Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2013-2016 йилларда таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш)ни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ишлаб чиқилган, 2013 — 2016 йилларда таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашни (қўшимча жиҳозлашни) жадаллаштириш Дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин, Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
Таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлаш нормативлари 1-иловага* мувофиқ;
*1-илова рус тилидаги матнда берилган.
2013 — 2016 йилларда умумтаълим мактабларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашнинг (қўшимча жиҳозлашнинг) асосий кўрсаткичлари 2-иловага* мувофиқ;
*2-илова рус тилидаги матнда берилган.
2013 — 2016 йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашнинг (қўшимча жиҳозлашнинг) асосий кўрсаткичлари 3-иловага* мувофиқ;
*3-илова рус тилидаги матнда берилган.
2013 — 2016 йилларда олий таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашнинг (қўшимча жиҳозлашнинг) асосий кўрсаткичлари 4-иловага* мувофиқ.
*4-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Қуйидагилар Дастурни молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 38-сон, 1049-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 740-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 38-сон, 1049-модда)
олий таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушган маблағлар;
олий таълим муассасаларига мақсадли равишда бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда таълим муассасаларини жиҳозлаш учун белгиланган тартибда халқаро молия институтлари, ташкилотлари ҳамда донор мамлакатларнинг имтиёзли хорижий кредитларини жалб этиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили таълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) манзилли дастурларининг шакллантирилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласинлар.
Белгилаб қўйилсинки, ҳар йили таълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) манзилли дастурларини шакллантиришда ҳар бир таълим муассасасининг моддий-техника жиҳатидан амалда таъминланганлиги ҳисобга олинади ҳамда ўқитишнинг техник воситалари асоссиз тарзда ҳисобдан чиқарилишига йўл қўйилмайди.
5. Чет тилларни ўрганишни янада ривожлантириш бўйича доимий ишлайдиган Мувофиқлаштирувчи кенгашга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг таклифига кўра, зарурият бўлганда, Дастурга ва жиҳозлаш нормативларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 27 май,
143-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 22-сон, 283-модда, 34-сон, 453-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда, 2017 й., 38-сон, 1049-модда)