Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 12 майдаги ПҚ-178-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 21 июль,
396-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 396-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек, Қўмита раиси ва унинг ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.
2. Қўмита озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи алоҳида мустақил мақомга эга республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
3. Қўмита ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси (Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалаларига масъул ўринбосари)га ҳисобот беради.
4. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
5. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
6. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
7. Қўмитанинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси;
қисқартирилган номи — Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Комитет по безопасности пищевой продукции Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Комитет пищевой безопасности;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Food Safety Committee of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Food Safety Committee.
8. Қўмита жойлашган жой (почта манзили): 100100, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур 1-тор кўчаси, 17-уй.
2-боб. Қўмитанинг тузилмаси
9. Қўмита тузилмасига қуйидагилар киради:
Қўмитанинг марказий аппарати;
Қорақалпоғистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, туман (шаҳар) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги инспекциялари;
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги институти;
Озиқ-овқат маҳсулотлари, ветеринария ҳамда фитосанитария лабораториялари мажмуаси ва унинг ҳудудий филиаллари;
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича мутахассислар малакасини ошириш институти;
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази;
Ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ҳамда мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти;
Агрокимё ва тупроқ таҳлили маркази ва унинг минтақавий филиаллари;
Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария дори воситалари таҳлил маркази;
Чегара озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати инспекцияси;
Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати ва унинг вилоят бўлинмалари;
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиаллари;
Ветеринария илмий-тадқиқот институти;
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, унинг филиаллари ҳамда академик лицейи;
Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари дирекцияси.
3-боб. Қўмитанинг вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш;
республика ҳудудидаги ўсимликлар ва ҳайвонлар касалликларининг ҳамда зараркунандаларининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, уларга қарши курашишнинг самарали усулларини белгилаш ва амалга ошириш ҳамда ижросини назорат қилиш;
«даладан дастурхонгача» тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида хавф таҳлилига асосланган давлат назоратини амалга ошириш;
озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ касалликларнинг сабабларини таҳлил қилиш, жамоат саломатлиги ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илмий ютуқлар, илғор илмий ишланмалар ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланишни таъминлаш.
11. Қўмита ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш соҳасида:
қонунчилик ҳужжатлари, миллий стандартлар, қоидалар ва нормалар, мақбул ишлаб чиқариш амалиётлари (Good Practices), шунингдек, улардан фойдаланиш қўлланмаларини халқаро талабларга мувофиқ ҳолда ишлаб чиқади ва уларнинг амалиётга жорий этилишини таъминлайди;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларидаги ягона давлат сиёсатининг устувор ҳамда стратегик йўналишларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳалари бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлайди;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларидаги лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга оширади ҳамда давлат хизматларини кўрсатади;
минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда қўлланадиган кимёвий воситалар билан улгуржи ва чакана савдо қилиш фаолияти учун лицензия беради;
озиқ-овқат бизнеси операторлари, янги турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёлаштириш воситалари, озиқ-овқат қўшимчалари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказади ва уларнинг реестрини юритади;
ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тажриба сифатида қўллашга рухсатнома беради;
ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ва муомаласи юзасидан давлат назоратини амалга оширади;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида озиқ-овқат маҳсулотларининг хавф даражасини (юқори, ўрта ва паст) баҳолаш, таснифлаш ҳамда мазкур хавф даражаларига мувофиқ давлат назорати бўйича чоралар кўриб боради;
хатар омиллари аниқланганда, хавфларни баҳолаш асосида озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ва (ёки) импортини чекловчи вақтинча чораларни қўллайди ҳамда хавфли деб топилган маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш чораларини кўради;
қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиб боради;
коррупция ва бошқа жиноятларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради, шунингдек, тегишли идораларга мурожаат қилиб боради;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларидаги фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро шартномаларнинг ўз фаолияти соҳаларига тааллуқли қисмининг ижросини таъминлаб боради;
озиқ-овқат бизнеси операторлари фаолияти, халқаро амалиётларни қўллаш тажрибасига асосланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш услубиётини ишлаб чиқади;
санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, ветеринария, ветеринария-санитария қоидаларини, фитосанитария талабларига риоя этилиши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказади ва қонун бузилишлари юзасидан жавобгарлик чораларини қўллайди;
озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиб боради;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида лабораториялар фаолиятини йўлга қўяди, бунда хусусий сектор иштирокини кенгайтириб боради;
Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган ва республика ҳудудида ишлаб чиқариладиган биологик фаол қўшимчалар муомаласини тартибга солади ва назорат қилади;
наслчилик маҳсулотини (материалини) етиштириш ва унинг технологик жараёнларини мувофиқлаштирилиши устидан назоратни амалга оширади;
ветеринария ва наслчилик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиб боради;
чорвачиликда наслчилик ишларининг ҳисоби юритилиши устидан назоратни амалга оширади;
ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ва муомаласи юзасидан давлат назоратини амалга оширади;
ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;
б) республика ҳудудидаги ўсимликлар ва ҳайвонлар касалликларининг ҳамда зараркунандаларининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, уларга қарши курашишнинг самарали усулларини белгилаш ҳамда ижросини назорат қилиш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси (кейинги ўринларда — Давлат чегараси) ва ўтказиш пунктларида карантин остидаги маҳсулотлар ва ветеринария назорати остидаги товарларни текширувдан ўтказади;
Давлат чегараси ва ўтказиш пунктларида ўсимликлар карантини ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
Давлат чегараси орқали кириб келаётган автотранспорт воситаларига ветеринария-санитария, фитосанитария жиҳатидан ишлов беришни, шунингдек, Давлат чегарасида ва ўтказиш пунктларида ветеринария, ветеринария-санитария ва фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бошқа тадбирларни амалга оширади;
тегишли давлат органлари билан биргаликда мамлакатда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ва хавфли оммавий заҳарланиш (касалланиш) ҳолатларига сабаб бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини муомаладан чиқаради, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги нуқтаи назаридан юзага келган инқирозли вазиятни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриб боради;
минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб кириш учун рухсатнома беради;
Давлат чегарасини кесиб ўтишда импорт қилинаётган озиқ-овқат ва озуқа маҳсулотларининг генетик модификацияга учраганлиги, шу жумладан, генетик модификация қилинган организмлар ва озуқа маҳсулотларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ текширади;
минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда қўлланадиган кимёвий воситаларни республика ҳудудига олиб киришда кўрикдан ўтказади;
келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ҳамда хомашё, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штаммлари, озуқалар ҳамда озуқабоп қўшимчалар ва озиқ-овқат маҳсулотларини Давлат чегараси орқали олиб ўтишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг фитосанитария ва ветеринария талабларига мос келмайдиган ҳолатларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чораларни кўради ҳамда бу ҳақида тегишли хорижий давлатларнинг ваколатли органларини хабардор қилади;
карантин рухсатномалари, фитосанитария ва ветеринария сертификатлари, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария назорати билан боғлиқ ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштиради;
ўсимликларнинг зарарли организмлари ва ҳайвонлар касалликларининг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
эпизоотик ва фитосанитар ҳолатни мониторинг, таҳлил ва прогноз қилиб боради;
ўсимликларнинг зарарли организмлари ва ҳайвонлар касалликларига қарши курашишнинг илмий асосланган, шу жумладан, уйғунлашган самарали усулларини ишлаб чиқади ва жорий қилади;
ўсимликлар зарарли организмлари бўйича фитосанитария хавф таҳлилини амалга ошириш ҳамда хавфларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
ўсимликлар зарарли организмларидан холи ҳудудларни аниқлаш ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, зарарли организмларга қарши курашиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
ўсимликлар ва ҳайвонлар касалликларига қарши профилактика, карантин ва фавқулодда чора-тадбирларни, шу жумладан, карантин жорий этиш, дезинфекция ва бошқа махсус тадбирларни амалга ошириб боради;
