toggle_night_mode
Ҳужжат 29.11.2023 01 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
АРХИВ ИШИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 3 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2010 йил 7 майда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади архив иши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Архив иши тўғрисидаги қонунчилик
Архив иши тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 мартдаги 174-сонли «Архив иши ва иш юритиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг архив иши тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
алоҳида қимматли ҳужжат — ўчмас тарихий-маданий ва илмий қимматга, жамият ҳамда давлат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланган архив ҳужжати;
архив — архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
архив иши — архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолият;
архив фонди — юридик ёки жисмоний шахслар фаолияти натижасида яратилган, тарихий ёки мантиқий жиҳатдан ўзаро алоқадор архив ҳужжатлари мажмуи;
архив ҳужжатлари — фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамияти боис сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек бошқа моддий жисмлардаги ёзувлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
архив ҳужжатларини депозитар сақлаш — архив ҳужжатларини уларнинг мулкдори (эгаси) билан архив, музей, ахборот-кутубхона муассасаси ўртасидаги келишувда (шартномада) белгиланадиган муддатлар ва шартлар асосида мулкдорнинг (эгасининг) архив ҳужжатларига бўлган мулк ҳуқуқини (эгалик ҳуқуқини) сақлаб қолган ҳолда сақлаш;
(3-модданинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
идоравий архив — юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
иш юритиш — юридик шахснинг ҳужжатлаштириш ва расмий ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш бўйича фаолиятини таъминлаб берувчи жараён;
Миллий архив фонди — Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларининг тарихан таркиб топган ва доимо бойитиб бориладиган мажмуи;
Миллий архив фондининг давлат каталоги — архив ҳужжатлари Миллий архив фондининг таркибига киритилган архив фондларининг ҳажми ва таркиби тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати;
ноёб ҳужжат — ўзида мавжуд бўлган ахборот ва (ёки) ташқи белгилари бўйича ўхшаши йўқ, йўқотилган тақдирда ўзининг аҳамияти ва (ёки) асл қўлёзмалиги нуқтаи назаридан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган алоҳида қимматли ҳужжат;
суғурта нусха — алоҳида қимматли ҳужжат ёки ноёб ҳужжатнинг бошқа моддий жисмдаги, асл нусхада мавжуд бўлган ахборотни ўқиш ёки кўриш (эшитиш) имконини берувчи кўчирма нусхаси;
шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар — ходимнинг иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларини акс эттирувчи архив ҳужжатлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Архив ҳужжатларига бўлган мулк шакллари
Архив ҳужжатлари хусусий ҳамда оммавий мулк шаклларида бўлиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 16-боби («Хусусий мулк»), 17-боби («Оммавий мулк») ва Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги қонуни.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида турган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларига топширилган архив ҳужжатлари давлат мулки ҳисобланади ҳамда мазкур ҳужжатлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин эмас.
(4-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари, шу жумладан шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар давлат мулки бўлиб қолади ва белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари уларнинг хусусий мулкидир.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 16-боби («Хусусий мулк») ва Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги қонуни.
Вафот этган фуқароларнинг Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган шахсий архив ҳужжатлари, васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлар бўлмаганда, шунингдек архив ҳужжатларининг мулкдорини аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, давлат мулкига ўтади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг V бўлими («Ворислик ҳуқуқи»).
5-модда. Қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари тегишли давлат архивлари билан келишилган ҳолда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ворисларига топширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 49 ва 50-моддалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли давлат ёки нодавлат архивларига топширилиши керак.
(5-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси.
2-боб. Архив иши соҳасидаги давлат бошқаруви
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг архив иши соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир давлат дастурларини тасдиқлайди;
архив иши ва иш юритишнинг ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;
архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом.
Миллий архив фонди тўғрисидаги ва Миллий архив фондининг давлат каталоги тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида»ги низом.
архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш тартибини белгилайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини доимий (муддатсиз) сақлашни амалга оширадиган вазирликлар ва идораларнинг рўйхатини тасдиқлайди;
(6-модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида»ги низомга илова (Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари рўйхати).
