toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 30.05.2006
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ОЗИҚ-ОВҚАТ САНОАТИНИНГ «ЎЗОЗИҚОВҚАТСАНОАТ» ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК КОНЦЕРНИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 30 майдаги ПФ-3755-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озиқ-овқат саноатининг «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концернини қайта ташкил этиш тўғрисида» 1994 йил 26 сентябрдаги ПФ-945-сонли Фармонини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва аҳолига сотишни кўпайтириш, ўзимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат моллари билан истеъмол бозорини тўлдириш, озиқ-овқат саноати корхоналари ва ташкилотларининг ишлаб чиқариш-хўжалик соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш асосида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концернини қайта ташкил этиш ва унинг негизида юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган қуйидаги мустақил хўжалик тузилмаларини ташкил қилиш тўғрисида озиқ-овқат саноати корхоналари ва ташкилотлари жамоаларининг таклифлари қабул қилинсин:
ёғ-мой ва тамаки саноати корхоналарининг «Ёғмойтамакисаноат» уюшмаси;
кондитер, чой ва пиво-спиртсиз ичимликлар саноати корхоналарининг «Озиқовқатсаноат» уюшмаси.
2. Ўзбекистон «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концерни тизимига кирган давлат корхоналари ва ташкилотлари очиқ типдаги акционерлик жамиятларига айлантирилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, «Ёғмойтамакисаноат» уюшмаси мой ва тамаки хом ашёсини харид-қилиш, ўсимлик ёғи, маргарин маҳсулоти, совун ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи корхоналар ҳамда ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиради;
«Озиқовқатсаноат» уюшмаси эса кондитер маҳсулотлари чой, пиво, спиртсиз ичимликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда сотиш билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиради.
4. Уюшмалар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:
«Ёғмойтамакисаноат» уюшмаси зиммасига
интеграциянинг бозор шаклларини ривожлантириш, рақобатга бардошли маҳсулотни ўзлаштиришга кўмаклашиш, ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтириш, ёғ-мой маҳсулотининг экологик жиҳатдан соф ва сифатли турларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида қўшма корхоналар барпо этиш;
замонавий техника, технология ва илғор тажрибани жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш технологик жараёнининг барча босқичларида чиқиндисиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва нобудгарчиликнинг олдини олиш;
уюшма таъсисчиларига маркетинг хизматини таъминлаш, турдош корхоналар билан тижорат қоидаларига асосланган бевосита кооперация алоқалари ўрнатиш ва шу асосда маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотишни кўпайтириш;
«Озиқовқатсаноат» уюшмаси зиммасига
четдан келтириладиган хом ашё ва моддий-техника ресурсларини улгуржи харид қилиш ва уюшма қатнашчиларига сотиш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва импорт маҳсулотлар ўрнига ўзимизда шундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
фаолият кўрсатишнинг бозор шароитларида уюшма корхоналари ва ташкилотларига ишни ташкил этишда, уларни мулкчиликнинг хусусий ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига айлантиришда кўмаклашиш;
озиқ-овқат хом ашёси ва маҳсулоти ташқи бозоридаги ўзгаришларни ўрганиш, фирма савдосини ривожлантириш, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва бундай алоқаларни кенгайтиришга, қўшма корхоналар ва ишлаб чиқаришларни ташкил этишга доир тадбирларни амалга ошириш.
5. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга оид ташкилий тадбирларни кўзда тутувчи қарор қабул қилсин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 сентябрдаги 482-сон «Ёғмойтамакисаноат» ёғ-мой ва тамаки саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида»ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 сентябрдаги 483-сон «Озиқовқатсаноат» қандолатчилик, чой ва пиво-алкоголсиз ичимликлар саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида» қарорларига қаранг.
6. «Озиқ-овқат саноатининг «Ўзозиқовқатсаноат» концернини Ўзбекистон озиқ-овқат саноатининг «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концернига айлантириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 майдаги 602-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 26 сентябрь,
ПФ-945-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 10-сон, 268-модда)