toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИКОҲЛАНУВЧИ ШАХСЛАРНИ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддасини бажариш юзасидан ҳамда соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2004 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан сифатли ўтказилишини таъминласин;
бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жамоат тузилмалари билан биргаликда никоҳ тузишгача тиббий кўрикдан ўтиш масалалари долзарб эканлигини ёшларнинг кенг қатламларига етказиш бўйича тизимли ишларни ташкил этсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича уларга маслаҳат бериш ва тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилиб, мавжуд муаммоларни таҳлил этиш, умумлаштириш Республика ва ҳудудий аҳоли репродуктив саломатлиги марказларининг (кейинги ўринларда — Марказлар) асосий вазифаларидан бири этиб белгилансин.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун Марказлар тузилмасига соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларининг амалдаги штатлари доирасида мутахассис штатлар (тиббий-генетик, психолог, IT-технологиялари бўйича мутахассис) киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Марказлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритсин.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.05.2021 й., 07/21/5124/0487-сон)
3. «Маҳалла» ва «Соғлом авлод учун» жамғармаларига Республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Маънавият ва маърифат» маркази ҳамда жамоат бирлашмалари билан биргаликда соғлом оилани шакллантириш, соғлом болалар туғилиши ва уларни тарбиялаш муаммолари бўйича оилалар, никоҳланувчи ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш тавсия этилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ФҲДЁ органлари билан тиббиёт муассасалари, хусусан кўп тармоқли марказий поликлиникалар, Марказлар ўртасида никоҳланувчиларнинг ягона автоматлаштирилган электрон базасини шакллантирсин.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.05.2021 й., 07/21/5124/0487-сон)
4. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, «Телерадио» компанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, республика оммавий ахборот воситалари никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш моҳиятини матбуотда, радио ва телевиденияда кенг тарғиб этилишини таъминласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, вазирликлар ва идоралар икки ҳафта муддатда идоравий норматив ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 50-сон, 566-модда)
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д.М. Ғуломова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 25 август,
365-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
25 августдаги 365-сон қарорига
1-ИЛОВА
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Мазкур Низомнинг амал қилиши никоҳланувчи шахсларнинг фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади, 50 ёшдан катта шахсларнинг никоҳини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно, ушбу шахслар тиббий кўрикдан фақат уларнинг розилигига кўра ўтказилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 апрелдаги 78-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 16-сон, 164-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Тиббий кўрик Оила кодексига мувофиқ амалга оширилади ва «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида», «Психиатрия ёрдами тўғрисида», «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида», «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, мазкур Низом ва бошқа қонунчилик билан тартибга солинади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Никоҳланувчи шахслар мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ ҳажмларда руҳий ҳолат бузилишлари, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС юзасидан тиббий кўрикдан ўтади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ органлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли тиббиёт муассасаларига (кейинги ўринларда матнда — тиббиёт муассасалари) юборилади.
Тиббий кўрикдан ўтказиш учун берилган йўлланмалар ФҲДЁ органларида никоҳ тузиш тўғрисидаги аризаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида қайд этилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 апрелдаги 78-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 16-сон, 164-модда)
6. Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги уларнинг яшаш жойидаги психиатр врачлар, наркологлар, тери-таносил касалликлари врачлари, фтизиатрлар (диспансер ва туман кабинетлари) томонидан тиббий кўрик ўтказиш учун асос ҳисобланадиган ФҲДЁ органлари томонидан берилган йўлланма бўйича бепул ўтказилади (мазкур Низомга 2-илова).
Олдинги таҳрирга қаранг.
Никоҳланувчи шахслар доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида бепул диспансеризациядан, яъни кардиолог, эндокринолог, ревматолог, уролог мутахассислари жалб қилинган ҳолда никоҳ олди тиббий кўрикдан ўтади ҳамда қўшимча УТТ, ЭКГ, умумий қон таҳлили, қондаги қанд миқдори аниқланади.
Никоҳланувчи шахслар учун тиббий кўрик жараёнида генетик текширувларга зарурат бўлганда, уларнинг ўзаро келишуви асосида ушбу текширувлар пуллик асосда амалга оширилиши мумкин.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.05.2021 й., 07/21/5124/0487-сон)
Тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахслар тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак.