архив ҳужжатларининг махфийлик тоифаларини, шунингдек давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловларни белгилайди;
архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида»ги низом.
архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқариш намунавий нормаларини белгилайди;
Кейинги таҳрирга қаранг.
архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуни.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлигининг архив иши соҳасидаги ваколатлари
(7-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги (бундан буён матнда «Ўзархив» агентлиги деб юритилади):
(7-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
архив иши ва иш юритишнинг ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;
Миллий архив фондининг давлат каталогини юритади;
архив ҳужжатларини белгиланган тартибда Миллий архив фонди таркибига киритади ҳамда унинг таркибидан чиқаради;
ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди;
архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар сирасига киритиш тартибини, шунингдек суғурта нусхаларни тайёрлаш ва сақлаш тартибини белгилайди;
архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартларини белгилайди;
давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқишга рухсат беради;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-модда биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 январдаги ЎРҚ-512-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 03/19/512/2435-сон)
архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзархив» агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 февралдаги 72-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги тўғрисида низом».
8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг архив иши соҳасидаги ваколатлари
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган давлат архивлари ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг сақланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитларни таъминлайди;
Миллий архив фонди таркибига киритилган, тегишли ҳудудда жойлашган архивлар ва идоравий архивларда турган архив ҳужжатларининг ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тегишли ҳудуддаги давлат архивларини молиялаштириш миқдорини ўз ваколатлари доирасида белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Миллий архив фонди
9-модда. Миллий архив фондининг таркиби
Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари Ўзбекистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир.
Миллий архив фонди Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмидан ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборатдир.
Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласига ушбу Қонунда белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолдагина йўл қўйилади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида»ги низом.
10-модда. Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш
Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди Давлат каталоги тўғрисидаги низом.
Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари мулкдорига мазкур ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома белгиланган тартибда берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби».
11-модда. Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш
Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди Давлат каталоги тўғрисидаги низом.
12-модда. Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш
Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш «Ўзархив» агентлиги томонидан амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг Давлат каталоги тўғрисида низомнинг IV бўлими («Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг Давлат каталогини юритиш тартиби»).
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркиби
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига, кимнинг эгалигида турганлигидан қатъи назар, доимий (муддатсиз) сақланиши лозим бўлган, давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари киради.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида»ги низомнинг 2 банди.
14-модда. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркиби
Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига доимий (муддатсиз) сақланиши лозим бўлган, нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари киради.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида»ги низомнинг 19 банди.
15-модда. Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласи хусусиятлари
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш мумкин эмас. Мазкур ҳужжатлар йўқолган ёки емирилган ҳолларда улар Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибидан чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари «Ўзархив» агентлиги олдиндан ёзма шаклда хабардор қилинган ҳолда тасарруфдан чиқарилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин.
(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 январдаги ЎРҚ-512-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 03/19/512/2435-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрда 482-сонли тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида»ги низом ва «Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш» Тартиби.
4-боб. Архивларни ташкил этиш
16-модда. Архивларни ташкил этиш шартлари
Архивларни ташкил этиш учун архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш талабларига жавоб берадиган моддий-техник база, шу жумладан бино (хоналар), зарур жиҳозлар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситалар бўлиши шарт.
Архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқариш намунавий нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Махфий архивлар ташкил этилишига йўл қўйилмайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 14 ва 15 бандлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Архивларнинг турлари ва тоифалари
Архивлар давлат ва нодавлат архивлари турларида ташкил этилиши мумкин.
Давлат архивлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:
миллий архивлар;
марказий давлат архивлари;
вилоят ва туман (шаҳар) давлат архивлари;
тармоқ давлат архивлари.
(17-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
18-модда. Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(18-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида»ги низом.
19-модда. Идоравий архивларни ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда идоравий архивларни ташкил этиши мумкин.
(19-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш
20-модда. Архив ҳужжатларини жамлаш
Архив ҳужжатларини жамлаш архивлар, идоравий архивлар ва жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини архив ҳужжатлари билан тўлдиришни ўз ичига олади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий архивлар, марказий, вилоят, туман (шаҳар) давлат архивлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан олинган ёки уларга нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар топширган архив ҳужжатлари билан жамланади.