қишлоқ хўжалигига етказиб берилаётган кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари сифатини назорат қилиб боради;
касалликлар юзага келганда, уларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
эпизоотик вазиятни барқарорлаштириш, касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб боради;
чорвачилик тармоқларида ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш ишларини амалга оширади;
ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича профилактика, диагностика ва даволаш чора-тадбирларини амалга оширади;
ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ветеринария дори воситалари ва зарур моддий-техник ресурслар захирасини шакллантириб боради;
в) «даладан-дастурхонгача» тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида хавф таҳлилига асосланган давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:
озиқ-овқат бизнеси операторлари томонидан хавф-хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари (HACCP) тамойилларига риоя этилишини назорат қилиб боради;
озиқ-овқат маҳсулотлари устидан бозор назоратини амалга оширади, истеъмолчиларни хавфсизлиги кафолатланмаган ва қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилади;
озиқ-овқат маҳсулотларининг хавф даражасига қараб озиқ-овқат бизнеси операторларини (юқори, ўрта, паст) тоифаларга ажратади ва хавфга асосланган назорат тартибларига мувофиқ текширади;
озиқ-овқат маҳсулотларининг маркировка қилиниши ва қадоқланиши, озуқавий қиймати ва аллергенлар тўғрисидаги маълумотлар тўғрилиги, шунингдек, қалбаки маҳсулотлар бўйича назоратни амалга оширади;
озиқ-овқат маҳсулотларида ифлослантирувчилар (пестицидлар, ветеринария дори воситалари қолдиқлари ва бошқалар) ва касаллик қўзғатувчиларнинг мавжудлигини мониторинг қилиб боради;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлик талабларига жавоб бермаган ёки истеъмолчиларни чалғитиши мумкин бўлган ҳолларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чоралар кўради;
оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалланиш ҳолатларида (тиббиёт муассасалари маълумотлари, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ва бошқа ҳолатлар асосида) текширув ўтказади, зарурат бўлганда шартнома асосида қўшимча мутахассисларни жалб қилиб боради;
озиқ-овқат занжири иштирокчилари маҳсулотларининг кузатувчанлиги (traceability) бўйича ҳужжатларни, шунингдек, уларнинг кузатувчанлик тизими ва тартибларини ишлаб чиқади;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича талабларни, ифлослантирувчи моддаларнинг, шу жумладан, пестицидлар, биологик ва кимёвий омиллар, озуқа қўшимчалари ва ветеринария дори воситаларининг қолдиқ миқдорларининг рухсат этилган энг юқори даражаларини белгилаб боради;
ихтисослашган сўйиш корхоналари ҳамда ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи субъектлар фаолиятининг ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги тўғрисида ветеринария-санитария хулосасини беради ҳамда улар томонидан ветеринария тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
қоидабузилишларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади ва (ёки) чеклов чораларини қўллаш ҳамда улар бажарилмаган тақдирда, судга мурожаат қилади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва (ёки) хавфли бўлган озиқ-овқат ва озуқа маҳсулотларини, шунингдек, улар билан алоқадор материал ва маҳсулотларни бозордан қайтариб олиш, муомаладан чиқариш утилизация қилиш ва йўқ қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи кимёвий моддаларни уларнинг ўрнини босувчи моддалар билан халқаро талабларга мувофиқ босқичма-босқич алмаштириш чора-тадбирларини амалга оширади;
қишлоқ хўжалигида тупроқнинг агрокимёвий ҳолатини мониторинг қилиб боради;
агрокимёвий таҳлил тизимини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
тупроқ агрокимёвий таҳлилларини ўтказади ва қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган барча турдаги минерал ва микробиологик ўғитлар сифатини назорат қилади;
тупроқ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги пестицид, нитрат ва оғир металл тузлари қолдиқларини дала шароитида радиологик-токсикологик таҳлиллардан ўтказади;
ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари ҳамда минерал ва микробиологик ўғитларнинг биологик самарадорлиги бўйича синовларни ташкил қилади ва рўйхатдан ўтказади;
қишлоқ хўжалигида кимёлаштириш воситалари ва биологик воситалардан фойдаланиш соҳасида норматив, регламент ва стандартлар ишлаб чиқади;
дала четларида ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида маҳсулотлар етиштириш, қишлоқ хўжалиги субъектларига уруғ ва кўчатлар етказиб беришни ташкил қилади;
кимёлаштириш воситалари ва биологик воситалар реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
г) озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ касалликларнинг сабабларини таҳлил қилиш, жамоат саломатлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш соҳасида:
озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқадиган касалликларни эрта аниқлаш ва хавфларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади;
озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқадиган касалликлар ҳолатларини рўйхатга олиш учун электрон маълумотлар базасини яратади ва юритади;
озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқадиган касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;
хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича истеъмолчиларни огоҳлантириш, уларни муомаладан чиқариш ҳамда бошқа тезкор чора-тадбирларни амалга оширади ва мувофиқлаштириб боради;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эълон қилинган инқирозли вазиятни бошқариш бўйича тегишли давлат органлари (муассасалари) иштирокида режа ишлаб чиқиш, профилактика, чеклаш ва тақиқлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги хавфлари бўйича эрта огоҳлантириш тизимларини яратади;
таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тизимини тартибга солади, болаларнинг уюшган гуруҳларини овқатлантиришни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича истеъмолчиларнинг манфаатлари бузилишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва озуқа билан боғлиқ инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита ёки билвосита хавфлар тўғрисида тезкор огоҳлантириш тизимини яратади;
хавфни бошқариш учун зарур бўлган, илмий асосланган чора-тадбирларни амалга оширади ва мувофиқлаштириб боради;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва озуқа билан боғлиқ жиддий хавф тўғрисида маълумот келиб тушган тақдирда, тезкор огоҳлантириш тизими орқали тегишли давлат органларини зудлик билан хабардор қилади;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича халқаро органлар тармоғи (INFOSAN), Алиментариус кодексининг эрта огоҳлантириш тизими ва бошқа халқаро тармоқлар орқали тарқатилаётган хавфли маҳсулотлар тўғрисидаги ахборот ва огоҳлантириш хабарларини таҳлил қилади ҳамда тегишли чораларни кўриб боради;
тезкор огоҳлантириш тизими ахборотининг ишончлилиги, долзарблиги ва шаффофлигини таъминлаш, манфаатдор томонлар ўртасида ахборот алмашишнинг ягона тартибини белгилайди;
д) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илмий ютуқлар, илғор илмий ишланмалар ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланишни таъминлаш соҳасида:
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолиятни ривожлантириб боради;
мамлакатнинг санитария ва фитосанитария чоралари бўйича Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларни хабардор қилади ва уларнинг асосланган сўровларига жавоб бериш тартиб-таомилларини жорий этади;
озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида фундаментал, амалий ва илмий тадқиқотлар ўтказади;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, ветеринария, ветеринария-санитария қоидаларини, фитосанитария талаблари ва чоралари бўйича кадрлар малакасини оширади;
маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида ноу-хау, янгиликлар ҳамда инновацияларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳасида ахборот алмашади, халқаро ҳамкорликни амалга оширади ва тегишли халқаро шартномаларни бажаришда иштирок этади;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, ветеринария тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
Алиментариус кодекси, Жаҳон ҳайвонлар соғлигини муҳофаза қилиш ташкилоти ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси халқаро конвенциясида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаб боради;
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик қилади;
трансчегаравий хавфлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, зоонозлар, ўсимлик зараркунандалари ва бошқалар) бўйича ахборот алмашинувини таъминлайди;
халқаро техник кўмак, грантлар ва инвестиция лойиҳаларини жалб қилиб боради ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради;
илмий ва амалий тадқиқотларни ташкил этади ҳамда соҳада меъёрий ва услубий ҳужжатларни ишлаб чиқади;
таълим, фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот натижаларини ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий қилади;
маҳаллий ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиради, илғор тажрибаларни жорий қилади ҳамда соҳадаги экспертларни жалб қилиб боради;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида илмий-услубий қўлланмалар, услубий тавсиялар ва таҳлилий материаллар ишлаб чиқади ва жорий қилади;
соҳадаги илмий тадқиқотлар натижаларини оммалаштиради ва мутахассислар ўртасида илмий ҳамкорликни таъминлайди;
озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида таҳлилий маълумотлар ва миллий маърузалар тайёрлайди;
ўсимликлар ва ҳайвонлар соғломлигини таъминлайди, зарарли организмлар ва касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган илмий дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширади;
хавфга асосланган текширувларни ўтказиш бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат инспекторлари учун қўлланмалар ва услубий тавсиялар ишлаб чиқади;
озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича дуал таълим дастурларини жорий этади ва тренинглар ўтказади;
озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида рақамли технологияларни кенг жорий этади.
Қўмита қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириб боради.
