toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон қарорини бажариш юзасидан ва бепул донорликни ривожлантириш ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари захираларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Даволаш-профилактика муассасаларининг донор қонининг таркибий қисмларига эҳтиёжларини таъминлаш нормативлари 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 27 ноябрь,
324-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 ноябрдаги 324-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартибини белгилайди.
2. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотларининг, шунингдек, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг донор қони ва унинг таркибий қисмлари масалалари бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда ишлатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
2-боб. Қон билан ишлаш хизматининг тузилмаси ва ваколатлари
3. Қон билан ишлаш хизмати донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплашга, тайёрлашга, қайта ишлашга ва сақлашга ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ҳамда донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фармацевтика ташкилотлари (кейинги ўринларда – қон билан ишлаш хизмати) мажмуидан иборатдир.
4. Қон билан ишлаш хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:
донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ундан фойдаланишга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт ташкилотлари;
донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фойдаланадиган тиббиёт ташкилотлари;
дори воситаларини ишлаб чиқариш учун қон плазмасини йиғишга ихтисослаштирилган ташкилотлар;
қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фармацевтика ташкилотлари.
5. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотлари биноларини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш фақат давлат рўйхатидан ўтказилган тиббий жиҳозлар ёрдамида амалга оширилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)
7. Қон ва унинг таркибий қисмлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган талабларга мувофиқ узлуксиз ҳароратни сақлаш ва рўйхатга олиш тизими мавжуд бўлган махсус музлатгичларда сақланади.
8. Қон ва унинг таркибий қисмлари, шу жумладан, қон плазмасини 18 ёшга тўлган шахслар томонидан топширилишига рухсат берилади.
Қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган шахсларнинг саломатлик кўрсаткичлари, соғлиғига қўйиладиган талаблар ҳамда уларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш олдидан шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг саломатлиги тўғрисидаги ҳужжат бериш бепул амалга оширилади.
9. Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
соғлиғи сақланиши кафолатининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши;
соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;
бепул овқат билан таъминланиш.
Донор қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Қон ва унинг таркибий қисмлари бепул ва пулли асосда топширилиши мумкин.
Қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш бўйича ихтисослаштирилган давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ташкилотлар донорларга келишувга мувофиқ қўшимча кафолатлар ҳамда компенсация тўловларини белгилаши мумкин.
11. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон тизимига уланиши лозим.
12. Қон билан ишлаш хизмати қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини қуйидагилар орқали ташкил этади:
донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш;
аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш;
донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек, донор қони препаратларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг хавфсизлик шароитларини таъминлаш;
донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек, донор қони препаратларини хавфсиз ташишни ташкил этиш;
донор қони банкини яратиш ва янгилаб бориш;
қон билан ишлаш хизматини, донорликни қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини, уларни тайёрлашни ҳамда клиник қўлланишни ташкил этиш масалалари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги бўйича маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш;
қон ва унинг таркибий қисмларининг ихтиёрий бепул донорлигини ривожлантириш бўйича тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Қон билан ишлаш хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатлари
13. Вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ўз ваколатлари доирасида:
шахсларни донорлар сафига жалб этишда қон билан ишлаш хизматига кўмаклашадилар;
донорнинг аризасига биноан уни иш, хизмат ёки ўқиш жойидан тиббий кўрикдан ўтиш кунида, шунингдек, қон топшириш кунида соғлиқни сақлаш ташкилотларига тўсқинликсиз юборадилар, донорнинг ушбу кунларда иш жойида ёки хизмат жойида бўлмаслиги одамларнинг ҳаётига ёки саломатлигига хавф солишига, давлат мудофаасини, хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилмаслигига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
қон топширишни ташкил этиш учун зарур хоналар тақдим этадилар;
донорга қонунчиликда белгиланган кафолатларни берадилар ва уни рағбатлантириш чораларини қўллайдилар.
Вазирликлар ва идоралар қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
14. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
донор қони ва унинг таркибий қисмлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бажарилишини таъминлайдилар;
ўз ҳудудларида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этадилар;
қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратадилар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, донорларга сифатли хизматлар кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрадилар.
(14-банд Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 январдаги ПҚ-19-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.01.2026 й., 07/26/19/0067-сон)
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
4-боб. Фавқулодда вазиятларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш
15. Фавқулодда вазиятлар хавфи пайдо бўлганда ўз вақтида ҳаракатланиш, тегишли ҳудудларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш ишларига тезкор раҳбарлик қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
мўлжалланаётган донорлар рўйхатларини аниқлаштириш;
шикастланганлар учун қон топшириш шохобчаларини аниқлаш ва ташкил этиш;
донор қонини тайёрлаш бўйича кўчма бригадалар ташкил этиш;
донор қонини тайёрлаш ва текшириш учун реактивлар ва ускуналар захирасини яратиш;
аҳоли ўртасида қон донорлиги бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш;
донорларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини ва донор қонини тайёрлашда санитария-эпидемиология назоратини таъминлаш.
16. Фавқулодда вазиятларда донор қони таркибий қисмларига ҳамда препаратларига бўлган эҳтиёж ушбу Низомга иловага мувофиқ, эҳтиёжнинг номенклатураси ва ҳисоби бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланади.
17. Фавқулодда ҳолатлар ва вазиятларда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қон хизмати нодавлат ташкилотлари захирасидаги қон плазмаси ва қон препаратлари давлат захирасига олиниши мумкин.
Бунда захирага олинган қон плазмаси ва қон препаратлари учун улгуржи референт нархлардан юқори бўлмаган миқдорида компенсация тўлаб берилади.
5-боб. Қон билан ишлаш хизматини молиялаштириш
18. Қон билан ишлаш хизматининг давлат ташкилотлари фаолияти белгиланган тартибда, Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига, нодавлат ташкилотлари фаолияти ўзларининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
6-боб. Якунловчи қоида
19. Ушбу Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.
Донор қони ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Фавқулодда вазиятларда донор қони таркибий қисмларига ҳамда препаратларига бўлган эҳтиёжнинг
НОМЕНКЛАТУРАСИ ВА ҲИСОБИ

