toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 10 августдаги ПФ-5147-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг (кейинги ўринларда Ҳисоб палатаси деб аталади) ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлар базасидан фойдаланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш рухсат этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига электрон сўровга мувофиқ маълумотлар айирбошлашнинг дастурий таъминоти орқали улар маълумотлар базасини шакллантиришларидан олдин маълумотлар тақдим этадиган, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига уларнинг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш рухсат этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарорга 2-иловада кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 — 2020 йиллар мобайнида ўзларининг маълумотлар базасини шакллантирсинлар, шунингдек, уларни Ҳисоб палатаси реал вақт режимида фойдаланиши учун Электрон ҳукуматнинг маълумотлар узатиш идоралараро тармоғига уласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ҳисоб палатаси билан келишган ҳолда, ушбу қарорга 2-иловада кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек, уларни Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига улаш жадвалини тасдиқлаш учун уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Солиқ органлари ҳамда давлат бошқа органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасини таққослаш йўли билан солиқ солинадиган базани, солиқ тўловчиларнинг тўлиқ қамраб олинишини реал вақт режимида баҳолашни таъминловчи Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини (кейинги ўринларда дастурий комплекс деб аталади) яратиш ва босқичма-босқич жорий этиш юзасидан «йўл харитаси» 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
ушбу қарорга 1-иловада кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотларининг, уларнинг маълумотлар базасидан Ҳисоб палатаси реал вақт режимида фойдаланиши учун Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига уланишини икки ҳафта муддатда таъминласин;
2018 йил 1 декабргача бўлган муддатда Ҳисоб палатаси ушбу қарорга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотларидан ахборот олиш мақсадида маълумотлар айирбошлашнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқсин ва фойдаланишга топширсин, шунингдек, заруриятга кўра, электрон ҳисобот маълумотлари шаклланишини ҳисобга олган ҳолда унинг янада такомиллаштирилишини таъминласин;
Ҳисоб палатасига «Лицензия» ахборот тизимларидан, шунингдек, унинг сўровларига мувофиқ бошқа ахборот тизимларидан фойдаланиш имкониятини таъминласин.
6. Ушбу қарорга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига:
қонун ҳужжатларининг ахборот хавфсизлигига риоя этишга доир талабларини ҳисобга олган ҳолда Ҳисоб палатаси уларнинг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш имкониятини яратиш;
Ҳисоб палатасининг электрон сўрови асосида ахборотни (электрон ҳужжатни) ўз вақтида шакллантириш ва уларни маълумотлар айирбошлаш дастурий таъминоти орқали тақдим этиш таъминланиши юзасидан масъулият юклансин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу қарорга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан фойдаланиш тартиби Ҳисоб палатаси томонидан белгиланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
дастурий комплексни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кузатиб бориш билан боғлиқ сарф-харажатлар Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 688-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон)
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири А.И. Ахмедходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 14 май,
362-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги ПФ-100-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.07.2024 й., 06/24/100/0502-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги ПФ-100-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.07.2024 й., 06/24/100/0502-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 майдаги 362-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг солиқ органлари ҳамда давлат бошқа органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасини таққослаш йўли билан солиқ солинадиган базани, солиқ тўловчиларнинг тўлиқ қамраб олинишини реал вақт режимида баҳолашни таъминловчи дастурий комплексини яратиш ва босқичма-босқич жорий этиш юзасидан
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш муддати

Масъул ижрочилар

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини яратишга доир ташкилий тадбирлар

1.

Солиқ солинадиган базани, солиқ тўловчиларнинг тўлиқ қамраб олинишини баҳолаш учун таҳлилий жадвалларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексига киритиш учун Ҳисоб палатасига тақдим этиш

Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг қўшма буйруғи

2018 йил май

Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги

2.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг солиқ органлари ва давлат бошқа органлари ҳамда ташкилотларининг маълумотлар базасини таққослаш йўли билан солиқ солинадиган базани, солиқ тўловчиларнинг тўлиқ қамраб олинишини реал вақт режимида баҳолашни таъминловчи дастурий комплексини яратишга доир техник топшириқни тайёрлаш

Техник топшириқни тасдиқлаш

2018 йил май

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ҳисоб палатаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк ва давлат бошқа органлари

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини ишлаб чиқиш ва жорий этиш

3.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини ишлаб чиқиш ва унинг самарали ишлашини таъминлаш учун моддий-техник таъминот бўйича ишлар (хизматлар) қийматини белгилаш

Бюджетни тасдиқлаш

2018 йил июнь

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

4.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базаси билан интеграциялашувчи дастурий комплексининг асосий вазифаларини ишлаб чиқиш

Техник топшириқни амалга ошириш

техник топшириқнинг муддатларига мувофиқ

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Ҳисоб палатаси

5.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини жорий этиш ва ходимларини ўқитиш

Техник топшириқни амалга ошириш

техник топшириқнинг муддатларига мувофиқ

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Ҳисоб палатаси

6.

Давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасини Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплекси билан интеграциялаш

Ҳисоб палатасининг фармойиши

тасдиқланган жадвалга мувофиқ

Ҳисоб палатаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва давлат бошқа органлари

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.05.2018 й., 09/18/362/1231-сон, 03.10.2019 й., 09/19/841/3857-сон; 08.05.2020 й., 09/20/271/0565-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2021 й., 09/21/393/0596-сон; 22.12.2021 й., 09/21/766/1182-сон; 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон; 12.07.2024 й., 06/24/100/0502-сон)