4-боб. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан Қўмита ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўладиган маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;
Қўмита ваколатига тегишли масалалар бўйича зарур статистика маълумотларини давлат статистика органларидан бепул олиш;
белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш, қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма ва огоҳлантиришлар бериш, ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий баённомалар тузиш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган чораларни қўллаш;
озиқ-овқат ва озуқа маҳсулотлари хавфсизлик талабларига жавоб бермаган ҳолларда уларни қайтариб олиш, муомаладан чиқариш, утилизация қилиш ва йўқ қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Қўмитага юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича малакали халқаро ва маҳаллий экспертлар, мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария хизматлари кўрсатиш тартибини, улар бўйича хизматлар турлари ва тарифларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларга озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳасида аниқланган қоидабузарликлар ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш;
Қўмита ва тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўриш;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида мавжуд муаммолар ҳамда истиқболлар бўйича жамоатчилик ва илмий-техник кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялари ҳамда бошқа коллегиал-маслаҳат органларини ташкил этиш;
Қўмита ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаштириш, олий таълим ташкилотлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этиш;
Қўмита ваколатига кирувчи жорий ва стратегик вазифаларни ёритиш учун белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
озиқ-овқат занжири иштирокчиларидан маҳсулотларнинг кузатувчанлиги (traceability) бўйича ҳужжатларни, шунингдек, уларнинг кузатувчанлик тизими ва тартиблари тўғрисидаги маълумотларни талаб қилиш;
Қўмитанинг электрон тизими ва базаларини тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилиш;
ўқув ва илмий-инновацион фаолиятида намуна кўрсатган ўқувчилар, талабалар, таянч докторант ва докторантлар учун Қўмита стипендиясини таъсис этиш.
Қўмита қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13. Қўмита:
юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали амалга оширилиши;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларини ўз вақтида бажарилиши учун жавоб беради.
5-боб. Қўмита фаолиятини ташкил қилиш
14. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган раис раҳбарлик қилади.
15. Қўмита раисининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган беш нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.
Қўмита раиси бўлмаган даврда, раис вазифасини унинг биринчи ўринбосари бажаради.
Қўмита раиси ва раиснинг биринчи ўринбосари бўлмаган даврда, раис вазифасини Қўмита раиси ўринбосари бажаради.
16. Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича тегишли равишда вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
17. Қуйидагилар:
Қўмита раисининг маслаҳатчилари белгиланган тартибда Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
ҳудудий бошқармалар бошлиқлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
18. Қўмита раиси Қўмита тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотларнинг раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
19. Қўмита раиси Қўмита марказий аппаратининг бошқармалари ва бўлимлари, бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотларнинг уставларини белгиланган тартибда тасдиқлайди.
6-боб. Қўмита раҳбарияти, марказий аппарати, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқармаларининг асосий функционал вазифалари
20. Қуйидагилар Қўмита раисининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;
Қўмитанинг фаолиятини умумий бошқаришни амалга ошириш ва раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича танқидий ва чуқур таҳлилларни ўтказиш;
Қўмита, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар, олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, тегишли республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан Қўмита фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларнинг кўриб чиқилишида иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари (маслаҳатчилари) топшириқларини бажариш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ўз фаолияти тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот бериш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг амалий тизимини яратиш, Қўмита фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қарорларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий ва ҳудудий бошқармалар, тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
Қўмитага қонунчилик ҳужжатлари билан юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил қилиш;
Қўмита тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатлари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;
ўз ваколати доирасида Қўмита тизими ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
Қўмита марказий аппаратининг харажатлар сметаси ва штат жадвалини белгиланган тартибда тасдиқлаш;
Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва тизимидаги ташкилотлар тузилмасига штат бирликлари доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва тизимидаги ташкилотлар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Қўмита ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.