Донор қони таркибий қисмлари ҳамда препаратлари номи

Ўлчов бирлиги

100 нафар жабрланганларни 5 кунлик даволаш учун эҳтиёж нормаси

Эритроцитар масса

литр

50,0

Янги музлатилган плазма

литр

100,0

Тромбоцитлар концентрати

доза

20

Альбумин 10%

литр

40,0

Антистафилокок иммуноглобулин

доза

15

Қоқшолга қарши иммуноглобулин

доза

50

Изоҳ. Жабрланганлар ҳолатининг оғирлик даражасидан келиб чиқиб эҳтиёж нормаси ўзгариши мумкин.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 апрелдаги 225-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2024 й., 09/24/225/0294-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 ноябрдаги 324-сон қарорига
2-ИЛОВА
Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ донор қонини, унинг таркибий қисмларини ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тизими уларнинг сақланишини таъминлаши керак.
3. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш:
даволаш-профилактика муассасаларида беморга қон қуйиш;
даволаш-профилактика муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш;
беморни бошқа даволаш-профилактика муассасасига йўналиш бўйича кузатиб бориш ҳолатларида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш фавқулодда вазиятларда, шошилинч инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш ва бошқа зарур ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.
(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 апрелдаги 225-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2024 й., 09/24/225/0294-сон)
II. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишни ташкил этиш
4. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишдан олдин улар визуал кўздан кечирилиши ва ҳужжатлаштирилиши лозим.
5. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш учун масъул бўлган шахс қон, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини юклаш, ташиш ва туширишда улар билан ишлаш қоидаларига ўқитилган бўлиши керак.
6. Донор қони ва унинг таркибий қисмларининг ҳар бир бирлигини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тўғрисидаги қарор фақат:
маҳсулот идентификациялангандан кейин;
донор қони намуналари гемотрансмиссив инфекциялар юзасидан текширилгандан кейин;
ташқи кўриниши, ўрамининг бутлиги ва маҳсулотни сақлаш шартлари тўғрисидаги рўйхатдан ўтказиш маълумотлари текширилгандан кейин қабул қилинади.
III. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишнинг умумий шартлари
7. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш фақат ташиш қоидаларига риоя этилиши учун жавоб берадиган соғлиқни сақлаш давлат тизимининг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ходими томонидан амалга оширилади.
8. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак:
совутиш ускуналари ва транспорт термоизоляция контейнерларининг мавжудлиги;
донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташишда уларнинг номи бўйича алоҳида сақланишини таъминлаш;
муайян ҳарорат режимини доимий равишда сақлаш.
9. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратлари жойланган термоизоляция контейнерлари ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишда зарблардан, буралишдан, силкинишдан, катаклар қисмлари — музлашдан сақланиши лозим.
10. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини термоизоляция контейнерларида ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш ҳар қандай транспорт воситасида амалга оширилиши мумкин.
11. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ярим соатдан кам вақтда ташиш етарли даражада изотермикликни таъминлайдиган ҳар қандай контейнерлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
12. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратлари пакетлари термоизоляция контейнерларида бир-бирига тегиб туришига йўл қўймаслик учун тик ҳолатда жойлаштирилади.
13. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини сақлаш ҳарорати изотермик контейнер ва совутгичда бир кеча-кундузда камида икки марта рўйхатдан ўтказилади.
14. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини олишда изотермик контейнер очилгандан кейин контейнер ичидаги ҳарорат дарҳол текширилиши, олиш санаси ва вақти рўйхатдан ўтказилиши керак.
IV. Якуний қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 48-сон, 572-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.08.2022 й., 07/22/348/0725-сон; 23.04.2024 й., 09/24/225/0294-сон; 23.01.2026 й., 07/26/19/0067-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)