toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АҲОЛИГА ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ ХИЗМАТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида» 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107-сон Фармонига мувофиқ республикада замонавий, юксак жаҳон талабларига жавоб берадиган ташҳис қўйиш ва даволаш тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган, юқори малакали врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланган шошилинч тиббий ёрдамнинг яхлит тизими яратилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда.
Аҳолига шошилинч тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва унинг сифатини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Аҳолига шошилинч тиббий ёрдам хизматини, айниқса республика минтақаларида янада ривожлантириш, тизимда ишлаётган кадрларни рағбатлантиришни кучайтириш, замонавий, юқори технологияли ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналаридан малакали фойдаланишни ва уларга сервис хизмати кўрсатишни таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ҳозирги босқичининг устувор вазифаси ҳисоблансин.
Аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришни амалий қўллаб-қувватлаш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳузурида бюджетдан ташқари Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.
Қуйидагилар:
давлат бюджети маблағлари, шу жумладан бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳисобига тежалган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг ҳомийлик маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин.
(1-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон)
2. Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасининг Ҳомийлик кенгаши 2-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.
* 2-илова берилмайди.
Ҳомийлик кенгашига қуйидаги вазифалар юклансин:
шошилинч тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш бўйича вазифаларни амалга оширишга бутун чоралар билан кўмаклашиш;
шошилинч тиббий ёрдам хизмати ходимларининг малакасини оширишга, хизматнинг тиббиёт муҳандис-техник ва ёрдамчи ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга кўмаклашиш;
шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор давлат ва жамоат тузилмаларини, халқаро ташкилотларнинг, мамлакатимиздаги ва хорижий инвесторларнинг кенг жалб этилишини таъминлаш;
шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш.
4. 2004 йил 1 январдан бошлаб шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг, шу жумладан муҳандис-техник ходимларининг лавозим маошлари Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси бўйича тариф разрядини ошириш ҳисобига 15 фоизга оширилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгилаб қўйилсинки, амалдаги қонунчиликда назарда тутилган икки ёки ундан кўп асослар бўйича маошларни ошириш ҳуқуқига эга бўлган бўлинмалар ва лавозимлар учун маошларни ошириш миқдори 30 фоиздан ошмаслиги керак.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2004 йил 1 январгача:
Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази ҳузурида юқори малакали муҳандис-мутахассислардан ноёб, юқори технологияли ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналарига сервис хизмати кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича 20 кишидан иборат кўчма хизмат ташкил этсин;
сервис хизмати кўрсатиш муҳандис-техник ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан юқори технологияли ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналарини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи хорижий фирмаларда бевосита тажриба орттириши бўйича тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;
Шошилинч тиббий ёрдам республика марказидаги, вилоятлар ва туманлар филиалларидаги ҳамда сервис хизмати кўрсатилиши ва таъмирланиши керак бўлган тиббий асбоб-ускуналар ва техникалар рўйхатини тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
юқори технологияли ташҳис қўйиш ва тиббиёт асбоб-ускуналарига сервис хизмати кўрсатиш учун масъул бўлган муҳандис-техник ходимлар лавозимлари рўйхатини;
шошилинч тиббий ёрдам хизмати ходимлари учун улар ишининг тезкорлик ва тиғизлик характерини ҳисобга олувчи штат нормативларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2004-2005 ўқув йилидан бошлаб:
тиббиёт олий ўқув юртларининг даволаш факультетлари талабаларининг, тиббиёт коллежлари ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув юртлари ўқувчиларининг ўқув дастурига шошилинч тиббий ёрдам масалаларини мажбурий равишда чуқур ўрганишни киритсин;
«Шошилинч тиббий ёрдам» ихтисоси бўйича магистратура очишни назарда тутсин;
«Шошилинч тиббиёт врачи» мутахассисига нисбатан малака тавсифномалари ва талабларини ишлаб чиқсин ва уни врачлик ихтисослари классификаторига киритсин;
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳузурида шошилинч тиббий ёрдам кафедрасини ташкил этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Шошилинч тиббий ёрдам республика марказига Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 2003 йилда 50.0 млн сўм ва 2004 йилда 150,0 млн сўм ажратсин, бу маблағларни бюджетдан ташқари Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига мақсадли ўтказсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси республика бюджети лойиҳасини тузишда шошилинч тиббий ёрдам хизмати учун асбоб-ускуналар, анжомлар, тиббиёт буюмлари, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материаллар харид қилиш харажатларининг алоҳида сатрда ажратиб кўрсатилишини назарда тутсин.
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда шошилинч тиббий ёрдам хизматининг вилоятлар, шаҳарлар ва туманлардаги бўлинмаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан, уларни замонавий, юқори технологияли тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, мамлакатимиздаги ва чет эллардаги етакчи клиникалар ҳамда тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчилар базасида тиббий ва муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 2 декабрь,
537-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
2 декабрдаги 537-сон қарорига
1-ИЛОВА
Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1. Бюджетдан ташқари Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази ҳузурида, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий, муҳандис-техник ва ёрдамчи ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ва улар меҳнатини рағбатлантириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасида ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
2. Қуйидагилар:
давлат бюджети маблағлари, шу жумладан бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳисобига тежалган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг ҳомийлик маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағлар Жамғармани шакллантириш манбалари ҳисобланади.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
3. Бюджетдан ташқари Шошилинч тиббий ёрдам хизматини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларини бошқаришни шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Ҳомийлик кенгаши амалга оширади.