Қўмита раиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
21. Қуйидагилар Қўмита раиси ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Қўмита раисига ўз фаолияти тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот бериш;
Қўмита фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишларини янада такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириқлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва танқидий, чуқур таҳлил қилиб бориш;
Қўмита раиси муайян сабабларга кўра (хизмат сафари, меҳнат таътили, бетоблиги даврида) йўқлигида унинг вазифаларини бажариш;
Қўмитанинг ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат ва бевосита раҳбарлик қилиш, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
мутасаддилигидаги таркибий тузилмалар бўлинма раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш ва белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;
Қўмита раисининг қонунчилик доирасидаги буйруқ ҳамда топшириқлари ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш;
Қўмитага киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;
кадрларни белгиланган тартибда танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Қўмита раисига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, мутасаддилиги бўйича таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўриш;
Қўмита ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва коррупцияга қарши курашишга доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунига риоя қилиш ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларни мувофиқлаштириш;
Қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чоралар кўриш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш ва структуравий ўзгартиришларга доир таклифларни ишлаб чиқиб, кўриб чиқиш учун Қўмита раисига киритиш;
озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳасидаги норматив базанинг тизимли асосда қайта кўриб чиқилишини ташкил этиш;
хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳасини ривожлантириш ҳамда тартибга солиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;
давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиш;
озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳасида давлат сиёсати бўйича таклифлар тайёрлаш.
22. Қўмита марказий аппарати, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқармаларининг асосий функционал вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларининг бажарилишини таъминлаш, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таркибий ва ҳудудий бошқармалар ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чоралар кўриш ҳамда топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;
Қўмита раҳбариятининг топшириқлари тўлиқ бажарилишини назорат қилиш ва таъминлаш;
Қўмита фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришилишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
таркибий бўлинма тўғрисидаги низом доирасида аниқ йўналишлардаги вазифаларнинг юқори сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;
тизим ташкилотлари ходимлари фаолиятининг самарадорлигини мунтазам равишда таҳлил қилиш.
Қўмита марказий аппарати, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқармалари бошқа функционал вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
7-боб. Қўмита раҳбарларининг жавобгарлиги
23. Қўмита раиси:
Қўмитага юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун;
Қўмитанинг ушбу Низомда назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича ҳамда Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
24. Қўмита раиси ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган йўналиш ва таркибий бўлинмаларда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
8-боб. Қўмитанинг ҳайъати, бошқа коллегиал-маслаҳат органлари
25. Қўмитада Қўмита раиси (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек, Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи ҳайъат тузилади.
Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби белгиланган тартибда Қўмита раисининг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
26. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:
Қўмитага юкланган вазифаларни амалга оширишнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
Қўмита фаолияти билан боғлиқ долзарб масалаларнинг жойларда муҳокама этилишини таъминлаган ҳолда Ҳайъатнинг кенгайтирилган мажлисларини ўтказиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни ўз ваколатлари доирасида бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни қабул қилиш;
Қўмита таркибига кирувчи лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш.
Ҳайъат, шунингдек, Қўмита ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.
27. Қўмита раиси қарори билан қуйидагилар:
Ҳайъат иш режалари ва белгиланган вазифаларни бажариш муддатлари;
таклифлар ташаббуси билан чиқиш, лойиҳаларни бошлаш ва ҳисобот бериш тартиблари;
Ҳайъатнинг фаолиятини самарали таъминлаш учун Қўмита масъул таркибий бўлинмаларининг вазифалари тасдиқланиши мумкин.
28. Ҳайъат йиғилишига Қўмита ваколатига тегишли масалалар юзасидан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва эксперт мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
29. Ҳайъат мажлиси аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Ҳайъат қарорлари оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
30. Ҳайъат раиси ва унинг аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Ҳайъат раиси ушбу келишмовчиликлар хусусида, Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот бериб, мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига билдиришлари мумкин.
31. Ҳайъат ўз фаолияти учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни сўраб олишга ҳақли.
32. Ҳайъат қарорлари Ҳайъат раиси томонидан имзоланади ва Қўмита раиси буйруғи (қарори) билан амалга оширилади.
9-боб. Қўмита фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини баҳолаш
33. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳоланади.
34. Қўмита самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.
35. Қўмита фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш натижаларига кўра қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
Қўмита раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;
Қўмита фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
10-боб. Қўмита фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминоти, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
36. Қўмита фаолиятини молиялаштириш манбаларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Қўмита ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
37. Қўмита марказий аппаратига 7 та бириктирилган (хорижий маслаҳатчиларга бириктирилганларни ҳисобга олмаган ҳолда), 2 та махсус (1 та йўлтанламас, 1 та меҳмонларни кутиб олиш учун), 2 та навбатчи автотранспорт воситаси ва 1 та микроавтобус, 1 та юк машинаси лимити ажратилиши назарда тутилади.
