Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
2004-2005 ЙИЛЛАР ДАВРИДА МАҲАЛЛИЙ ХОМ АШЁ НЕГИЗИДА ТАЙЁР МАҲСУЛОТЛАР, БУТЛОВЧИ БУЮМЛАР ВА МАТЕРИАЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 22 июндаги ПҚ-386-сонли «2006—2008 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, иқтисодиётни таркибий қайта ўзгартиришда муҳим роль ўйнайдиган маҳаллий хом ашёдан бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантиришда ва уни амалга ошириш жараёнида жиддий камчиликлар ва нуқсонлар мавжуд.
Ўтказилган танқидий таҳлил шуни кўрсатадики, бир қатор қўшма корхоналар ишлаб чиқаришда маҳаллий хом ашёдан ҳамда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан чиқарилаётган бутловчи буюмлар, узеллар ва блоклардан кенг фойдаланиш бўйича зиммаларига қабул қилган мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминлашмаяпти. Бунинг асосий сабаби - ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сотиш бозори маркетинги бўйича ишларнинг суст ташкил этилганлиги ва қўшма корхоналарни ташкил этишда экспорт бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилмаётганидир.
Ишлаб чиқаришнинг маҳаллий хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар ҳисобига бутланиши учун ишлаб чиқарувчиларни қизиқтирувчи божхона преференциялари ва солиқ имтиёзларининг самарали тизимини яратиш ҳисобига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларини ҳал этишга комплекс ёндашув амалда мавжуд эмас. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган корхоналар раҳбарларини ва муҳандис-техник ходимларини рағбатлантириш масалаларига етарли эътибор берилмаяпти.
Янги технологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни техника жиҳатидан янгилаш, рақобатга бардошли бутловчи буюмлар, узеллар ва деталлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалалари аниқ субъектларнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сотиш бозорини кенгайтириш, маҳаллийлаштирилаётган ишлаб чиқаришлар учун техник ходимлар тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича изчил иш олиб боришдан манфаатдорлигини оширишнинг таъсирчан механизмини яратиш билан боғланган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳажмларини босқичма-босқич кенгайтиришнинг ўзаро боғлиқ комплекс дастури деярли шакллантирилмаган.
Камчиликларни бартараф этиш ва кўрсатиб ўтилган вазифаларни амалга ошириш, мамлакатимизда рақобатга бардошли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришни ва турларини кенгайтиришни янада рағбатлантириш, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳисобига товарлар импортини мақбуллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Хорижий инвестициялар иштирокида ишлаётган ва янгидан ташкил этилаётган корхоналар учун бутловчи буюмлар, узеллар ва блоклар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини изчил амалга ошириш, бунинг учун замонавий технологик базани яратиш, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ва янги технологияларни ўзлаштириш, тегишли малакага эга бўлган кадрларни тайёрлаш ўтказилаётган таркибий сиёсатнинг муҳим, устувор вазифаси ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 11 ноябрдаги Ф-1863-сон фармойишига мувофиқ тузилган ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш мақсадидаги маҳсулотларни импорт қилиш ҳажмларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча имкониятлар баҳолаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ишчи гуруҳ томонидан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпојистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида ишлаб чиқилган 2004-2005 йиллар даврида маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш комплекс дастури маъқуллансин.
Қуйидагилар:
тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси рўйхати 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова берилмайди
саноат маҳсулотларининг асосий турлари учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ;
* 2-илова берилмайди
тайёр маҳсулотларнинг янги турларини, уларга қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 3-иловага* мувофиқ;
*3- илова берилмайди
хом ашё, компонентлар ва саноат материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 4-иловага* мувофиқ;
* 4-илова берилмайди
республика корхоналарида ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун ишлаб чиқариш-техника ва истеъмол мақсадларидаги материаллар ва буюмлар рўйхати 5-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 5-илова берилмайди
3. Маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш комплекс дастурини амалга ошириш масалалари бўйича 6-иловага* мувофиқ Махсус комиссия тузилсин.
* 6-илова берилмайди
Махсус комиссия (Ў.Т.Султонов):
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси иштирокида 1—4-иловаларда* кўрсатилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё, компонентлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан мунтазам назорат ўрнатсин ва ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин;
*1—4 - иловалар берилмайди
икки ой муддатда маҳсулотларнинг тайёр турларини ишлаб чиқараётган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар рўйхатини аниқласин, улар бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасининг оширилиши устидан мониторинг олиб бориш механизми тўјрисидаги таклифларни тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасига корхоналарнинг раҳбарлари ва муҳандис-техник ходимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кенгайтирилишидан манфаатдорлигини оширишни рағбатлантиришга доир таклифлар киритсинлар, бунда улар меҳнатига ҳақ тўлашни ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилиши даражасига янада кўпроқ боғлаш назарда тутилсин.
Бошқарувнинг барча даражаларида иш якунларини чиқаришда раҳбарларнинг ишига баҳо бериш мезонларидан бири сифатида ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилиши даражаси, маҳаллий хом ашё негизида рақобатбардошли тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, узеллар ва блоклар, материаллар ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши кўрсаткичидан фойдаланилсин.
5. Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари амалга оширилаётган корхоналар 2004 йил 1 январдан бошлаб беш йил муддатга:
четдан олиб келинаётган технология асбоб-ускуналари ва уларга эҳтиёт қисмлар, шунингдек республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқаришда технология жараёнида фойдаланиладиган материаллар ва компонентлар учун божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари);
Олдинги таҳрирга қаранг.
маҳаллийлаштириш дастури лойиҳаларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича даромад (фойда) солиғи, ягона солиқ тўлови (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаётган субъектлар учун);
(5-банднинг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 18 августдаги 198-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 32-33-сон, 253-модда)
маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари бўйича мулк солиғи тўлашдан озод қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Адлия вазирлиги кўрсатиб ўтилган имтиёзларни қўллаш ва бўшаётган маблағлардан тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш учун мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги низомни ўн кун муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги республикада ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб келинадиган технология асбоб-ускуналари, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентларни маҳаллийлаштириладиган маҳсулотни ишлаб чиқаришда технология жараёнида фойдаланиладиган технология асбоб-ускуналари, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентлар тоифасига киритиш тўғрисида хулосалар бериш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.
(6-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 34—36-сон, 264-модда)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган хулосаларни беришни тартибга солувчи тегишли низомни белгиланган тартибда тасдиқласинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 14 январь,
18-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 17-модда; 2005 й., 32-33-сон, 253-модда; 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)