Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«РАДИОЧАСТОТА СПЕКТРИНИНГ ТЕХНИК НАЗОРАТ ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ УЧУН АСБОБ-УСКУНАЛАР ЕТКАЗИБ БЕРИШ, МОНТАЖ ҚИЛИШ, СОЗЛАШ ВА ИШГА ТУШИРИШ (ИККИНЧИ БОСҚИЧ)» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг радиочастота ресурсини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, ундан фойдаланиш устидан мониторингни таъминлаш, республиканинг бутун ҳудудида радионурлар манбалари билан ижозат берилмаган ишлар олиб борилишини ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг «Курт Миттерфельнер ГмбХ» фирмаси (Германия) билан биргаликда «Радиочастота спектрининг техник назорат тизимидан фойдаланиш учун асбоб-ускуналар етказиб бериш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга тушириш (иккинчи босқич)» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
лойиҳанинг умумий қиймати 6060,4 минг еврони, шу жумладан эркин муомаладаги валютадаги харажатлари — 6008,6 минг еврони ва миллий валютада — 51,8 минг еврога тенг суммани ташкил этиши;
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Электромагнит мослик маркази томонидан «Курт Миттерфельнер ГмбХ» фирмаси (ГФР) билан қурилишнинг иккинчи босқичи бўйича радиочастота спектри техник-назорат тизимига асбоб-ускуналар етказиб бериш, монтаж қилиш, созлаш ва фойдаланишга топшириш учун 5 730 минг евро миқдорида контракт тузилганлиги;
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Электромагнит мослик маркази жалб этилаётган кредитлар бўйича қарз олувчи эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Радиочастота спектрнинг техник назорат тизимидан фойдаланиш учун асбоб-ускуналар етказиб бериш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга тушириш (иккинчи босқич)» лойиҳасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
4. Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган контрактни молиялаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
контракт қийматининг 859,5 минг евро миқдоридаги 15 фоизи КфВ Банкининг (Германия) Электромагнит мослик марказига 4 йил муддатда қайтариш шарти билан берилаётган кредити ҳисобига;
контракт қийматининг 4870,5 минг евро миқдоридаги 85 фоизи КфВ Банкининг (Германия) Электромагнит мослик марказига «Гермес» экспорт-кредит агентлигининг (Германия) 5 йил муддатда қайтариш шарти билан берилаётган суғурта қопламаси остидаги кредити ҳисобига.
Белгилаб қўйилсинки, асосий қарзни, фоизларни, воситачилик ҳақини ва жалб этилаётган кўрсатиб ўтилган кредитларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қайтариш Электромагнит мослик марказининг ўз маблағлари ҳисобига 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ амалга оширилади.
* 2, 3-иловалар берилмайди.
5. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Электромагнит мослик маркази кўрсатиб ўтилган лойиҳани молиялаштириш бўйича хорижий банк — КфВ Банки (Германия) билан белгиланган тартибда кредит битимлари тузсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Марказ билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кафолат битими тузиб, Электромагнит мослик марказининг тўлов мажбуриятлари бўйича хорижий банкка кафолат беришга вакил қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хорижий банкни қониқтирадиган шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатлари юзасидан юридик хулоса берсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Электромагнит мослик марказининг «Курт Миттерфельнер ГмбХ» фирмаси билан тузган контрактини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин.
9. «Курт Миттерфельнер ГмбХ» хорижий компанияси, хорижий банк ва «Гермес» экспорт-кредит агентлиги ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги манбадан норезидентлардан ундириладиган даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Арипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 22 декабрь,
558-сон