Бунда Қўмитага тегишли хизмат автотранспорт воситаларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган йиллик километр масофа лимити татбиқ этилмайди.
38. Қўмита фаолиятини моддий-техник таъминлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
39. Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари (илмий ва таълим муассасаларидан ташқари) ходимларига тўланадиган иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ойлик иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча ҳақ, устамалар ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.
40. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:
а) Қўмитанинг марказий аппарати ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,8 бараварга оширилган миқдорда қўлланади;
б) ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотлари (илмий ва таълим муассасаларидан ташқари) ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,4 бараварга оширилган миқдорда қўлланади;
в) Қўмита марказий аппаратининг барча ходимларига кўп йиллик хизматлари учун (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда) ҳар ойлик устама қуйидагича тўланади:
1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан ортиқ — 1,5;
г) ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотларининг (илмий ва таълим муассасаларидан ташқари) барча ходимларига кўп йиллик хизматлари учун (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда) ҳар ойлик устама қуйидагича тўланади:
1 йилдан 3 йилгача — 0,2;
3 йилдан 5 йилгача — 0,4;
5 йилдан 10 йилгача — 0,6;
10 йилдан 15 йилгача — 0,8;
15 йилдан 20 йилгача — 1;
20 йилдан ортиқ — 1,2.
Кўп йиллик ишлаганлик учун ойлик устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган тартибга кўра ҳисобланади.
41. Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:
Қўмитанинг марказий аппарати малакали, ташаббускор ходимларига лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 300 фоизгача шахсий устамалар;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари учун (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) Қўмита марказий аппарати ходимларига лавозим маошининг икки бараваригача миқдорида пул мукофоти;
Қўмита марказий аппарати ходимларига йилига бир марта, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам;
овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача ҳар ойлик компенсация тўлови;
йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача ҳар ойлик компенсация тўлови (хизмат автотранспорт воситалари билан таъминланган ёки шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланганлик учун компенсация тўловларини оладиган ходимлар бундан мустасно) тўланади.
42. Қўмитанинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари ва бошқа муҳим саналарда мукофотлаш, шунингдек, устама, рағбатлантириш ва қўшимча ҳақ, мукофотлар, иш ҳақига бошқа тўловлар ва Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра бошқа тўловлар ҳамда уларнинг миқдори Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган тартибга асосан амалга оширилади.
43. Шахсий устамалар, мукофотлар ва моддий рағбатлантириш миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва қўшимча ҳақлар, шунингдек, бюджетдан молиялаштириладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчилари лавозим маошларига 40 (20) фоизлик қўшимча (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилади.
44. Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларини моддий рағбатлантириш мезонлари назорат тадбирлари, жарималар, берилган лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ёки пулли хизматлар сони ва ҳажмига боғланмайди.
45. Рағбатлантириш мезонлари хавфларни камайтириш, текширувлар сифатини ошириш, тадбиркорлар мурожаатларини белгиланган муддатларда ҳал қилиш, рақамлаштириш, шаффофлик, коррупцияга оид хавфларни камайтириш ва халқаро стандартларга мувофиқлик кўрсаткичларига асосланади.
