Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида ҳуқуқий билимни ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ички ишлар органлари терговчиларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, курсантларнинг (талабаларнинг) назарий билимни ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш бўйича амалий кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлари ва фуқаролар йиғини раисларининг ҳуқуқий билимини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Адлия вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ва Тошкент давлат юридик университетининг (кейинги ўринларда олий таълим муассасалари деб аталади) юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 августдаги 500-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2021 й., 09/21/500/0767-сон)
2. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) тегишлилиги бўйича амалиёт ўташ учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органларига, жумладан, суд, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, адлия органлари ва адвокатура тузилмаларига тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Адлия вазирлиги томонидан бириктирилади;
бунда юқори натижалар қайд этган курсантларни (талабаларни) амалиёт ўташ учун амалиёт ўтказувчи органларга бириктириш уларнинг мутахассислиги (йўналиши) бўйича ташкил этилади;
олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишининг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиш белгиланган ўқув юкламалари ҳажми доирасида ҳал этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида юқори малакали амалиёт ходимлари, профессор ва ўқитувчилар ҳамда экспертларни жалб қилган ҳолда ички ишлар органлари терговчиларининг (кейинги ўринларда терговчилар деб аталади) малакасини ошириш тизими жорий этилсин.
5. Қуйидагилар ички ишлар органлари терговчиларининг малакасини ошириш тизимини жорий этишнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
дастлабки терговни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилиш кўникмасини мустаҳкамлаш;
терговчиларнинг билим ва малакасини оширишда инновацион техника ва воситалардан фойдаланиш ҳамда янги иш усулларини ўргатиш;
терговчиларнинг ўта мураккаб, шу жумладан, уюшган жиноий гуруҳлар ва уюшмалар томонидан содир этилган, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича малакасини ошириш.
6. Терговчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида малака ошириши хизматдан ажралмаган ҳолда амалга оширилади ҳамда ҳар йили ички ишлар органларининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошриш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида» 2013 йил 10 октябрдаги ПҚ-2050-сон қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида давлат таълим муассасаси шаклида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 6 августдаги ПҚ-3901-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларида жойлардаги давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳокимлар ва фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) учун малака ошириш курсларининг таълим дастурларига ҳуқуқшуносликка оид ўқув соатлари ажратилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 19 август,
694-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги 694-сон қарорига
ИЛОВА
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ва Тошкент давлат юридик университетининг (кейинги ўринларда олий таълим муассасалари деб аталади) юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 августдаги 500-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2021 й., 09/21/500/0767-сон)
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
юқори натижалар қайд этган курсантлар (талабалар) — ўтган ўқув йиллари бўйича ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 80 фоиз ва ундан юқори бўлган курсантлар (талабалар) (кейинги ўринларда курсантлар (талабалар) деб аталади);
курсантлар (талабалар) амалиёти — олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантларининг (талабаларининг) амалиёт ўташ учун тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларида, шу жумладан, суд, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, адлия органлари ва адвокатура тузилмаларида назарий билимини мустаҳкамлаш, амалий кўникма ва маҳоратини оширишга йўналтирилган фаолият;
амалиёт ўтказувчи орган — ўқишнинг сўнги босқичида курсантлар (талабалар) амалиёт олиб борадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органи;
курсантларнинг (талабаларнинг) амалиёт органидаги фаолияти бўйича мураббий — қабул қилувчи органнинг курсантларни (талабаларни) амалий кўникмаларга ўргатиш ва уларнинг касбий фаолиятини мувофиқлаштириш масъулияти юкланган масъул ходими.
3. Курсантлар (талабалар) амалиёти уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллаш бўйича касбий малакасини шакллантириш ва ошириш, келгусида хизмат фаолиятига тайёрлаш мақсадида ташкил этилади.
4. Курсантлар (талабалар) амалиётини ўтказиш жойи ва дастури ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олий таълим муассасаларининг хусусиятлари ҳамда назарий тайёргарлик даражаси инобатга олинган ҳолда белгиланади.
5. Курсантлар (талабалар) амалиёт ўташ даврида ўқув режаси бўйича белгиланган малакавий амалиётни ўташдан озод этилади.
6. Курсантларнинг (талабаларнинг) амалиёт ўташи уларни олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни доирасидаги мажбуриятлардан озод этмайди ва улар ўқув жараёнида белгиланган назорат турларини тўлиқ бажариб боришлари шарт.
7. Олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишининг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Курсантлар (талабалар) амалиётини ташкил қилиш
8. Олий таълим муассасалари янги ўқув йили бошлангунга қадар ўқишнинг сўнгги босқичига ўтган курсантларнинг (талабаларнинг) ўртача ўзлаштириш кўрсаткичларини 100 баллик шкала асосида аниқлайди.
