг иловасига мувофиқ шаклда тузилган далолатнома асосида йўқ қилинади.
Сайлов бюллетенлари ва референдумда овоз бериш бюллетенларини йўқ қилингани ҳақидаги далолатноманинг бир нусхаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилинади.
17. Сайлов бюллетенлари, референдумда овоз бериш бюллетенлари ҳамда бошқа ҳужжатлар кўпи билан 2-3 кв.см. бўлакларга майдалаш йўли билан йўқ қилинади.
Майдалаш учун тегишли ускуна бўлмаган тақдирда ҳужжатлар ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади.
Ҳужжатларни тиклаш мумкин бўлган даражада йўқ қилиниши мумкин эмас.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни ва сиёсий партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш бўйича тўпланган имзо варақалари ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади.
19. Бегона шахсларнинг йўқ қилинаётган ҳужжатлар билан танишиши таъқиқланади.
VI боб. Якуний қоидалар
20. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан келишилган.
Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида йўриқномага
ИЛОВА

‎‎«Тасдиқлайман»
‎Қибрай туман ҳокими ____________________Ф.И.Ш.
‎(имзо)
«____» __________20____ йил

‎‎
‎ДАЛОЛАТНОМА №

‎‎20__ йил «___» ___________

‎‎___________ тумани

‎‎Комиссия қуйидаги таркибда ___________________________________________________________________
______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________

‎‎Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқномага асосан илмий-тарихий қийматга эга бўлмаган, амалий аҳамиятини йўқотган ва белгиланган сақланиш муддатлари тугаган қуйидаги ҳужжатлар йўқ қилиниши учун ажратиб олинган:

‎‎_______________________________________________________________________________
‎_______________________________________________________________________________
‎(ташкилот номи)

Т/р‎

Ишларнинг номи (сарлавҳаси)‎‎

Ишларнинг (ҳужжатларнинг) сўнгги саналари ‎‎

Ишлар сони‎‎

Сақланиш муддатлари‎‎

Изоҳлар‎‎‎

‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎
‎‎Жами: ____________ йилларда _______________________________ иш, томдан иборат ҳужжатлар бўлакларга
‎ майдалаш ёки ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинди.
‎‎Комиссия аъзолари: ‎‎ ‎‎1.______________________
‎2‎‎.______________________
‎‎‎3.______________________‎‎
‎‎«Маъқуллайман»
‎Туман (шаҳар) ҳокимлиги ЭК
‎20___ йил «___» ___________№
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 939-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ўз кучини йўқотадиган айрим меъёрий ҳужжатлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2000 йил 7 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Олий Мажлис депутатлари сайловлари билан боғлиқ ҳужжатларни сақлаш тартиби тўғрисида»ги Низом тўғрисида»ги 103-сон қарори.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари тўғрисида» 2004 йил 18 сентябрдаги 198-сон қарори 2-банди ва 2-иловаси.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2007 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг эксперт комиссияси тўғрисидаги янги таҳрирдаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 368-сон қарори.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2010 йил 16 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2007 йил 28 декабрдаги 368-сон қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 496-сон қарори.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясиинг 2007 йил 28 декабрдаги 368-сон қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 605-сон қарори.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 939-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ўзгартириш киритилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низомнинг 97-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«97. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ сақлаш учун тайёрланади ҳамда топширилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низомнинг 120-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«120. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ сақлаш учун тайёрланади ҳамда топширилади».