УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ҲАҚИНИ ТЎЛАШ БЎЙИЧА КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛ ТЎЛОВЛАРИНИНГ МЕХАНИЗМИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 30 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2175]
LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 12 январдаги 319-сонли ««Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2175-9, 19.01.2026 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
I. Имтиёзли шахслар тоифаси ва компенсация пул тўловлари миқдорлари
1. Қуйидагилар энг кам иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари (кейинги ўринларда — компенсация деб юритилади) олувчилари ҳисобланади:
а) ўзгалар қарамоғига муҳтож бўлган ёлғиз пенсионерлар, шу жумладан ногиронлар ҳам;
б) 1941 — 1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши ногиронлари, қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1941 — 1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ва вафот этган ногиронларининг хотинлари. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонунини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида»ги 249-сон қарорига 2 ва 3-сон иловалар билан белгиланган;
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларига боқувчисини йўқотган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзолари киритилади.
Компенсация пул тўловлари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оила аъзоларига улар оладиган пенсия туридан ва оила аъзолари биргаликда ёки алоҳида яшашларидан қатъи назар, тўланади;
в) биринчи ва (ёки) иккинчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахслар;
г) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва Шуҳрат орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар, шахсий пенсионерлар;
2. Энг кам иш ҳақининг 18 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари деб 1941 — 1945 йиллар иккинчи жаҳон уруши давридаги меҳнат фронти қатнашчилари ҳисобланади.
II. Компенсация пул тўловларини тўлаш тартиби ва муддатлари
3. Компенсациялар ҳар ойда корхона штатида турган ҳар бир ходимга (шу жумладан ишловчи пенсионерларга) иш жойида, ишламайдиган пенсионерларга ва нафақа оладиган болаликдан ногиронларга ҳамда нафақа оладиган пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган, меҳнатга қобилиятсиз кекса фуқароларга — пенсия (нафақа) олиш жойида тўланади.
4. Иш ҳақи туман коэффициентларини ҳисобга олиб шакллантириладиган туманлар ва жойларда ишловчилар учун компенсация ушбу коэффициентларни ҳисобга олмасдан тўланади.
5. Ишламайдиган пенсионерларга компенсация пенсия ҳужжатларида мавжуд ҳужжатлар асосида, яъни қўшимча аризаларсиз тўланади.
Зарурат туғилганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими пенсионернинг компенсация олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган қўшимча ҳужжатлар талаб қилишга ҳақлидир.
7. Бир неча асосга кўра компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга уларнинг танлаши бўйича энг кўп миқдордаги битта компенсация тўланади.
8. Меҳнат таътилида, таълим олиш муносабати билан таътилда, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлиш вақти учун, шунингдек вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, бола икки ёшга етишига қадар уни парвариш қилиш бўйича ходимлар таътилда бўлган давр учун ҳам компенсациялар тўланади.
9. Олувчига тегишли бўлган ва унинг вафот этиши муносабати билан тўлиқ олинмай қолган компенсация суммаси у вафот этган кунда бирга яшаган оила аъзоларига тўланади. Мазкур ҳолда компенсация вафот этган кунига қадар тўланади.
10. Ишдан бўшаш ҳолатида ходим бўшаётган ой учун компенсация иш жойида тўланади.
11. Компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган, пенсия тайинланиши учун биринчи марта мурожаат қилган шахсларга компенсация пенсия тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади.
13. Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича қонун ҳужжатларига кўра алоҳида тоифадаги фуқароларга бериладиган имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда кўрсатилган тўловлар бўйича харажатларни молиялаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари орқали амалга оширилади.
14. Компенсацияларни тайинлаш ва тўлаш устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бош назорат-тафтиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширади.