Республика аҳолисининг саломатлигини ва оиланинг тинчлигини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Соғлом авлод учун» жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Экосан» жамғармасининг ёш авлодни соғломлаштириш муаммоларини комплекс ҳал этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб қувватлансин.
2. «Соғлом авлод учун» жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёш авлодни соғломлаштириш дастурини рўёбга чиқаришни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш функцияси юклатилсин.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатувчи ва болалар объектлари устунлик билан қурилишини назарда тутсинлар, улар қурилишини, одатда, мавжуд кўп ихтисосли вилоят, шаҳар ва туман марказий касалхоналари негизида амалга оширсинлар. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси тегишли лимитлар ажратишни назарда тутсин.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» жамғармаси, Қизил Ярим ой жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда соғлиқни сақлаш бирламчи бўғинлари (фельдшерлик-акушерлик пунктлари, қишлоқ даволаш амбулаториялари, қишлоқ участка касалхоналари) негизида ҳомиладорларга ва кичик ёшдаги болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича доимий ишловчи гуруҳлар ташкил этсинлар.
5. Дин ишлари қўмитаси хотин-қизларга эътиборнинг муҳимлиги, оилани оқилона ташкил этиш, гўдак болаларни она сути билан озиқлантириш, бўлажак оналар ва ёш авлоднинг саломатлиги учун ота-оналар ва жамиятнинг масъулияти тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш йўли билан ёш авлодни соғломлаштириш дастурини рўёбга чиқаришда диний ташкилотларнинг ҳамкорлигини таъминласин.
6. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда умумий таълим мактаблари юқори синфларининг, ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг ўқув дастурларига ўсмирлар гигиенасини, ўғил ва қиз болалар организми ривожланишининг анатомо – физиологик хусусиятларини ўрганиш масалаларини жорий этсинлар. Тегишли дарсликлар ва қўлланмалар билан таъминласинлар.
7. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси, Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат жамғармалари, мулкчилик шаклидан қатьи назар, корхоналар, ёш авлодни соғломлаштириш дастурини рўёбга чиқаришга кўмаклашсинлар.