Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Кенгаши таъкидлайдики, ўтган даврдаги фаолият Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, парламент ишини тартибга солувчи қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича жорий йилги давлат дастури асосида «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилининг устувор йўналишлари бўйича ислоҳотлар дастурлари асосида ташкил этилди.
Мамлакатимиз Президенти бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга, шу жумладан иқтисодиётни юксалтиришга ва инвестициявий муҳитни янада яхшилашга қаратилган жами 112 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 73 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган 60 та қонун ва маъмурий-ҳудудий чегараларни ўзгартиришга доир 3 та қарор қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди.
«Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги ҳамда «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонунлар, «Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Бозор назорати тўғрисида»ги, «Ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек коррупцияга қарши курашишга, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлашга, аҳолининг саломатлигини ва генофондини ҳимоя қилишга қаратилган қатор муҳим қонунлар кўриб чиқилди ҳамда қабул қилинди.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан унумли фойдаланиб, фуқароларнинг мурожаатларида баён этилган ва сайлов округларида аниқланган долзарб масалаларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилган 11 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ҳамда Қонунчилик палатасига киритди.
Бундан ташқари депутатлар томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва наркожиноятчиликнинг олдини олиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дориларни реализация қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш каби жамият ҳаётидаги ўткир масалаларга ҳуқуқий ечим топиш, шунингдек давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллашни парламент ваколатига ўтказиш, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини қўмиталар томонидан эшитиш институтини янада кенгайтириш ҳамда депутат сўровининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилди.
Парламент ишида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2026 — 2029 йилларга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.
Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил фаолияти жамият ҳаётидаги энг муҳим соҳалар ва ижро этувчи ҳокимият органлари устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга йўналтирилди. Хусусан, қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар ташаббуси билан 4 та «ҳукумат соати» ўтказилди, транспорт вазирининг тегишли масала юзасидан ахбороти эшитилди («парламент эшитуви»), мансабдор шахсларга 3 та парламент ва 41 та депутат сўрови юборилди, қўмиталар томонидан 80 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.
Ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан ҳисоботларини кўриб чиқиш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитишга устувор аҳамият берилди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича йўлга қўйилган янги амалиётга мувофиқ жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи чоракдаги ижроси бўйича ҳисоботни масъул қўмитанинг кенгайтирилган мажлисида эшитишга ўтилди. Бу Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ижроси устидан назорат қилишнинг самарадорлигини таъминлашга ва давлат органларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Қўмиталар томонидан 8 та қонуннинг, жумладан «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги, «Пробация тўғрисида»ги, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги каби қонунларнинг ижро этилиш ҳолати жойларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Мазкур ўрганиш якунлари жамоатчилик вакиллари ва соҳа мутасаддилари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек белгиланган мақсадли индикаторларга эришилиш даражаси, республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг самарадорлик кўрсаткичлари (KPI ), БМТ барқарор ривожланиш мақсадларининг ўз вақтида бажарилиши ҳолати юзасидан ҳисоботларни қўмиталар мажлисларида эшитиб бориш амалиётидан унумли фойдаланилди.
Аҳоли ва сайловчилар билан очиқ мулоқотнинг узвийлиги таъминланди. Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида, жами 6 маротаба ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли, шу жумладан ёшлар, турли соҳа вакиллари билан 10,1 мингдан зиёд учрашув ўтказди. Жамият ҳаётидаги кўплаб муҳим тадбирларда қатнашиб, ҳудудларда қатор тарғибот ишларини ҳам олиб борди.
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан депутатларнинг сиёсий фаоллигини, сайловчилар олдидаги масъулиятини янада ошириш, сайлов округларидаги ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги ташаббускорлигини кучайтириш мақсадида халқ ноиблари ташаббусли бюджет бўйича берилган ваколатдан илк бор фойдаланди. Жами қиймати 238,9 млрд. сўмлик 150 та лойиҳани танлаб, қўшимча ғолиб деб эълон қилди. Шунингдек «Очиқ бюджет» ахборот порталидаги танловда етарлича овоз тўплай олмаган «Менинг боғим» лойиҳаларини ҳудуднинг экологик ҳолатига ва шароитларига мувофиқлигидан келиб чиқиб, депутатлар томонидан ғолиб деб эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Халқаро парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш депутатлар корпусининг доимий эътибор марказида бўлди. Қонунчилик палатасида ўтган даврда жами 22 та хорижий делегация қабул қилинди. Шу жумладан, 3 та хорижий давлат (Иордания, Қозоғистон ва Индонезия) парламенти раиси ҳамда 8 нафар дипломатик корпус раҳбари даражасида амалий мулоқотлар ўтказилди. Депутатлар қатор халқаро парламент ташкилотлари тадбирларида фаол иштирок этди.
Хорижий қонун чиқарувчи органлар билан алоқаларни янада кучайтиришда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ўзига хос институтга айланди. Ҳисобот даврида 12 та хорижий мамлакат парламенти билан ҳамкорлик бўйича янги гуруҳлар тузилиб, уларнинг умумий сони 70 тага етказилди.
Чет эл давлатлари парламентлари билан ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш доирасида 31 март куни Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи парламентлараро ҳамкорлик форуми, 3 апрель куни Бухоро шаҳрида Қонунчилик палатаси билан Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси ўртасидаги Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши, 3 май куни «Ўзбекистон — Япония» парламентлараро форумининг бешинчи йиғилиши каби қатор нуфузли халқаро тадбирлар юқори савияда ташкил этилди.
Мамлакатимиз Президенти раислигида шу йил 13 мартда ўтказилган аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, мурожаатлар билан ишлаш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этишга алоҳида аҳамият берилди. Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасига келиб тушган жами 4 762 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф берган фуқаролар билан қатор учрашувлар ўтказилиб, билдирилган таклифлар уларнинг иштирокида муҳокама қилинди.
Ўтган даврда амалга оширилган ишлар билан бирга Қонунчилик палатаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, 2025 — 2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастурида белгиланган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ҳамда Қонунчилик палатасига ўз вақтида киритилиши юзасидан ҳукумат билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозим.
Қонун лойиҳаларининг сифатини янада ошириш мақсадида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказган ҳолда қуйи палатага киритиш масалаларига эътиборни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Чунончи, ўтган даврда Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларидан 30 таси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган.
Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан ўзи масъул бўлган қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини ҳудудларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, унинг якунларини жойларда жамоатчилик ва соҳа вакиллари билан муҳокама қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозим. Бунда қўмиталар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг имкониятидан самарали фойдаланиш зарур.
Шунингдек Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилганидан кейин уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ҳамда лойиҳаларни фуқароларнинг таклифлари асосида такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратиш керак.
Бундан ташқари сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалаларни, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш борасида депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан ҳамда сиёсий партиялар фракцияларининг парламент назоратининг энг таъсирчан шаклларидан фойдаланиш бўйича ташаббускорлигини ошириш мақсадга мувофиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинади).
2. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
ўз партияларининг дастурий мақсад-вазифаларидан ҳамда сиёсий партиялар электорати томонидан кўтарилаётган масалалардан келиб чиқиб, депутатларнинг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига киритиш борасидаги ишларини янада кучайтириш;
қонун лойиҳаларини жойларда бевосита партия электорати иштирокида муҳокама қилиш ва уларнинг таклифларини олиш амалиётидан янада кенгроқ фойдаланиш;
парламент назорати шаклларидан фойдаланиш борасида ташаббускорликни янада ошириш тавсия этилсин.
3. Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб, 2025 — 2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастурида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг масъул вазирликлар ва идоралар томонидан ўз вақтида тайёрланиши ҳамда Қонунчилик палатасига киритилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш;
қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг сифатини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг белгиланган муддатларда Қонунчилик палатасига киритилиши устидан депутат назоратини янада кучайтириш;
Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг қонунчиликда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги бўйича талабчанликни ошириш;
қўмиталар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидаги иштирокини янада кенгайтириш;
ўз масъуллигида қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини жойларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ишларини янада жадаллаштириш чораларини кўрсин.
4. Қонунчилик палатаси Девонининг Матбуот хизмати (Ғ. Самадов) Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 июль,
2365-V-сон