Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими муассасаларини молиялаштириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида» 2007 йил 26 февралдаги ПФ-3857-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сонли қарорига мувофиқ, шунингдек бюджет маблағларидан фойдаланишда таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг барча умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари)га белгиланган тартибда юридик шахс мақомини бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари)нинг амалдаги намунавий штатига, ўқувчиларнинг сонига қараб, иловага мувофиқ, нормативлар бўйича бухгалтер лавозимини киритсин ва 2007 йилда уларни малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин.
3. Умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари) раҳбарлари ва бухгалтерлари зиммасига тегишли молия ташкилотларининг халқ таълими муассасаларини молиялаш бўлимлари билан биргаликда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш юклатилсин:
педагог ходимлар тарификациясини ҳисобга олган ҳолда умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари) штат жадвали ва харажатлар сметасини тузиш ва уларни молия органларида рўйхатга олиш;
белгиланган тартибда рўйхатга олинган харажатлар сметасини товарлар ва хизматлар етказиб бериш бўйича шартномаларни фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигининг ҳудудий органлари орқали тузишни ҳисобга олган ҳолда бажариш;
тўловлар, ойлик маошни белгилаш ва тўлаш, нафақа ҳамда унга тенглаштирилган бошқа тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек халқ таълими муассасаларида моддий бойликларнинг ҳисоб-китобини олиб бориш;
амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган штатлар, смета ва молия интизомига қатъий риоя қилишни таъминлаш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
юридик шахс мақомига эга халқ таълими муассасаси, шу жумладан умумтаълим мактаблари Директорлар фондининг бюджет маблағларининг бош бошқарувчиси мазкур муассаса раҳбари ҳисобланади;
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, молия органлари ва халқ таълими ҳудудий бўлинмалари:
икки ой муддатда умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари) штат жадвали ва харажатлар сметасини мазкур қарор қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминласин;
2007 йилнинг 15 июнидан кечиктирмай юридик шахс мақомига эга барча умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари) томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг мутасадди ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисобрақамларнинг очилишини якунласин.
6. Қуйидаги тартиб белгилансин, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг туман (шаҳар) молия органлари ва бўлинмалари юридик шахс мақомига эга умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлари)ни молиялаштириш йилида молиялаштиришга йўналтирилган давлат ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан ҳар чоракда назоратни амалга оширишлари шарт.
7. Белгилансинки, умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлар)га бухгалтерлар лавозимларини киритиш ва моддий-масъул шахслар (кассирлар) учун белгиланган устама ҳақлар билан боғлиқ харажатлар 2007 йилги Давлат бюджетининг «Таълим» бўлими бўйича тасдиқланган харажатлар доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.