7. Кўрикдан ўтаётган шахсга белгиланган шаклдаги алоҳида тиббиёт картаси юритилади, унда кўрикдан ўтаётганнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар ҳамда текшириш натижалари тўлиқ ҳажмда акс эттирилади.
8. Агар никоҳланувчи шахс ўз хизмати ёки иши турига кўра муайян тиббиёт муассасасига бириктирилган бўлса, у мазкур муассасада кўрикдан ўтказилади.
9. Озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахсларнинг тиббий кўриги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт муассасаларида ўтказилади.
10. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳланаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги натижалари тўғрисида тиббиёт муассасасининг хулосаси маълумотномада акс эттирилади. Маълумотнома тиббиёт муассасасининг муҳри ва раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади (мазкур Низомга 3-илова) ҳамда алоҳида дафтарда рўйхатдан ўтказилади, дафтар белгиланган муддат мобайнида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг архивида сақланади. Маълумотноманинг амал қилиш муддати — уч ой.
Тиббиёт муассасасининг масъул ходими тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича маълумотнома беришда никоҳланувчи шахсга аниқланган касалликларнинг никоҳ тузилгандан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатларини тушунтиради. Тиббий кўрикдан ўтган шахс ўтказилган тушунтириш тўғрисида Маълумотномаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарига имзо қўяди».
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 апрелдаги 78-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 16-сон, 164-модда)
II. Тиббий кўрикни ўтказиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Руҳий ҳолат бузилишлари (шизофрения, ақл заифлиги) мавжудлигини текшириш доимий ёки вақтинчалик яшаб турган жойидаги кўп тармоқли марказий поликлиникасининг (амбулатор хизмат кўрсатадиган психиатрия муассасаси) психиатр шифокори томонидан амалга оширилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
13. Туман психиатр врачи бўлмаган тақдирда психиатрик текшириш туманлараро ёки вилоят психоневрология диспансерининг психиатр врачлари томонидан амалга оширилади. Вилоят марказлари ва Тошкент шаҳри аҳолиси ҳудудий тегишлигига қараб вилоят ва шаҳар психоневрология диспансерларида психиатрик текширишдан ўтади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Агар никоҳланувчи шахслар Низомда кўрсатилган руҳий ҳолат бузилишлари бўйича ҳисобда турмаса ва унда руҳий бузилишлар аниқланмаса, уларга психиатр врачнинг имзоси қўйилган белгиланган намунадаги маълумотнома берилади. Маълумотнома тиббиёт муассасасининг муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланади.
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар никоҳланувчи шахслар руҳий ҳолат бузилиши бўйича диспансер ҳисобида турса, уларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади ва шифокор тузилаётган никоҳнинг эҳтимол тутилган тиббий-ижтимоий оқибатлари тўғрисида тушунтириш беради.
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Наркологик текшириш экстерриториал тамойил асосида кўп тармоқли марказий поликлиника нарколог шифокори томонидан ўтказилади.
Нарколог шифокор лавозими вакант бўлган тақдирда наркология диспансери ёки туман наркология кабинети шифокори томонидан ўтказилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
16. Наркологик ҳисобда турмаган ва текшириш даврида уларда психопатологик ўзгаришлар аниқланмаган никоҳланувчи шахсларга маълумотномада тегишли хулоса кўрсатилади.
17. Тиббий кўрик вақтида нарколог врач томонидан наркологик ташхис қўйилган тақдирда ёки никоҳланувчи ҳисобда турса, маълумотномада аниқланган ташхис кўрсатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Наркологик ҳисобда турмаган ва текшириш даврида уларда психофаол моддалар истеъмол қилинишидан далолат берувчи психосоматик белгилар аниқланган тақдирда никоҳланувчи шахслар биологик суюқликларда психофаол моддаларни аниқлаш бўйича лаборатория текширувидан ўтиш учун ҳудудий диспансерга юборилади.
Бунда кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг нарколог шифокори томонидан никоҳланувчи шахсларга психофаол моддаларни аниқлаш бўйича лаборатория текширувидан ўтиш учун электрон йўлланма шакллантирилади ва диспансерга юборилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
19. Захмга текшириш тери-таносил диспансерида ёки яшаш жойидаги поликлиникада тери-таносил врачи томонидан ўтказилади, ушбу врач текширувни умумий қабул қилинган методика бўйича амалга оширади.
20. Никоҳланувчи шахсларни захмга текшириш якунлангандан кейин текширилаётган шахснинг амбулатория картасида ва маълумотномада тегишли хулоса кўрсатилади.
21. Никоҳланувчи шахслар силга текширишдан ўтиш учун яшаш жойидаги поликлиника ички касалликлар врачига мурожаат қилади. Участка ички касалликлар врачи томонидан кўкрак қафасини флюоро текширишга йўлланма берилади.
22. Кўкрак қафаси флюорограммаларида патологик ўзгаришлар ва касалликнинг клиник намоён бўлиши мавжуд бўлмаган тақдирда ҳудудий поликлиника текширилаётган шахсларда сил касаллиги аниқланмаганлиги тўғрисида маълумотнома беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Текширилаётган шахсларда сил касаллиги ва флюорограммаларда патологик ўзгаришлар борлиги шубҳа қилинганда, уларга доимий ёки вақтинчалик яшаб турган жойидаги сил касаллигига қарши диспансерига йўлланма берилиши керак.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 августдаги 438-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон)
24. Сил касаллигидан шубҳаланиб поликлиникадан сил касаллигига қарши диспансерларга йўлланган шахслар участка фтизиатри томонидан текширилади. Зарурат бўлганда ушбу шахслар шунингдек ўпкадан бошқа ихтисосликдаги мутахассислар томонидан ҳам текширилиши керак.
Клиник текширувдан, поликлиникадаги текширишлар маълумотлари, флюорограммалар ўрганиб чиқилгандан кейин, шунингдек зарурат бўлганда қўшимча равишда ўтказиладиган рентгенологик, бактериологик текширишлар ва бошқа лаборатория текширишлари натижалари ўрганиб чиқилгандан сўнг фтизиатр томонидан текширилаётганда сил касаллиги борлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома расмийлаштирилади. Маълумотнома фтизиатр, бош врач томонидан имзоланади ва сил касаллигига қарши диспансернинг муҳри билан тасдиқланади.
25. Никоҳланувчи шахслар ОИВ/ОИТСга текширишдан ўтиш учун яшаш жойидаги яширин текшириш хонасига ёки ОИТС марказларига мурожаат қиладилар.
26. Яширин текшириш хонасида тестгача бўлган маслаҳат берилади ҳамда ОИВ/ОИТС касаллиги бўлиши эҳтимолини кўрсатувчи анамнестик маълумотлар ва клиник белгилар мавжуд бўлган тақдирда текширилаётган шахснинг қони туман ёки туманлараро ОИТС ташхис қўйиш лабораториясига юборилади.
27. Бирламчи иммунофермент текшириш ижобий натижа берган тақдирда, мижознинг қони зардоби вилоят лабораториясига юборилади, ижобий натижа тасдиқланган тақдирда қон зардоби иммуноблот усули билан узил-кесил натижа қўйилиши учун республика ОИТС марказига жўнатилади. ОИВ касаллиги ташхиси лаборатория текшируви ижобий эканлиги ва клиник маълумотлар асосида қўйилади.
III. Тиббий кўрикдан кейин ФҲДЁ органларида никоҳни қайд этиш тартиби
28. Никоҳни қайд этишда ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганликларига ва уларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлигига ишонч ҳосил қилиши керак.
Никоҳланувчи шахслар никоҳ қайд этилгунга қадар иккинчи томонни тиббий текшириш натижаларидан хабардор қилиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Тиббий кўрикдан ўтгандан кейин никоҳ тузилишига Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида назарда тутилган тўсиқ мавжуд бўлмаган тақдирда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳни қайд этиш белгиланган тартибда амалга оширилади.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 апрелдаги 78-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 16-сон, 164-модда)
30. Никоҳланувчи шахсларда текшириш натижасида дарҳол даволаш курсидан ўтишни талаб этувчи касалликлар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда тегишли даволаш муассасаларига йўналтирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Агар никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида уларнинг биттасида ёки ҳар иккаласида мазкур Низомга 1-иловада назарда тутилган касаллик, шунингдек, диспансеризация натижасида бошқа касалликлар аниқланган тақдирда, никоҳни қайд этиш томонларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлиги тасдиқланганидан кейин амалга оширилади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.05.2021 й., 07/21/5124/0487-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тиббий кўрик натижалари тиббиёт муассасалари томонидан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига реал вақт режимида киритилади.
Бунда соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан ОИВ/ОИТС, руҳий ҳолат бузилишлари, наркологик, таносил ва сил касалликлари бўйича тиббий кўрик натижалари «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига киритилади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
IV. Якуний қоидалар
32. Текширилаётган шахс яшаш жойидаги даволаш-маслаҳат комиссиясининг хулосасига рози бўлмаган тақдирда такрорий тиббий кўрик вилоят ва республика муассасаларида ўтказилади.
33. Никоҳни қайд этувчи шахслар тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги ахборотнинг махфийлиги учун жавоб берадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Кўрикни ўтказган врач қонунчиликда белгиланган тартибда кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавоб беради.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Никоҳланувчи шахсларни тиббий
кўрикдан ўтказиш
тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳажми
1. Руҳий касалликлар (шизофрения, эпилепсия, олигофрения) юзасидан текшириш:
анамнестик;
психопатологик;
соматоневрологик;
параклиник
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Наркологик касалликлар юзасидан текшириш:
Клиник ва соматоневрологик текширув;
Анамнестик ва психопатологик текширув;
психофаол моддаларни аниқлаш (психосоматик белгилар аниқланганда).
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
3. Захм юзасидан текшириш:
гениталий доирасида яра ёки эрозия мавжуд бўлганда ёки терининг бошқа жойларида захмдан шубҳаланадиган тошмалар мавжуд бўлганда материал тўплаш;
преципитация микрореакцияси усули билан захм юзасидан қонни текшириш;
қонни серологик текшириш.
4. Сил юзасидан текшириш:
анамнез;
кўкрак қафаси органларини текшириш;
кўкрак қафаси органларининг рентгеноскопияси (йирик кадрли флюорограмма);
кўкрак қафаси рентгенографияси;
балғамни, яранинг йирингини, бактероскопия усули билан сийдикни сил микробактериясига текшириш;
5. ОИВ/ОИТС юзасидан текшириш:
анамнез;
клиник текшириш;
бирламчи иммунофермент текшириш;
иммуноблот усули билан қонни текшириш.
Никоҳланувчи шахсларни
тиббий кўрикдан ўтказиш
тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
___________________________
‎Фуқаролик ҳолати далолатномаларини
ёзиш органи
‎Манзил‎ _____________________ ‎


