toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўтган давр мобайнида хом ашё базасини яратиш ва ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош виночилик ва алкоголли маҳсулотларни (кейинги ўринларда алкоголли маҳсулотлар деб юритилади) реализация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириб бориш, шунингдек, ушбу соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, тизимга оид бир қатор муаммолар ва камчиликлар соҳага алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотишнинг илғор технологияларини жорий этиш, экспорт салоҳиятининг барқарор ўсишини таъминлаш, соҳани бошқаришнинг самарали тизимини яратиш имконини бермаяпти, шу жумладан:
биринчидан, узумнинг техник навлари майдонларининг кескин қисқариб кетиши, уларни етиштириш бўйича илғор усулларнинг суст жорий этилиши, узумзорлар ҳосилдорлигининг пастлиги, шунингдек, фермер хўжаликларининг етарлича манфаатдор бўлмаслиги виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайиб кетиши ва қайта ишлаш қувватларидан самарасиз фойдаланишнинг тизимли сабабига айланди;
иккинчидан, озиқ-овқат этил спирти, пиво пишириш, ликёр-ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни янгилаш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантириш бўйича қўлланаётган технологик сиёсат самарадорлигининг паст эканлиги, уларга мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш, шунингдек, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишда кўмаклашиш имконини бермаяпти;
учинчидан, алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини истиқболли бошқаришнинг режали методи ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмини сотиш бозоридаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ҳисобга олиб мустақил белгилаш, шунингдек, экспорт улушини ошириш ва миллий брендни хорижий бозорларга илгари суриш имконини бермаяпти;
тўртинчидан, алкоголли маҳсулотларни автоматлаштирилган назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимлари татбиқ этилишининг паст даражадалиги сифатсиз ва сертификатлаштирилмаган алкоголли маҳсулотлар айланмаси учун шарт-шароитлар яратмоқда;
бешинчидан, «Ўзвиносаноат-холдинг» АЖ таркибида соҳага оид бўлмаган корхона ва ташкилотларнинг мавжудлиги ортиқча молиявий харажатларга, шунингдек, уларнинг соҳадаги фаолияти самарадорлигининг камайишига олиб келмоқда;
олтинчидан, халқаро ҳамкорликнинг етарлича даражада бўлмаганлиги ишлаб чиқариш циклини такомиллаштириш учун малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш, алкоголли маҳсулотларнинг маркетинг сиёсатини ва уларни брендлаштиришни кучайтириш, янги сотиш бозорларига олиб чиқиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тубдан такомиллаштириш, соҳани бошқаришнинг илғор технологияларини жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:
1. «Ўзвиносаноат-холдинг» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
«Ўзвиносаноат-холдинг» АЖ ва унинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини тегишлича «Ўзшаробсаноат» АЖ ва «Ўзшаробсаноат» АЖнинг Ривожлантириш жамғармаси деб қайта номлаш;
«Винагроимпекс» МЧЖни ўрнатилган тартибда тугатиш;
соҳага оид бўлмаган корхоналарни «Ўзшаробсаноат» АЖ таркибидан 1-иловага мувофиқ чиқариш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
2018 йилнинг 1 апрелидан виночилик маҳсулотлари учун яроқлилик муддатини белгилаш тўғрисидаги талаб истисно этилади ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга уларни сақлаш муддатини мустақил белгилаш ҳуқуқи тақдим этилади;
2018 йилнинг 1 июлидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз виночилик маҳсулотларини туристик йўналишларида ташкил этилган заводга тегишли дегустация ҳудудларида (жойларида) чакана реализация қилиш ҳуқуқи берилади;
2019 йилнинг 1 январидан табиий винолар, виноматериаллар ва коньяк спиртини ишлаб чиқариш, шунингдек, узумни қайта ишлаш бўйича фаолиятни узумнинг мева берувчи техник навларини етиштириш бўйича 100 гектардан кам бўлмаган плантация майдонига, шунингдек, вино-коньяк маҳсулотларининг сақланиши ва етилиши учун эман бочкаларига эга корхоналар, қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларга риоя қилган ҳолда, амалга оширишлари мумкин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш бекор қилинади. Бунда ушбу фаолиятга мазкур банднинг тўртинчи хатбоши талаблари татбиқ этилмайди;
