toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 27.05.2011
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДА НАЗОРАТ БЎЙИЧА МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 майдаги ПФ-4315-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган Фармонлари ва Фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида иловага* мувофиқ таркибда Назорат бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилсин.
* Илова келтирилмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 4 августдаги ПФ-2679-сон Фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Назорат бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг янги таркиби тасдиқланган.
2. Мувофиқлаштирувчи кенгаш:
Назорат бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган Фармонлари ва Фармойишларининг, Ҳукуматнинг энг муҳим қарорларининг бажарилишини йилнинг ҳар чорагида кўриб борсин;
йилнинг чорак якунлари бўйича «Давлат бошқаруви органларида ижро интизомининг аҳволи тўғрисида» махсус шарҳлар тайёрласин. Шарҳлар бўйича қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин ва улар барча манфаатдор Ҳукумат аъзоларига, вазирликлар ва идораларнинг, бошқа тегишли тузилмаларнинг раҳбарларига юборилсин.
3. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ўз фаолиятида Ҳукумат аъзолари, Марказий банк раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари бошчилик қилаётган Республика Ҳукумат комиссиялари ва кенгашлари ишига алоҳида эътиборни қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг назорат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Назорат бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.
5. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А. Алимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 17 февраль,
ПФ-2546-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 2-3-сон, 91-модда)