11-боб. Якунловчи қоидалар
46. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
47. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 396-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Қўмита ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади ҳамда унинг маблағлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
озиқ-овқат бизнеси операторлари, янги турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишдан тушадиган маблағларнинг 100 фоизи;
Чегара озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати инспекцияси хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг 100 фоизи;
Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария дори воситалари таҳлил марказининг хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг республика бюджети ҳамда тегишли хизмат кўрсатувчи ташкилотларга йўналтириладиган қисми чегирилгандан кейин қоладиган маблағларнинг 80 фоизи;
озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш ҳамда махсус экспертиза ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимнинг (тўловнинг), агар у Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилганда — 81,5 фоизи, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилганда эса — 78,25 фоизи;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларидаги барча лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишда ундириладиган йиғимлар ва тўловлар;
транспорт бирлигини очиш ва карантин кўриги далолатномаси расмийлаштирилишидан олинадиган тўловларнинг 100 фоизи;
халқаро, ички ва реэкспорт фитосанитария сертификатлари расмийлаштирилишидан олинадиган тўловларнинг 100 фоизи;
фитосанитария зарарсизлантириш ишларини ўтказиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун олинадиган тўловларнинг 100 фоизи;
Қўмита таркибига кирувчи ташкилотларнинг бюджетдан ташқари тушумларининг Қўмита раиси томонидан белгиланган миқдордаги ажратмалари;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ёки тақиқланмаган бошқа манбалар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун йўналтирилади:
Қўмитага юкланган вазифаларни бажариш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш;
Қўмита ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
Жамғармага тушадиган тушумларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида Қўмита марказий аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
Қўмитанинг ҳудудий бўлинма ходимларини иш фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига асосан рағбатлантириш ва устама харажатлари, шунингдек, мукофотлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга маблағ ажратилиши мумкин;
Қўмита ва унинг тизимидаги ташкилотлар ҳамда ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарлари харажатларини қоплаш учун бюджетдан ажратилган маблағлар етарли бўлмаганда, хизмат сафари харажатларини молиялаштириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий муассасалар ва таълим ташкилотлари малакали мутахассисларини, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва мустақил халқаро экспертларни консультант сифатида жалб этиш ва уларга шартнома асосида хизмат ҳақини тўлаш;
шартнома асосида жалб қилинган малакали хорижий мутахассисларнинг тўловларини чет эл валютаси эквивалентида тўлаш;
соҳага оид маҳаллий ва халқаро тадбирларда иштирок этиш ҳамда бундай тадбирларни республикада ташкил этиш;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадларда.
5. Жамғарма маблағларини бошқариш ва тақсимлаш Қўмита раиси, шунингдек, у ваколат берган раис ўринбосарларидан бири томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
6. Қўмита раиси, шунингдек, у ваколат берган раис ўринбосари:
Жамғарма маблағларини ушбу Низомга ҳамда Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тасарруф этади ва унинг маблағларидан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши учун жавоб беради;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган товарларни (ишлар ва хизматлар) харид қилиш учун шартномаларни тузади;
Жамғарма томонидан молиялаштирилган маблағлар бўйича, шу жумладан, шартнома шартларига қўшимча киритиш, тўлдириш, амал қилиш муддатини ўзгартириш (узайтириш) бўйича қарорларни қабул қилади;
Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисоби юритилишини, Жамғарма маблағларидан ушбу маблағларни олувчилар томонидан белгиланган мақсадларда фойдаланиш мониторингини таъминлайди;
ўз ваколати доирасида бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.
4-боб. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасини тузиш ва тасдиқлаш
7. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.
8. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси Қўмита раиси ёки у ваколат берган раис ўринбосари томонидан тасдиқланади ва белгиланган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатга олинади.
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси келгуси йилда молиявий маблағлар келиб тушишининг кутилаётган прогнози ва амалга оширилиши белгиланган тадбирларни ўтказишдан келиб чиққан ҳолда тузилади.
9. Жамғарма маблағларидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.
10. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисобот бериш, назорат қилиш ва жавобгарлик
11. Жамғарма маблағлари тушуми ва сарфининг ҳисоби қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Қўмита томонидан юритилади.
12. Қўмита раиси, шунингдек, у ваколат берган раис ўринбосари ва бош ҳисобчиси Жамғармага келиб тушадиган маблағлар ва уларнинг сарфланишига оид бухгалтерлик ҳисобини юритиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этишни тўғри олиб боришга жавобгардир.
13. Жамғарманинг йил якуни бўйича маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги молия йили учун даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда инобатга олинади.
14. Жамғарма маблағларидан оқилона фойдаланилиши юзасидан назорат ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
15. Қўмита ҳар чоракда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳисобот киритиб боради.
16. Жамғарма маблағларини шакллантиришда назорат, лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор қилиш, мувофиқликни баҳолаш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тартиб-таомилларидан тушадиган маблағлар Қўмита томонидан ушбу тартиб-таомилларни асоссиз равишда кенгайтириш учун рағбатлантирувчи омил сифатида қўлланишига йўл қўйилмайди.
17. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш мезонлари назорат тадбирлари, жарималар, берилган лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ёки пулли хизматлар сони ва ҳажмига боғланмайди.
18. Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги чораклик маълумотлар Қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади, конфиденциал маълумотлар бундан мустасно.
6-боб. Якунловчи қоидалар
19. Жамғармани тугатиш ёки қайта ташкил этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
20. Ушбу Низом талабларини амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/396/0766-сон)