Бунда ўзлаштириш кўрсаткичи 5 баллик шкалада баҳоланадиган олий таълим муассасалари курсантларининг (талабаларининг) ўртача ўзлаштириш кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланадиган баҳолашни 5 баллик шкаладан 100 баллик шкалага ўтказиш жадвали асосида аниқланади.
9. Таълимнинг якунловчи босқичига қадар ўтган ўқув йиллари бўйича ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 80 фоиз ва ундан юқори бўлган курсантлар (талабалар) рўйхати олий таълим муассасалари хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалиёт ўташ органига тақдим этилади.
10. Тошкент давлат юридик университетида юқори натижаларга эришган талабалар бевосита амалиётга уларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда юборилади.
Тошкент давлат юридик университетининг юқори натижаларга эришган талабаларини ўқишнинг якуний босқичини бевосита амалиётда ўтказиш бўйича уларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида суҳбат ташкил қилинади.
Ўқишнинг якуний босқичини бевосита амалиётда ўтказиш учун юборилган Тошкент давлат юридик университети талабаларига уларнинг хоҳишларини инобатга олиб вакант лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомнинг 9-банди қоидалари татбиқ қилиниши мумкин.
11. Курсантлар (талабалар) амалиётини самарали ташкил этиш мақсадида уларга амалиёт ўташ органи томонидан мураббий бириктирилади.
Мураббий ўзига бириктирилган курсантлар (талабалар) амалиётини тўғри ташкил қилиш учун масъул ҳисобланади.
3-боб. Амалиёт органи ва мураббийларга ҳамда курсантлар (талабалар) амалиётига қўйиладиган талаблар
12. Амалиёт органи:
курсантлар (талабалар) амалиётини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уларнинг амалиёт ўташ дастурини тасдиқлайди;
курсантлар (талабалар) амалиётини самарали ва тўғри ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради.
13. Мураббий:
курсантларга (талабаларга) хизмат (меҳнат) фаолияти ҳақида тушунтириш беради ва уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш чораларини кўради;
курсантларга (талабаларга) хавфсизлик чоралари ва амалиёт органининг ички тартиб-қоидалари тўғрисида йўриқнома беради;
курсантлар (талабалар) томонидан махфийлик тартибига риоя этилишини таъминлайди;
курсантлар (талабалар) амалиёти мониторингини олиб боради;
амалиёт органида хизмат фаолияти давомида юқори кўрсаткичларга эришган курсантларни (талабаларни) амалиёт ўтаган органда лавозимларга тайинлаш учун таклифлар киритади.
14. Курсантларни (талабаларни) амалиёт ўташ вақтида хизмат (меҳнат) фаолиятига боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажаришга жалб этишга йўл қўйилмайди.
15. Курсантлар (талабалар) амалиёт ўташ давомида:
амалиёт ўташ вақтида амалиёт органи ходимлари учун белгиланган ички тартиб қоидаларига ва интизомга риоя этиши;
амалиёт ўташ дастурида назарда тутилган барча тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариши;
амалиёт органи ва мураббийларнинг қонуний талаб ва йўриқномаларига риоя этиши лозим.
16. Курсантлар (талабалар) амалиёт жараёнида хизмат (меҳнат) интизомини бузиш ҳолатларига йўл қўйган тақдирда, амалиёт ўташ тўхтатилади ва уларнинг амалиётни давом эттириш ёки эттирмаслик масаласи тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Курсантлар (талабалар) амалиётини тўхтатиш ва давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганда амалиёт органлари уларни олий таълим муассасаларига қайтариб юборади ҳамда бу ҳақда тегишли олий таълим муассасасига хабар юборади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олий таълим муассасалари томонидан амалиёт органларидан қайтариб юборилган курсантларга (талабаларга) нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
(16-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
17. Курсантларга (талабаларга) амалиёт органида хизматни ўташ даврида мустақил равишда мураббийларнинг назоратисиз хизмат вазифаларини бажариш тақиқланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Курсантлар (талабалар) учун амалиёт ўташ даврида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча таъминот турлари сақлаб қолинади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
19. Курсантлар (талабалар) амалиёт ўташ органи томонидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Амалиётда юқори натижаларга эришган курсантларга (талабаларга) бириктирилган мураббийлар рағбатлантирилиши, шу жумладан, уларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қўшимча устамалар тайинланиши мумкин.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши
СХЕМАСИ
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.08.2019 й., 09/19/694/3597-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2021 й., 09/21/500/0767-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)