ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлашни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини давом эттиришлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) фаолиятини такомиллаштириш ва Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Белгилансинки, 2026 йилда Жамғарма даромадлари республика бюджетининг II чорак якуни бўйича даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 100 млрд сўм ҳамда Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорига асосан вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тегишли маблағларни йўналтириш орқали шакллантирилади.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2027 йилдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари ҳамда вазирлик ва идоралар томонидан ажратилиши кутилаётган маблағларни инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети параметрларида Жамғарма маблағларини шакллантириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 июль,
ПФ-138-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 июлдаги ПФ-138-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-5815-сон Фармонининг 6-бандида:
(а) қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорига асосан вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан йўналтириладиган тегишли маблағлар»;
(б) иккинчи — ўн учинчи хатбошилар тегишинча тўртинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
(в) олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан олинган даромадлар».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-152-сон Фармонида:
(а) 1-банднинг «б» кичик банди биринчи хатбошисидаги «2026/2027 ўқув йилидан» сўзлари «2027/2028 ўқув йилидан» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) 1-илованинг 15-позициясида:
(i) «Ижро муддати» устунидаги «2026/2027 ўқув йилидан» сўзлари «2027/2028 ўқув йилидан» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) «Масъул ижрочилар» устунидаги «(Х. Умарова)» сўзлари «(Э. Каримова)» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги ПФ-86-сон Фармони билан тасдиқланган «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг 12-позициясида:
(а) «Амалга ошириш ва натижаларга эришиш механизмлари» устуни 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Қисқа муддатли ўқув курсларга жалб этиладиган ходимлар ва ўқувчиларни келиб-кетишлари учун транспорт, турар-жой, иссиқ овқат, қўриқлаш хизмати, офис жиҳозлари ҳамда бошқа воситалар билан таъминлаш»;
(б) «Масъул ижрочилар» устунидаги «(Х. Умарова)» сўзлари «(Э. Каримова)» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июлдаги «Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5188-сон қарори 2-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилаб қўйилсинки, вазирлик ва идораларнинг Жамғармага йўналтириладиган бюджетдан ташқари маблағлар миқдорлари ҳамда Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.07.2026 й., 06/26/138/0762-сон)