(2-бандининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5656-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.02.2019 й., 06/19/5656/2586-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзшаробсаноат» АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси таркибига киради;
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги ПФ-5526-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.08.2018 й., 06/20/5526/0983-сон)
 LexUZ шарҳи
2-банднинг олтинчи хатбошисига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги ПҚ-4065-сонли қарорига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.
узумнинг техник навларини етиштириш учун ер майдонларини ажратиш «Ўзшаробсаноат» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда юқори ҳосил олиш учун зарур бўлган тупроқнинг унумдорлиги, сув билан таъминлаш манбаларининг мавжудлигини ҳисобга олиб амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
5. Этил спирти, алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тамаки хом ашёсини ферментлаш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш бўйича республика комиссияси 2018 йилнинг 1 апрелигача амалдаги лицензия талабларини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан ўткир алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича мавжуд бўлган йиллик ишлаб чиқариш қувватларини камида 60 фоиз ишлатиш тўғрисидаги талаблар эвазига бундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришни квоталаш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда истиқболда узумнинг техник навлари плантацияларини жойлаштириш ва ушбу ҳудудларда кейинчалик ишлаб чиқариш объектларининг фаолиятини йўлга қўйишни ҳисобга олган ҳолда сув билан таъминлашнинг аниқ манбаларини аниқласин;
узумнинг техник навлари плантацияларининг ҳудудини суғориш учун сув қудуқларини бурғулаш учун рухсатнома беришга ҳар томонлама кўмаклашсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзшаробсаноат» АЖ, М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, бошқа манфаатдор идоралар ва муассасалар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 июнигача муддатда:
экиш материалларининг талабгир навларини импорт қилиш мақсадида, маҳаллий табиий-иқлим ва бошқа шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, узумнинг машҳур техник навларини етиштириш ва кўпайтириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан, шу жумладан жойига чиқиб ўргансин;
ўрганиш якунлари бўйича узумнинг машҳур техник навларини етиштириш ва кўпайтириш, шунингдек, республика ҳудудида экиш материалларининг машҳур навларини экиш бўйича замонавий ишлаб чиқариш комплексини йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифларни Махсус комиссияга киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва «Ўзшаробсаноат» АЖ давлат ички тартиботларни тезлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин ва 2018 йилнинг 1 майигача муддатда Ўзбекистон Республикасининг Халқаро виночилик ва узумчилик ташкилотига кириш учун буюртмаси берилишини таъминласин.
9. Амалиётга:
мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий туристлар, турли мамлакатларнинг виночилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда ҳар йили республикада вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказилиши;
маҳаллий виночилик маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаларини хорижий мамлакатларда мунтазам равишда ўтказилиши жорий этилсин.
«Ўзшаробсаноат» АЖ бир ой муддатда 2018 йилда Тошкент шаҳрида вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказилиши тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги доимий асосда «Ўзшаробсаноат» АЖга:
мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ва муассасаларни кенг жалб этган ҳолда ҳар йили вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказишда;
маҳаллий виночилик маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаларини хорижий мамлакатларда ўтказишда кўмаклашсин.
11. «Ўзшаробсаноат» АЖ:
ишлаб чиқариш циклини такомиллаштириш, маркетинг сиёсатини кучайтириш ва алкоголли маҳсулотларни брендлаш, уларни янги сотиш бозорларига олиб чиқиш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;
мавжуд виночилик базасида иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни (узум ёғи, озиқ-овқат бўёқлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар) чуқур қайта ишлашни жорий этиш;
«Ўзшаробсаноат» АЖ вино-коньяк корхоналарида винолар ва коньякларнинг сифатини янада яхшилаш ва экспорт қийматини ошириш, шунингдек, вино материалларини сақлаш учун зангламайдиган пўлатдан сиғимлар ишлаб чиқариш мақсадида улар етилишига жойлаштириш учун эман сиғимлар паркини яратиш бўйича чоралар кўрсин.
12. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сонли Фармонига асосан 2022 йил 1 июлдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2022 й., 06/22/101/0288-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
виночилик корхоналари Ўзбекистон Республикасида етарли ҳажмларда ишлаб чиқарилмайдиган, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган ва фойдаланиладиган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буюмлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида олиб кирилиши учун 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.
(12-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПФ-6011-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 06/20/6011/0780-сон — 2020 йил 1 октябрдан кучга киради)
13. «Ўзшаробсаноат» АЖ зиммасига озиқ-овқат этил спирти, пиво пишириш, ликёр-ароқ, виночилик ва бошқа алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарни модернизация қилиш ва қайта техник жиҳозлаш бўйича кўмаклашиш юклатилсин.
14. Белгилаб қўйилсинки:
2019 йилнинг 1 январидан бошлаб пиво пишириш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўрнатилган тартибда «Ўзшаробсаноат» АЖ таркибига шартнома асосида уюшган аъзолар сифатида киритилиши мумкин;
«Ўзшаробсаноат» АЖ ўз улуши билан иштирок этадиган тижорат ташкилотлари фақат жамият кузатув кенгашининг қарори асосида акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади;
«Ўзшаробсаноат» АЖ корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш жамият акциядорларининг умумий йиғилиши қарори асосида, талаб ва таклиф конъюнктураси таҳлили, тайёр маҳсулот қолдиқлари, шунингдек, тармоқни ривожлантириш концепциясини ҳисобга олиб амалга оширилади.
15. «Ўзшаробсаноат» АЖ ташкилий тузилмаси, шунингдек, бошқарув ходимларининг чекланган сони 74 нафар бўлган унинг ижро аппарати тузилмаси 4 ва 5-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
«Ўзшаробсаноат» АЖ бошқаруви раисига зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида ижро аппарати тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.
16. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзшаробсаноат» АЖ бошқарувининг раиси ва унинг ўринбосарлари жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан сайланади, лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
17. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзшаробсаноат» АЖ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент кимё-технология институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб виночилик соҳаси учун олий малакали кадрларни тайёрловчи факультетни тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритсин.
18. Белгилаб қўйилсинки, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари виночилик соҳасида мутахассислик йўналишлари бўйича амалиётни тизимли асосда бевосита ишлаб чиқариш ва ўзга корхоналарда, шу жумладан «Ўзшаробсаноат» АЖда ўтайдилар.
19. «Ўзшаробсаноат» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан Тошкент кимё-технология институти ҳузурида Виночилик соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, таълимнинг самарали интерактив услубларини қўллаб виночилик корхоналари ходимларининг билим ва кўникмалари даражасини ошириш;
виночилик иқтисодиётнинг устувор йўналиши ҳисобланган хорижий мамлакатларнинг виночилик корхоналари иш тажрибаси билан таништириш, шу жумладан у ерда мамлакат мутахассисларининг тажриба ўрганишини ташкил этиш, виночилик соҳасини ривожлантириш учун малакали хорижий экспертларни жалб этиш;
виночилик соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, инновацион ёндашувлар асосида виночилик соҳаси ходимлари учун биргаликдаги ўқув машғулотлари ва курслари ўтказилишини ташкил этиш.
20. 2020 йилнинг 1 январидан барча алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, уларни ишлаб чиқариш ҳажмлари (тури, номи ва бошқа маълумотлар) тўғрисида ҳамда «ишлаб чиқарувчи — улгуржи сотувчи — чакана сотувчи — истеъмолчи» ҳалқаси асосида реализация қилиниши тўғрисида батафсил ахборотни ўзида жамлаган алкоголли маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) тузилсин ва жорий этилсин, бунда қуйидагилар кўзда тутилсин:
