toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ФУҚАРОЛАРНИНГ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда пенсия таъминоти тизимининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш, пенсиялар, компенсация ва бошқа тўловларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ўз вақтида молиялаштириш ҳамда уларни тўлиқ ҳажмда тўлаш, шунингдек, республика фуқароларининг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгилаб қўйилсинки, 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсиялар, шунингдек, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаштириш, уларнинг тўланишини ҳисобга олиш ва ўрганиш Пенсия жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
2. Қуйидагилар белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларнинг пенсия таъминоти масалаларининг бутун комплекси учун масъул бўлган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимига кирувчи функциялар ҳамда тегишли тузилмаларни топшириш ҳисобига ташкил этилади;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмаларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг топшириладиган тузилмалари штат сони ўрта ҳисобда 20 фоиз қисқаради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси зиммасига қўшимча равишда қуйидаги асосий вазифалар ва функциялар юклансин:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил қилиш, фуқароларга пенсиялар, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлаш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пенсиялар ҳамда бошқа тўловларнинг миқдорлари қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
пенсиялар ҳамда бошқа тўловларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ва тўланишини ташкил қилиш, улар бўйича ҳисоб ва ҳисоботни юритиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
пенсиялар тайинланиши ва қайта ҳисоблаб чиқилишини тизимли асосда доимий таҳлил қилиш ва ўрганиш олиб бориш, фуқароларнинг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан қатъиян мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
меҳнат майиблиги ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик бўйича тайинланган пенсияларни тўлашга маблағларни даъволар бўйича айбдор юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишни ташкил қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 октябрдаги ПФ-5216-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2017 й., 06/17/5216/0187-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги зиммасига:
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатларининг мутаносиблигини таъминлаш;
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни, хусусан, пенсиялар ҳамда бошқа тегишли тўловларни тайинлаш ва тўлашда ўрнатилган қоидаларни қўлланиш қисмида уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш юзасидан қўшимча вазифалар юклансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПФ-5298-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тақдим этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 30 декабрь,
ПФ-4161-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 559-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2017 й., 06/17/5216/0187-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)