‎‎‎Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун
‎Й Ў Л Л А Н М А

‎‎____________________________________________________________________________‎

‎(уй манзили)‎‎


‎‎‎____________________________________________________________________________

‎фуқаро_______________________________________________________________________

(Ф.И.О., туғилган йили)‎

‎‎даволаш-профилактика муассасасига тиббий кўрикдан ўтишга юборилмоқда.

ФҲДЁ бўлими мудири ‎_________________________________

__________
‎(Ф.И.О.)‎
М.Ў.‎


Сана‎
Никоҳланувчи шахсларни
тиббий кўрикдан ўтказиш
тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

Тиббиёт муассасаси номи,

манзил___________________

_________________________



‎Шахсларнинг никоҳга киришдан олдин тиббий кўрикдан
‎ўтганлиги тўғрисида

м а ъ л у м о т н о м а


‎психик (шизофрения, эпилепсия, олигофрения),

наркологик касалликлар, захм, сил ва ОИВ/ОИТС юзасидан

‎‎_____________________________________________________________________________

‎(уй манзили)‎‎

‎‎______________________________________________________________________________
фуқаро________________________________________________________________________

‎(Ф.И.О., туғилган йили)‎

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ текширилди.

‎Даволаш-профилактика ‎
‎муассасаси хулосаси:

_____________________________________________________________________________
‎_____________________________________________________________________________
‎‎

Бош врач ‎

________________________________
‎ (Ф.И.О.) ‎

М.Ў.‎


Сана‎
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 50-сон, 566-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 15-16-сон, 136-модда; 2007 й., 16-сон, 164-модда; 2016 й., 50-сон, 566-модда, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.05.2021 й., 07/21/5124/0487-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)