(20-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тармоқ давлат архивлари тегишли вазирликнинг ёки идоранинг фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари билан жамланади.
(20-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
Нодавлат архивлар қонунчиликда белгиланган тартибда жамланади.
(20-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонунига асосан учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартиби «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат архивлар ва жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари билан жамланишига йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари сотилаётганда давлат архивлари имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни жамлаши шарт.
Архив ҳужжатларини жамлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг III бўлими (Архивларни архив ҳужжатлари билан жамлаш).
21-модда. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси
Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси сақлаш учун танлаб олиш мақсадида ҳужжатлар ёки архив ҳужжатларининг қимматлилигини белгилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади.
Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Архив ҳужжатларини ҳисобга олиш
Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш қуйидагиларни ўз ичига олади:
архивлар ва идоравий архивларда ҳисобга олиш ҳужжатларини тузиш;
архивлар ва идоравий архивларда йиғма ҳужжатларни тузиш ва уларни «Ўзархив» агентлигига тақдим этиш;
Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш.
Архивлар ва идоравий архивлардаги ҳисобга олиш ҳужжатларига қуйидагилар киради:
ҳужжатларнинг келиб тушиш китоби;
архив фондларининг рўйхати;
архив фонди варағи;
архив рўйхати;
архив фонди йиғмажилди.
Архив ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг IV бўлими (Архив ҳужжатлари ҳисоби).
Жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини ҳисобга олиш улар томонидан мустақил амалга оширилади.
23-модда. Архив ҳужжатларини сақлаш
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатларини, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини сақлаш улар томонидан мустақил амалга оширилади.
Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари доимий (муддатсиз) сақланиши лозим ва уларни йўқ қилиб ташлаш тақиқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини доимий (муддатсиз) сақлаш давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларида, шунингдек рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган вазирликлар ва идораларда амалга оширилади.
(23-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини вазирликлар ва идораларда доимий (муддатсиз) сақлаш «Ўзархив» агентлиги билан келишилган идоравий норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
(23-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш ушбу Қонуннинг 24-моддасида белгиланган муддатлар мобайнида амалга оширилади.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари архивлар ва идоравий архивларда, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари таркибида сақланиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари архивлар, музейлар ва ахборот-кутубхона муассасаларига депозитар сақлаш учун топширилиши мумкин.
(23-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни сақлаши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Архив ҳужжатларини сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-боби.
24-модда. Архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлашнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек республика бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари — ўн беш йил мобайнида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари, вилоят бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари — ўн йил мобайнида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
туман ва шаҳар бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари — беш йил мобайнида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
устав фондида давлат улуши бўлган, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, бошқа ташкилотларнинг архив ҳужжатлари — ўн йил мобайнида;
илмий, технологик, конструкторлик ва патент ҳужжатлари — йигирма йил мобайнида;
капитал қурилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари — йигирма беш йил мобайнида;
телеметрик ҳужжатлар — беш йил мобайнида;
овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари — тайёрланган вақтидан бошлаб уч йилдан ошмаган муддат мобайнида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
машинада ўқиладиган ҳужжатлар — беш йил мобайнида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач улар белгиланган тартибда давлат архивларига электрон кўчирма нусхалари билан бирга, алоҳида қимматга эга бўлган ва ноёб ҳужжатлар учун эса суғурта нусхалари билан бирга топширилади.
(24-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар қонунчиликда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, суд ишлари ва хўжалик китоблари идоравий архивларда етмиш беш йил мобайнида сақланиши лозим.
(24-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, суд ишлари ва хўжалик китобларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач улар белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш
Архивлар ва идоравий архивларда архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг зиммасига юклатилади.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминламаётган мулкдорлар суд қарорига биноан мазкур ҳужжатларга бўлган мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин, шундан сўнг бу ҳужжатлар сақлаш учун тегишли давлат архивига топширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат архивларининг бинолари мазкур архивларни архив ҳужжатларини сақлашни ва улардан фойдаланишни ташкил этиш талабларига жавоб берадиган бинолар билан таъминламасдан туриб бошқа шахсга ўтказилмаслиги лозим.