ахборот тизими «UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қувватлаб туриш бўйича ягона интегратор» томонидан ишлаб чиқилиши;
ахборот тизими ишлаб чиқилишини молиявий таъминлаш манбалари — 50 фоизи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва 50 фоизи «Ўзшаробсаноат» АЖ Ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзшаробсаноат» АЖ, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар мутахассисларидан иборат ахборот тизими яратилиши ва жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳини шакллантириш.
Ахборот тизимига уланишнинг охирги муддатлари қуйидагича белгилансин:
«Ўзшаробсаноат» АЖ улуши 51 фоиз ва ундан кўпроқни ташкил қилувчи алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун — 2022 йилнинг 1 январигача;
алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар учун — 2022 йилнинг 1 июнигача;
«Шаробсавдо» ихтисослашган улгуржи савдо базалари учун — 2022 йилнинг 1 октябригача;
алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи юридик шахслар учун — 2022 йилнинг 1 декабригача.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти корхоналарнинг ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ уланиши устидан тизимли назоратни амалга оширсин.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПФ-5547-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.10.2018 й., 06/18/5547/1975-сон)
22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 1 июнигача муддатда:
хорижий амалиёт ва алкоголли маҳсулотлар бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, «Шаробсавдо» ихтисослашган улгуржи савдо базаларининг фаолиятини танқидий ўрганиш натижалари бўйича алкоголли маҳсулотларни реализация қилишнинг бозор механизмларини кенгайтириш бўйича, шу жумладан ишлаб чиқарувчиларга ўзларининг маҳсулотларини уларга тегишли бўлган фирма дўконлари ҳамда ушбу маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланаётган бошқа юридик шахсларга реализация қилиш ҳуқуқини бериш орқали таклифлар киритсин;
«Ўзшаробсаноат» АЖ Ривожланиш фонди ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 2018 — 2023 йиллар учун хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида виночилик ва узумчилик соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Дастур киритсин, бунда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани ошириш курсларини тугатгандан сўнг мутахассислар учун меҳнат фаолиятини «Ўзшаробсаноат» АЖ корхоналарида давом эттириш бўйича мажбуриятлар белгилаб қўйилсин;
хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда виночилик маҳсулотларини реклама қилишда чекловларни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритсин;
алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхоналарда молиявий инспекторларнинг фаолияти танқидий ўрганилишини ташкил этсин, бунда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин;
«Ўзшаробсаноат» АЖ корхоналари томонидан энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва кенгайтириш Дастурини тасдиқласин.
23. Ҳисоб палатаси «Ўзшаробсаноат» АЖ, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йилнинг 1 августига қадар «Ўзшаробсаноат» АЖ корхоналарининг бандлиги, штат бирликлари, харажатларнинг оқилоналиги, ташкилий тузилмаларини танқидий ўргансин ҳамда уларни мақбуллаштириш ва харажатларни камайтириш, меҳнат унумдорлигини ва ишлаб чиқаришнинг рентабеллигини яхшилаш мақсадида фаолият самарадорлигини янада ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 декабрдаги ПФ-5893-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.12.2019 й., 06/19/5893/4150-сон)
25. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти икки ой муддатда таълим, спорт муассасалари ва диний муассасалардан беш юз метрдан кам радиусда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилаётган субъектларни аниқлаш бўйича чакана савдо объектларини инвентаризациядан ўтказсин.
26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ҳокимлари «Ўзшаробсаноат» АЖга мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин.
27. «Ўзшаробсаноат» АЖ Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддат ичида қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
28. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 28 февраль,
ПҚ-3573-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3573-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Ўзшаробсаноат» АЖ таркибидан чиқарилаётган корхоналар
РЎЙХАТИ

