Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
(буйруқ номи Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 29 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2150]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2021 йил 17 декабрдаги 78-сонли ««Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартиришлар ва қўшимчани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2150-2, 28.12.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 164-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 йил, 31-сон, 260-модда) ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:
1. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 11 октябрь,
86-сон
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги 86-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисида
Низом
(илова номи Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-сон «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 йил, 31-сон, 260-модда) мувофиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
I. Умумий қоидалар
1. Ўзларига бириктирилган тураржойга эга бўлмаган ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида тураржойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (кейинги ўринларда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-сон «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан белгиланган тартибда тураржой олиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар йили туман (шаҳар) ҳокимликлари васийлик ва ҳомийлик органларидан тушган тақдимномаларга асосан 1 апрелгача бўлган муддатда етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга бериш учун тураржойлар реестрини тайёрлайди.
Етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржойлар етмай қолган тақдирда Уй-жой майдонини ҳисобга олиш ва тақсимлаш комиссиялари тураржойга бўлган эҳтиёжни энг юқори даражада қондириш мақсадида уй-жой майдонларини қўшимча хатловдан ўтказади.
3. Мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уйлардан ёки вақтинча фойдаланилмаётган, давлат мулки бўлган ётоқхоналардаги, уй-жойлардаги ҳамда кўп квартирали уйлардаги бўш турган квартиралар ва бошқа беғараз бериладиган турар жойларда етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тақдим этиш учун бўш турган турар жой бўлмаганда, етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш мақсадли трансферт, жумладан бюджет маблағлари ажратиш ҳисобидан (кейинги ўринларда мақсадли трансферт деб юритилади) амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
II. Мақсадли трансфертлар миқдорини белгилаш тартиби
4. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тураржойларни сотиб олишга мақсадли трансфертларни ажратиш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан боланинг етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мўлжалланган муассасада, оилавий болалар уйида, фарзандликка олган оилада, васий ёки ҳомий қарамоғида бўлиши тугаётган йилнинг 1 июлигача белгиланган муддатларда тураржой ажратилмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотлар асосида қабул қилинади.
5. Мақсадли трансферт Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси доирасида, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ тураржой сотиб олиш учун ажратилади.
6. Мақсадли трансфертнинг энг юқори миқдори тураржой билан таъминланмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг сонига ва улар яшаб турган туман (шаҳар) умумий тураржой майдонининг 1 квадрат метрининг ўртача бозор нархига нисбатан уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини ишлаб чиқиш сифатида ҳисобланади.
7. Сотиб олинадиган квартираларнинг ўртача бозор нархини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 июлдаги 155-сон «Республиканинг туман ва шаҳарлар кесимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги учун сотиб олинадиган квартиралар қийматини аниқлаш билан боғлиқ бўлган таклифлар тайёрлаш бўйича идоралараро минтақавий комиссиялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 29-30 сон, 283-модда) мувофиқ ташкил этилган Мудофаа вазирлиги учун сотиб олинадиган квартиралар қийматини аниқлаш билан боғлиқ бўлган таклифлар тайёрлаш бўйича тегишли идоралараро минтақавий комиссиялар томонидан аниқланган баҳолар асосида амалга оширилади.
III. Мақсадли трансфертлар манбалари ва бериш тартиби
8. Мақсадли трансфертлар биринчи навбатда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, улар мавжуд бўлмаганида ёки етишмаганида эса қуйидагилар ҳисобидан ажратилади:
туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг молия йили бошида аниқланадиган эркин қолдиқ маблағларидан;
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг биринчи — учинчи ҳисобот чораклари якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилиши суммасидан;
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
бюджет ташкилотларининг тармоқ кўрсаткичлари ва штат бирликларини мақбуллаштиришга қаратилган чораларни амалга ошириш натижасида бюджет харажатлари бўйича иқтисод қилинган маблағлар (алоҳида тадбирлар учун режалаштирилган мақсадли бюджет маблағлари бундан мустасно).
9. Юқорида кўрсатилган манбалар бўйича маблағлар бўлмаган (етишмаган) ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимликлари мақсадли трансфертларни ажратиш тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокими қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган айнан бир хил турдаги манбалар ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида сўровнома билан мурожаат этади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
10. Мазкур Низомнинг 8 ва 9-бандларида кўрсатилган манбалар ҳисобидан маблағлар бўлмаган (етишмаган) ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимликларидан олинган сўровнома қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни давомида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бюджет маблағлари ажратишни сўраб мурожаат қилади:
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
мақсадли трансферт ажратиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими қарори нусхаси;
Мудофаа вазирлиги учун сотиб олинадиган квартиралар қийматини аниқлаш билан боғлиқ бўлган таклифлар тайёрлаш бўйича тегишли идоралараро минтақавий комиссия хулосаси нусхаси;
мазкур Низомнинг 8-9-бандларида кўрсатилган маблағларнинг йўқлигини (етишмаслигини) тасдиқловчи тегишли ҳисоб-китоблар.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни давомида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан тегишли қуйи бюджетга юзага келадиган бюджетлараро муносабатларни белгиланган тартибда ҳал этиш орқали бюджет маблағларини ўтказади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
12. Мақсадли трансфертлар туман (шаҳар) ҳокимликлари ёки улар ваколат берган ташкилотларнинг тегишли молия органларида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
13. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мақсадли трансферт ҳисобига тураржой сотиб олиш белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимлиги ёки у ваколат берган ташкилот томонидан амалга оширилади.
14. Мақсадли трансферт ҳисобига сотиб олинган тураржойлар тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мақсадли коммунал уй-жой фондига киритилади ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мазкур Низом билан белгиланган тартибда берилади.
IV. Назорат, ҳисоб ва ҳисобот
15. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржой сотиб олиш ажратилган трансфертлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
16. Ажратилаётган мақсадли трансфертлардан фойдаланишнинг ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан амалга оширилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 майдаги 46-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2150-1, 27.05.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 21-сон, 284-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 42-43-сон, 375-модда; 2015 й., 21-сон, 284-модда)