1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.19.00.00 Банк тизими / 07.19.01.00 Марказий банк, унинг таркибий бўлинмалари ва муассасалари;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.06 Депозит сертификати]
[ТСЗ:
1.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар;
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ ДЕПОЗИТ СЕРТИФИКАТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 23 сентябрда 1858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 19 июндаги 11-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3520, 19.06.2024 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор кучга киритилган кундан эътиборан қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан (1998 йил 26 декабрдаги 24/12-сонли баёни) 1998 йил 26 декабрда 434-сон билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатларини чиқариш тўғрисида»ги низом (1999 йил 9 февраль, рўйхат рақами 624);
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2001 йил 4 августдаги 434-1-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатларини чиқариш тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори (2001 йил 27 август, рўйхат рақами 624-1 — Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2001 йил, 16-сон).
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 14 август,
17/3-сон
Марказий банк Бошқарувининг 2008 йил 14 августдаги 17/3-сонли қарори билан ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатлари тўғрисида
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2015 йил 28 декабрдаги 35/8-сонли қарори (рўйхат рақами 1858-1, 12.01.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 2-сон, 15-модда)
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан кейинги ўринларда Марказий банк деб юритилади) депозит сертификатлари пул массасини тартибга солиш мақсадида чиқарилади.
2. Марказий банкнинг депозит сертификати (бундан кейинги ўринларда Депозит сертификати деб юритилади) — Марказий банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (Депозит сертификати сақловчининг) омонат суммасини ҳамда Депозит сертификатида шартлашилган фоизларни белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз.
3. Марказий банк ўз номидан ва ўз ҳисобидан Депозит сертификатларини чиқаради, жойлаштиради ва ҳақини тўлашни амалга оширади.
4. Бир дона Депозит сертификатининг номинал баҳоси 1 000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади.
Депозит сертификатини олиш учун омонатлар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида қўйилади.
5. Депозит сертификатлари бир йилгача муомалада бўлган муддатга чиқарилади.
6. Депозит сертификатлари эгалари Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган тижорат банклари ва бошқа юридик шахслар бўлиши мумкин.
7. Депозит сертификатлари ҳужжатсиз шаклда чиқарилади. Депозит сертификати товарлар олди-сотдиси ёки кўрсатилган хизматлар (ишлар) учун амалга оширилганда ҳисоб-китоб ёки тўлов воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
8. Депозит сертификатларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳисоби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ёки инвестиция воситачиларида юритилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
9. Депозит сертификати бошқа шахсга ўтказилиши мумкин. Депозит сертификатлари бўйича ҳуқуқлардан воз кечиш шартнома билан расмийлаштирилади.
II. Депозит сертификатларини чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлиш шартлари
10. Депозит сертификатларини чиқариш шартлари ва параметрлари Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланади.
11. Депозит сертификатларига бўлган ҳуқуқ эгалик қилувчининг депо ҳисобварағи бўйича тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган ва пул маблағлари Марказий банк ҳисобварағига келиб тушган пайтдан эътиборан вужудга келади.
12. Депозит сертификати эгаси уни муддатидан олдин ҳақини тўлашга тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда Депозит сертификатини чиқариш шартлари ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, Депозит сертификати бўйича фоизлар талаб қилиб олингунча депозитлар учун белгиланган шартларда тўланади.
13. Агар, Депозит сертификати бўйича омонатни олиш муддати унинг сақловчиси томонидан ўтказиб юборилса, бундай Депозит сертификати талаб қилиб олинадиган ҳужжат ҳисобланади ва Марказий банк Депозит сертификати эгасининг биринчи талаби бўйича омонат суммаси ва фоизларни тўлаш мажбуриятини олади. Бунда ўтказиб юборилган муддат учун, агар Депозит сертификатини чиқариш шартлари ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фоизлар талаб қилиб олингунча депозитлар учун белгиланган шартларда ҳисобланади.
III. Депозит сертификатларини ҳақини тўлаш тартиби
14. Депозит сертификатининг ҳақини тўлаш муддати келганда мазкур Депозит сертификатига эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжат (депо ҳисобварағидан кўчирма) ҳамда Депозит сертификати суммаси ва у бўйича фоизларнинг ўтказилиши лозим бўлган ҳисобварақ кўрсатилган талабнома тақдим этилганда Марказий банк тўловни амалга оширади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2015 йил 28 декабрдаги 35/8-сонли қарори (рўйхат рақами 1858-1, 12.01.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 2-сон, 15-модда)
15. Муддатидан олдин Депозит сертификатнинг ҳақи тўланаётганда пул маблағлари муддатидан олдин Депозит сертификатининг ҳақини тўлаш тўғрисидаги ариза тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида Депозит сертификати эгасининг ҳисобварағига ўтказилади.
IV. Бухгалтерия ҳисоби
16. Депозит сертификатлари билан операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби Марказий банкда 22100 — «Олинган кредит, заём ва векселлар» баланс ҳисобварағида амалга оширилади. Депозит сертификатларининг аналитик ҳисоби уларнинг турлари ва чиқарилишлари бўйича алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади.
V. Якуний қоидалар
17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази билан келишилган.
Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази Бош директори К. ТОЛИПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 14 август,
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 39-сон, 397-модда; 2016 й., 2-сон, 15-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)