Т/р

Корхонанинг номланиши

Фаолият тури

1.

«Навигул-агро экспорт» МЧЖ

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш

2.

«Микро бизнес груп» МЧЖ

Экспорт ва импорт қилиш операциялари

3.

«Зарбдор замини саховати» МЧЖ

Меваларни экспорт қилиш ва консалтинг хизматлари

4.

«Наврўз-С» МЧЖ

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва консалтинг хизматлари

5.

«Сам авангард строй сервис» МЧЖ

Қурилиш-монтаж ишлари

6.

«Умаров Зайниддин» ФХ

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш

7.

«Синтез прогресс» МЧЖ

Целлюлоза, елим ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш

8.

«Шашмохкашоб импекссавдо инвест» МЧЖ

Экспорт ва импорт қилиш операциялари

 LexUZ шарҳи
1-илова норасмий таржима.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3573-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Ўзшаробсаноат» АЖ
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Акциядорлар умумий йиғилиши

Кузатув кенгаши

Бошқарув

Агрофирмалар — 42

Истеъмол этил спирти ишлаб чиқариш ташкилотлари — 4

«Шаробсоз» МЧЖ

«Шаробсавдо» унитар корхоналари — 82

«Центральная лаборатория» УК

Алкоголь, ликёр-арақ ва виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкилотлари — 44

Фирма дўконлари — 508

Оддий ва безатилган стеклотаралар ишлаб чиқариш ташкилотлари — 3

Узумни қайта ишлаш ташкилотлари — 17

Бошқа ташкилотлар — 13

Номланиши

Умумий штат

Шундан

Бошқарув

Ишлаб чиқариш

Техник

Ёрдамчи

Агрофирмалар

159

91

67

0

1

Истеъмол этил спирти ишлаб чиқариш ташкилотлари

2 083

86

1 838

104

55

Алкоголь, ликёр-арақ ва виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкилотлари

6 215

534

4 777

427

477

Узумни қайта ишлаш ташкилотлари

305

50

221

22

12

«Шаробсавдо» УК

2 372

245

622

688

817

Фирма дўконлари

568

0

0

568

0

«Шаробсоз» МЧЖ

6

2

4

0

0

«Центральная лаборатория» УК

15

2

6

3

4

Оддий ва безатилган стеклотаралар ишлаб чиқариш ташкилотлари

477

42

405

18

12

Бошқа ташкилотлар

115

37

45

8

25

Жами

12 315

1 089

7 985

1 838

1 403

Жами корхона ва ташкилотлар — 715
 LexUZ шарҳи
4-илова норасмий таржима.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февралидаги ПҚ-3573-сон қарорига
5-ИЛОВА
«Ўзшаробсаноат» АЖ ижро этувчи аппарати
ТУЗИЛМАСИ

Акциядорлар умумий йиғилиши

Кузатув кенгаши

Тафтиш комиссияси

Корпоратив консультант

Бошқарув раиси

Ички аудит хизмати

Котибият

2

Ишлаб чиқариш менежменти, инновациялар ва саноат узумчилигини ривожлантириш бўйича раиснинг биринчи ўринбосари

Молиявий менежмент, инвестициялар ва истиқболли ривожланиш бўйича раис ўринбосари

Ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчи

1

Саноат корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва стандартлаштириш бошқармаси

5

Ташқи иқтисодий фаолият, логистика ва инновациялар бош бошқармаси

1

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида сиёсатни амалга ошириш бошқармаси

4

Стратегик режалаштириш ва молия менежменти бош бошқармаси

1

Спирт саноати корхоналарини мониторинг қилиш бўлими

2

Ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси

5

Ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш бўлими

3

Стратегик режалаштириш ва иқтисодий таҳлил бошқармаси

5

Алкоголь маҳсулотлар айланмаси ҳисоби шуъбаси

2

Логистика ва транспорт бўлими

2

Корпоратив менежмент ва халқаро тажрибани татбиқ этиш бўлими

2

Молия менежменти ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси

5

Саноат узумчилиги ва хомашёни ривожлантириш бошқармаси

5

Брендлаш ва замонавий дизайнни жорий қилиш бўлими

2

Маркетинг ва бозор конъюнктурасини ўрганиш бошқармаси

4

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ва ижро интизоми бўлими

2

Инновациялар ва замонавий технологияларни жорий этиш бўлими

2

Инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси

5

Кадрлар бўлими

2

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва энергия ресурслар истеъмолини мониторинг қилиш бўлими

2

Бош юрисконсульт

1

Матбуот котиби

1

Мобилизация ва махсус ишлар бўлими

3

Офис-менежер хизмати

2

Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони — 74 нафар.
 LexUZ шарҳи
5-илова норасмий таржима.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.03.2018 й., 07/18/3573/0830-сон, 28.08.2018 й., 06/20/5526/0983-сон, 01.10.2018 й., 06/18/5547/1975-сон; 06.02.2019 й., 06/19/5656/2586-сон, 13.12.2019 й., 06/19/5893/4150-сон; 19.06.2020 й., 06/20/6011/0780-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2022 й., 06/22/101/0288-сон)