4. Жамғарма маблағларидан:
Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) бўлинмаларининг, унинг вилоятлардаги филиалларининг, марказий туман шифохоналари ва марказий шаҳар шифохоналари ҳузуридаги бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда, уларни замонавий ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлашда;
юқори технологияли ташҳис қўйиш ва тиббиёт асбоб-ускуналарига сервис хизмати кўрсатиш ва уларни таъмирлаш кўчма хизматини ташкил этишда;
мамлакатимиздаги ва чет эллардаги етакчи тиббиёт марказларида ҳамда юқори технологияли ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналарини ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўқитишни молиявий қўллаб-қувватлаш йўли билан тиббиёт ходимлари ва муҳандис-техник ходимлар малакасини оширишда;
шошилинч тиббий ёрдам хизматининг тиббий, муҳандис-техник ва ёрдамчи ходимларини моддий қўллаб-қувватлашда ва улар меҳнатини рағбатлантиришда;
шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатишнинг устувор вазифалари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказишни рағбатлантиришда;
кадрлар потенциалини, аҳолига шошилинч тиббий ёрдам хизматида ишлайдиган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришда;
шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини яхшилашга йўналтирилган, Ҳомийлик кенгаши билан келишилган бошқа тадбирларда фойдаланилади.
5. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.
6. Фонд маблағларидан фойдаланиш даромадлар ва харажатларнинг ҳар йилги сметасини тузиш орқали амалга оширилади, ушбу смета Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази директорининг тақдимномасига кўра Ҳомийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказ директори қонунчиликда назарда тутилган тартибда Жамғарма фаолиятининг тезкор таҳлилини ва бухгалтерия ҳисобини, шунингдек ҳисобот маълумотлари ва баланс ҳисоб-китобларининг ишончлилигини таъминлайди.
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
7. Ҳомийлик кенгашини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланадиган раис бошқаради.
Жамғарманинг Ҳомийлик кенгаши:
Жамғармага юкланган вазифаларни амалга оширишга бутун чоралар билан кўмаклашади;
шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор давлат ва жамоат тузилмаларини, халқаро ташкилотларни, мамлакатимиздаги ва хорижий инвесторларни кенг жалб этишни таъминлайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарма фаолияти, унинг қонунчиликка ва ушбу Низомга мувофиқлиги устидан назоратни амалга оширади;
(7-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги сметасини тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;
ўз мажлисларида Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази директорининг Жамғарма ишларининг аҳволи ва унинг маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боради;
Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг йиллик молиявий ҳисоботини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни қонунчиликка мувофиқ ҳал қилади.
(7-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарманинг Ҳомийлик кенгаши Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази директорининг Жамғарманинг мақсади ва вазифаларига, амалдаги қонунчиликка зид бўлган қарорларини бажаришни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга.
(7-банднинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
8. Жамғарманинг Ҳомийлик кенгаши мажлислари мунтазам равишда, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Мажлис агар унда Жамғарма Ҳомийлик кенгаши аъзоларининг камида 2/3 қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича қарор Жамғарма Ҳомийлик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Ҳомийлик кенгаши мажлиси протоколи Ҳомийлик кенгаши раиси томонидан имзоланади.
9. Жамғарма маблағларининг жамғарилиши ва тасдиқланган смета доирасида сарфланиши масалалари бўйича тезкор, жорий бошқарув Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази директори томонидан амалга оширилади.
Марказ директори Жамғарма маблағларидан харажатларнинг тасдиқланган сметасига қатъий мувофиқ равишда мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун шахсан жавоб беради.
10. Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази директори қуйидагиларга мажбур:
Жамғарма Ҳомийлик кенгашининг кўриб чиқиши учун материалларни тайёрлашни таъминлаш;
Ҳомийлик кенгаши қарорларини Шошилинч тиббий ёрдам республика марказига, унинг филиаллари ва бўлимларига етказиш;
Ҳомийлик кенгаши қарорларини ўз вақтида бажариш, Жамғарманинг ажратилган маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш;
Ҳомийлик кенгаши мажлисларида кўриб чиқиш учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметалари лойиҳаларини тайёрлаш;
Ҳомийлик кенгаши мажлисларида Жамғарма ишларининг аҳволи ва маблағларининг ҳаракати тўғрисида ҳисобот бериш;
Ҳомийлик кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича йиллик ва чораклик молия ҳисоботларини тақдим этиш.
11. Шошилинч тиббий ёрдам республика маркази директори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ҳомийлик кенгашида кўриб чиқиш учун Жамғарма маблағларини сарфлаш йўналишлари бўйича таклифларни шакллантириш ва киритиш;
Ҳомийлик кенгаши қарорлари асосида шошилинч тиббий ёрдам хизматининг тиббий, муҳандис-техник ва ёрдамчи ходимлари иш ҳақини Жамғармада тўпланган маблағлар ҳисобига 100 фоизгача кўпайтириш.
12. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда Жамғарманинг Ҳомийлик кенгашида кўриб чиқилади ва Ҳомийлик кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 23-сон, 232-модда; 2005 й., 51-сон, 380-модда; 2009 й., 21-сон, 252-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон)