ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Урбанизация соҳасида назарий ва амалий кўникмаларни ўзида мужассам этган замонавий кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришни янада такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) бош режа, ҳудудларнинг архитектура-режалаштириш лойиҳалари ва бош схемаларини ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун барқарор молиялаштириш механизмини йўлга қўйиш;
(б) аҳоли пунктларининг бош режаларини рўёбга чиқариш механизмини йўлга қўйиш;
(в) урбанизация, кадастр ва геодезия соҳалари учун замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш;
(г) урбанистика (геоурбанистика), архитектура ва лойиҳалаштириш соҳаларидаги субъектларни креатив ёндашув асосида ягона платформада бирлаштириш.
II. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартибини такомиллаштириш
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси (кейинги ўринларда — Миллий қўмита) томонидан мастер режаларнинг ягона электрон реестри юритилади ва уларнинг рақамлаштирилган нусхалари Миллий қўмитада сақланади. Бунда рўйхатдан ўтказилмаган мастер режаларни амалга оширишга, шунингдек, улар асосида шаҳарсозлик, қурилиш, инвестиция ва бошқа фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди;
(б) аҳоли пунктининг бош режаси тасдиқланган кундан бошлаб уч ой муддатда бош режани рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастур (кейинги ўринларда — Комплекс дастур) ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланади. Бунда:
(i) Комплекс дастур уч йилдан беш йилгача бўлган муддатга мўлжалланган ҳолда ишлаб чиқилади;
(ii) Комплекс дастурда белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари ва муддатлари аниқ кўрсатиб ўтилади;
(iii) Комплекс дастурнинг бажарилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кенгашларининг мажлисларида кўриб чиқилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритилиши лозим;
(в) бош режалари мавжуд бўлмаган ёки ишлаб чиқилганига 10 йил ва ундан ортиқ муддат бўлган аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади;
(г) тасдиқланган бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳаларига белгиланган муддатдан аввал ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳудудларнинг тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
(д) Миллий қўмита ҳузуридаги Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази (кейинги ўринларда — Урбанизация маркази) «Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизими» идоралараро геоахборот дастурий комплексининг администратори ҳисобланади.
3. Мастер режаларнинг ягона ҳисоби юритилишини таъминлаш мақсадида 2026 йил якунига қадар:
(а) Ҳисоб палатаси Миллий қўмита, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Туризм қўмитаси билан биргаликда 2024 — 2026 йилларда бюджет маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилган мастер режаларни хатловдан ўтказиб, уларга сарфланган маблағлар самарадорлиги юзасидан ўрганиш ўтказсин;
(б) Миллий қўмита тасдиқланган мастер режаларнинг асл нусхалари ўзида жамланишини таъминласин.
III. Қурилиш соҳасини тартибга солиш
4. Қуйидагилар:
(а) қурилиш босқичларини кузатиб бориш мақсадида «Uy-joy» ягона рақамли урбанизация платформасида (кейинги ўринларда — «Uy-joy» ААТ) шаклланадиган ва «Шаффоф қурилиш» тизими билан интеграция қилинадиган Истиқболли қурилиш ҳудудининг ягона идентификатори (кейинги ўринларда — Ягона идентификатор), Лойиҳанинг рақамли паспорти ва Капитал қурилиш объекти рақамли паспорти жорий этилсин;
(б) 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ягона идентификаторда идентификация рақами олмасдан қурилишни бошлаш учун рухсатнома бериш тақиқлансин;
(в) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Миллий қўмита билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ягона идентификаторда идентификация рақами бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(i) Лойиҳанинг рақамли паспорти ва Капитал қурилиш объекти рақамли паспорти тавсифи, уларни шакллантириш ва янгилаб бориш;
(ii) давлат хизматларини кўрсатишда, шунингдек, «Uy-joy» ААТ ва «Шаффоф қурилиш» тизимида қурилиш объектларини ҳисобга олишда Ягона идентификатордан мажбурий фойдаланиш;
(iii) капитал қурилиш объектлари классификаторини ҳамда уларни тегишли тоифаларга киритиш мезонлари ва методологиясини ишлаб чиқиш.
IV. Соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Миллий қўмитанинг 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш факультетини (кейинги ўринларда — факультет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
6. Белгилансинки:
(а) факультет урбанизация, шаҳарсозлик, агломерацияларни комплекс бошқариш, шаҳар иқтисодиёти, ердан самарали фойдаланиш, уй-жой бозорини ривожлантириш, шаҳар инфратузилмасини режалаштириш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослаштирилади;
(б) Миллий қўмита раиси лавозимига кўра Тошкент архитектура-қурилиш университетининг Кузатув кенгаши раиси ҳисобланади. Бунда Кузатув кенгаши Тошкент архитектура-қурилиш университетининг таълим дастурларини амалиёт билан узвий боғлаш, давлат органлари, лойиҳа ташкилотлари ва хусусий сектор билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларни соҳавий ташкилотларга йўналтириш ҳамда факультетларнинг илмий-амалий фаолиятини қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.
7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Тошкент геодезия ва картография техникуми Миллий қўмита тизимидаги Тошкент урбанистика, геодезия ва кадастр техникуми (кейинги ўринларда — Техникум) этиб қайта ташкил этилсин. Бунда Техникум ва «Фазовий маълумотлар инфратузилмаси, геодезия, кадастр йўналишида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази» давлат муассасаси жойлашган Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси, 82-уй манзилидаги бинолар мажмуаси улар жойлашган ер участкалари билан бирга бир ой муддатда Миллий қўмитага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказилади.
V. Креатив паркни ташкил этиш
8. Миллий қўмита ҳузурида Урбанистика, архитектура ва лойиҳалаштириш креатив парки (кейинги ўринларда — Креатив парк) ташкил этилсин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) Креатив парк Тошкент шаҳридаги урбанистика, архитектура ва лойиҳалаштириш соҳалари субъектларини креатив ёндашув асосида бирлаштирувчи, республика ҳудудида экстерриториаллик принциплари асосида фаолият кўрсатадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида институционал майдон ҳисобланади;
(б) Креатив парк резидентларига амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиқлар ҳамда бошқа тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёз ва преференциялар қўлланилади;
(в) Креатив парк фаолиятини ташкилий таъминлаш ва уни бошқарувчи дирекция функцияларини бажариш Урбанизация маркази томонидан амалга оширилади.
10. Миллий қўмита Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда 2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳам креатив парклар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Креатив парк резидентларининг лабораториялари, конструкторлик устахоналари ва маълумотлар базасини юритишга масъул бўлинмаларини жойлаштириш учун Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Равнақ кўчаси, 1а-уй манзилида жойлашган маъмурий (ишлаб чиқариш) бино Миллий қўмитага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказилсин. Бунда Давлат активларини бошқариш агентлиги бинода жойлашган ташкилотларни бошқа давлат объектларига жойлаштириш чораларини кўрсин.
12. Миллий қўмита Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган ҳолда:
(а) бир ой муддатда Креатив парк резиденти мақомини бериш тартибини тасдиқласин;
(б) 2027 йил 1 январга қадар Креатив парк фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, Креатив парк резиденти мақомини бериш жараёнларини рақамлаштириш бўйича веб-портални ишга туширсин.
VI. Миллий қўмита фаолиятини тартибга солиш
13. Миллий қўмитанинг вазифа ва функциялари кенгайиши муносабати билан, шунингдек, бошқарув жараёнларини кучайтириш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида:
(а) Миллий қўмитага Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 110 та штат бирлиги (шундан 2026 йил 10 июлга қадар — 50 та, 2027 йил 1 январдан — 30 та, 2027 йил 1 июлдан — 30 та) ажратилсин;
(б) Миллий қўмита тузилмасига қўшимча 1 нафар Миллий қўмита раисининг ўринбосари лавозими киритилсин.
14. Миллий қўмита Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда:
(а) аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича рўйхатни шакллантиришда биринчи навбатда вилоят ва туман марказларига, иккинчи навбатда уларнинг агломерацияси ҳудудидаги шаҳар, шаҳарча ва қишлоқларга устуворлик берсин;
(б) уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПҚ-299-сон қарори билан тасдиқланган қуйидаги иловаларни қайта кўриб чиқсин ва таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:
(i) 2023 — 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурининг йиғма параметрлари;
(ii) 2023 — 2027 йилларда шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режа лойиҳаларини ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларининг ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқиш жадваллари. Бунда ташаббускор тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда 50 та аҳоли пунктининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилиши инобатга олинсин.
15. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги ПҚ-73-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган комплекс қурилиш ҳудудларида ер усти ва ер ости топогеодезия муҳандислик қидирув ишлари Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия маркази томонидан амалга оширилади.
16. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг 2026 йил II чорак якунлари билан даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан Урбанизация марказининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ, шу жумладан, лойиҳа ташкилотлари олдида ҳосил бўлган қарздорликларини қоплаш учун 138 млрд сўм ажратилсин, бунда 50 млрд сўми ушбу қарздорликларни тўлаш учун тегишли молиявий ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг молиялаштирилиши инобатга олинсин.
VII. БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури — «UN-Habitat» билан ҳамкорликни ташкил этиш
17. Миллий қўмитанинг шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳоли пунктлари бўйича дастури — «UN-Habitat» (кейинги ўринларда — «UN-Habitat» дастури) билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
18. Белгилансинки, «UN-Habitat» дастури билан ҳамкорлик доирасида:
(а) Миллий қўмита фаолиятига «UN-Habitat» дастурининг бир нафар халқаро эксперти жалб этилади ҳамда урбанизация, шаҳарсозлик ва уй-жой сиёсати соҳаларида халқаро тажриба ва стандартларни жорий этиш унинг кўмагида амалга оширилади;
(б) «UN-Habitat» дастури халқаро эксперти Миллий қўмитанинг маъмурий биносида беғараз асосда жойлаштирилади ҳамда унинг самарали фаолият юритиши учун зарур ташкилий ва техник шарт-шароитлар таъминланади;
(в) «UN-Habitat» дастури халқаро эксперти фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар «UN-Habitat» дастурининг ҳисоб-китобларига кўра, Давлат бюджетидан Миллий қўмитага ажратилган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади;
(г) Миллий қўмита ва Ташқи ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда «UN-Habitat» дастури билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, тасдиқланишини таъминлайди. Бунда 2030 йилда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини (WUF15) ўтказиш учун эълон берилгандан сўнг Миллий қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси номидан ариза юборилиши таъминлансин.
VIII. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тасдиқланганига беш йилдан ортиқ бўлмаган аҳоли пунктларининг бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев белгилансин.
22. Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 июль,
ПҚ-252-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 июлдаги ПҚ-252-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги «Кўп квартирали турар жой мажмуаларини қуришда комплекс қурилиш механизмларини жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-73-сон қарорида:
(а) 13-банднинг «г» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«(г) «Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази» давлат муассасасига шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишдан олдин тайёрланадиган ҳужжатларни (концепция, стратегик режалар ва бошқалар) тайёрлаш мақсадида сўров-танлов тамойили асосида хорижий лойиҳа институтлари ва консультантларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Бунда Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази мастер режаларни ишлаб чиқувчи ташкилотларни тўғридан-тўғри танлайди ва уларни ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи ҳисобланади»;
(б) 14-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«(а) замонавий урбанизация, архитектура ва шаҳарсозлик амалиётларини интеграция қилиш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда ушбу жараёнларга ёш, билимли мутахассисларни жалб қилиш мақсадида масъулияти чекланган жамият шаклидаги Урбанизация лабораториясини (кейинги ўринларда — «Urban Lab» МЧЖ) ташкил этиш ва уни «Uy-joy» ААТ оператори этиб белгилаш. Бунда «Uy-joy» ААТни ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ишлар ва хизматлар «Urban Lab» МЧЖ томонидан тендер ҳамда танлов савдоларини ўтказмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади»;
(в) 2-иловада:
(i) 6-банднинг «в» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«(в) комплекс қурилиш ҳудудидаги ҳар бир объект бўйича ҳуқуқ эгаларининг камида 80 фоизидан нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги олингандан сўнг инвестиция компанияси батафсил режалаштириш лойиҳасини (мастер режа), қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқишга буюртма беради»;
(ii) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Инвестиция компаниялари ва Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги «Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази» давлат муассасасига Миллий қўмита билан келишилган ҳолда комплекс қурилиш ҳудудининг батафсил режалаштириш лойиҳаси (мастер режаси) ва қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали лойиҳа ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Бунда мазкур шартномалар бўйича тўловларни амалга ошириш қуйидаги миқдорларда бўлиши шарт:
(а) 30 фоизи — шартнома тузилганда;
(б) 50 фоизи — шартномага мувофиқ батафсил режалаштириш лойиҳаси, мастер режаси ва/ёки қуриш лойиҳаси тўлиқ тақдим этилганда;
(в) 10 фоизи — электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилган лот ютиб олинганда;
(г) 10 фоизи — ҳудудда қурилиш ишлари бошланганда (белгиланган тартибда рухсатнома берилганда)».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-347-сон қарорида:
(а) 3-банднинг «а» кичик бандидаги «50» рақами «160» рақамига алмаштирилсин;
(б) иловада:
(i) 10-банднинг «л» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«(л) Миллий қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича аниқланган қонун бузилиши ва бошқа ҳолатлар юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа тузилмаларга огоҳлантириш, хулоса ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юбориш»;
(ii) 13-бандда «икки» сўзи «уч» сўзи билан алмаштирилсин;
(iii) 18-банддаги «4» ва «3» рақамлари тегишинча «5» ва «4» рақамлари билан алмаштирилсин;
(iv) 19-банд қуйидаги мазмундаги «в1» кичик банд билан тўлдирилсин:
«(в1) бюджетдан ташқари маблағлар»;
(v) 20-банд қуйидаги мазмундаги «л» кичик банд билан тўлдирилсин:
«(л) Миллий қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Миллий қўмита ходимларига шахсий устамалар ва мукофотлар белгилайди».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 — 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-299-сон қарорининг 7-банди учинчи хатбошисидаги «5» рақами «10» рақамига ўзгартирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги «Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-416-сон қарорининг 14-банди қуйидаги мазмундаги «г» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г) Тошкент архитектура-қурилиш университетига давлат буюртмачилари, давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган жамиятлар ва давлат корхоналарига қурилиш, шаҳарсозлик ва архитектура соҳаларида илмий-тадқиқот, лойиҳа-қидирув ишлари, муҳандислик-техник таҳлил, лаборатория синовлари ўтказиш, техник хулоса, концепция, бош режа, мастер режа, эскиз лойиҳа, лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади».
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги 732-сон қарори билан тасдиқланган «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими тўғрисидаги низомда:
(а) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Қуйидагилар ахборот тизими иштирокчилари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси;
ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари, туман ва шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий назорат қилиш инспекциялари;
экспертиза идоралари;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда вазирликлар ва идоралар ҳузуридаги Буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари;
буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотлари ва бошқа шаҳарсозлик фаолияти субъектлари»;
(б) қуйидаги мазмундаги 81-банд билан тўлдирилсин:
«81. Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси урбанизация ва комплекс қурилиш тамойилларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида ахборот тизими орқали:
ахборот тизими таркибига кирувчи ахборот тизимларидаги маълумотлар, шу жумладан, тегишли ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашига (кейинги ўринларда — Кенгаш) келиб тушган лойиҳа ҳужжатлари билан танишади;
Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар, хулосалар ва уларга илова қилинган материалларни таҳлил қилади;
таҳлил натижалари бўйича аниқланган қонун бузилиши ва бошқа ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўради».
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 214-сон қарори билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг намунавий таркибининг изоҳ қисми бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кенгаш фаолиятида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси масъул ходими уй-жойлар (кўп квартирали ва массив шаклдаги якка тартибдаги уйлар)ни барпо этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан иштирок этади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.07.2026 й., 07/26/252/0741-сон)