(25-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши шарт.
Жисмоний шахслар ўз шахсий архив ҳужжатларининг бут сақланишини мустақил равишда таъминлайди.
Алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатларнинг суғурта нусхалари яратилади.
Архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар сирасига киритиш тартиби, шунингдек суғурта нусхаларни тайёрлаш ва сақлаш тартиби «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Архив ҳужжатларидан фойдаланиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Архив ҳужжатларидан фойдаланиш хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим мақсадида ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мақсадларда амалга оширилади.
(26-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Архив ҳужжатларидан фойдаланувчилар:
архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартибига риоя қилиши;
архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаши;
архив ҳужжатларига етказилган шикастлар ёки архив ҳужжатларидаги етишмовчиликлар аниқланганлиги тўғрисида тезкор равишда архив ва идоравий архив ходимларига хабар бериши;
архив ҳужжатларидан олинган маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки сохталаштиришга йўл қўймаслиги шарт.
Архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-боби.
27-модда. Архив ҳужжатларини кириб кўриш
Архивлар ва идоравий архивлардаги архив ҳужжатларини кириб кўриш фойдаланувчига илмий-маълумотнома аппаратини, шунингдек тегишли архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини тақдим этиш орқали таъминланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Архивлар ва идоравий архивлардаги архив ҳужжатларини, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатларини кириб кўриш уларнинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
(27-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёки уларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи маълумотларни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловлар архив ҳужжатлари тайёрланган вақтдан эътиборан етмиш беш йил муддатга белгиланади. Ушбу муддатдан олдин мазкур ҳужжатларни кириб кўришга фуқаронинг ўзи томонидан, унинг вафотидан сўнг эса шу фуқаронинг меросхўрлари томонидан рухсат берилиши мумкин.
Архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартлари «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Архив ҳужжатларининг махфийлик тоифалари, шунингдек давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган архив ҳужжатларини кириб кўришга доир чекловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом.
28-модда. Архивлар ва идоравий архивлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар
Архивлар ва идоравий архивлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда хизматлар кўрсатади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган архив маълумотномаларини, шунингдек тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига архив маълумотномаларини ва архив ҳужжатининг кўчирма нусхасини бериш бепул амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29-модда. Архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш
Давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга йўл қўйилмайди, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқишга «Ўзархив» агентлигининг рухсати билан қонунчиликда белгиланган тартибда йўл қўйилади.
(29-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Хусусий мулк бўлган, Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилмаган архив ҳужжатлари ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхалари Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқилиши мумкин. Бу ҳолда олиб чиқилиши билдирилган архив ҳужжатлари «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланган тартибда ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасидан ўтказилиши лозим.
Қонуний асосларда қўлга киритилган ва (ёки) олинган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасига олиб киришга рухсат берилади.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган «Архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш ва архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тартиби тўғрисида»ги низом.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Якунловчи қоидалар
30-модда. Архивларни молиялаштириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат архивларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат архивларининг пулли хизматлар кўрсатишдан ва молиялаштиришнинг бошқа манбаларидан олинадиган маблағлари қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.
Нодавлат архивларини молиялаштириш уларнинг мулкдорлари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
(30-модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
31-модда. Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
Олдинги таҳрирга қаранг.
Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
(31-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
32-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Архив иши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(32-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
33-модда. Архив иши тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Архив иши тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(33-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2154-моддаси.
34-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Архивлар тўғрисида»ги 768-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 120-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Архивлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 769-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 121-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 621-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 5, 90-модда) XIX бўлими.
Олдинги таҳрирга қаранг.
35-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(35-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2010 йил 16 июндаги 119 (5034) - сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 15 июнь,
ЎРҚ-252-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 192-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон, 09.01.2019 й., 03/19/512/2435-сон; 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон; 07.02.2025 й., 03/25/1025/0116-сон; 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон; 14.08.2026 й., 03/26/1164/0838-сон)