Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИНИНГ ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРГА ТАШРИФЛАРИНИ ВА ЧЕТ ЭЛ ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИНИ, ДАВЛАТ ВА СИЁСИЙ АРБОБЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ УЮШТИРИШ ҲАМДА ШУ МАҚСАДЛАР УЧУН ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН АЖРАТИЛАДИГАН МАБЛАҒЛАРНИ САРФЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ҳамда чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларини қабул қилиш билан боғлиқ тадбирларни уюштиришда ягона ёндашувни таъминлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифларини ва чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларини қабул қилишни уюштириш ҳамда шу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни сарфлаш тартиби тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, раҳбарларнинг ташрифларига ва делегацияларни, шунингдек, алоҳида шахсларни қабул қилишга харажатлар сметаси раҳбарият билан келишилган ҳолда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати Ишлар Бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Котибияти томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 23 март,
158-сон
Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифларини ва чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларини қабул қилишни уюштириш ҳамда шу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни сарфлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Ўзбекистон Республикаси раҳбарларига ва делегацияларининг ташрифлари
1.1. Ташрифлар — бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳамда улар бошчилик қилган делегацияларнинг хорижий мамлакатлар раҳбарларининг расмий таклифи билан хорижий давлатга боришларидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1.2. Ташрифнинг ҳажми деганда ташриф дастурига кирувчи амалий ва протокол тусидаги тадбирларнинг жами назарда тутилади. Томонлар давлат бошлиқлари ёки делегацияларнинг бўлажак ташрифларининг муддатлари, тури ва шакли тўғрисида олдиндан келишиб оладилар. Хорижий мамлакатда бўлиш дастури Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан олдиндан тузилади ҳамда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритилади.
1.3. Делегация аъзолари ва ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1.4. Ташрифлар давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан эсдалик совғалари топширилиши назарда тутилади ҳамда қабул маросимлари уюштирилиши мумкин.
1.5. Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг ташрифларини ташкилий таъминлаш тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати Ишлар Бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Котибияти томонидан амалга оширилади. Протокол тадбирларни тайёрлаш ва амалга ошириш учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юклатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1.6. Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг ташрифларини уюштириш билан боғлиқ барча харажатлар (шу жумладан, ҳукумат номидан қабул маросимига, қимматли совғалар, эсдалик совғалари ва бошқаларга сарфланган харажатлар) давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
2. Чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларни қабул қилиш
2.1. Ўзбекистон Республикасига расмий, амалий, норасмий ташрифлар билан, ёхуд йўл-йўлакай ташрифлар билан келувчи хорижий давлатлар бошлиқлари, делегациялар, сиёсий арбоблар Давлат дипломатик протоколи тўғрисидаги низомга ёки икки томонлама аҳдлашувга мувофиқ қабул қилинадилар.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзолари бўлган давлатлар бошлиқлари, ҳукуматлар бошлиқлари ва ташқи ишлар вазирларининг Ўзбекистонга ташрифлари чоғида кутиб олиш, кузатиб қўйиш ва Ўзбекистонда бўлиш дастури МДҲ мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда шаклланган амалиётни ҳисобга олган ҳолда ва ўзаролик асосида амалга оширилади.
БМТ Бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг меҳмони сифатида қабул қилинади. БМТ Бош котиби ташрифининг ҳажми умуман олганда Ташқи ишлар вазирларининг расмий ташрифлари даражасига мувофиқ бўлади.
2.2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатлар бошлиғи, делегациялар, давлат ва сиёсий арбоблар шарафига қабул маросимлари олий даражадаги қабул маросими ҳисобланади.
2.3. Ўзбекистонда бўлиш дастури лойиҳалари асосий протокол тадбирлар баён қилинган бошқа Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг тегишли хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Хорижий давлат ва ҳукумат бошлиқларини қабул қилишнинг вақти ва тартиби тўғрисидаги принципиал қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилади.
Меҳмоннинг хоҳишига кўра ташриф дастурида Ўзбекистон бўйлаб сафар қилиш назарда тутилиши мумкин.
2.4. Қабул қилиш даражаси (олий, 1, 2-разрядлар) республика раҳбарияти томонидан иловага мувофиқ белгиланади.
2.5. Асосий протокол тадбирларга ва қабул қилиш даражасига мувофиқ Президентнинг давлатлараро ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қабул қилиш тартиби, вақти ва жойи тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти таклиф киритадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қабулни уюштириш учун Ўзбекистон Республикасининг барча манфаатдор вазирликлари ва идоралари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жалб этилиши мумкин.
Делегацияларни ва меҳмонларни қабул қилиш чоғида уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати номидан эсдалик совғалари топширилиши назарда тутилади. Топшириладиган совғалар ва эсдалик совғаларининг рўйхати аниқ ҳар бир ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилади.
Агар қабул маросими Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши номидан уюштирилган бўлса, эсдалик совғалари парламент номидан топширилади. Бунда ташкилий масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раиси билан келишилган ҳолда Олий Кенгаш Котибияти томонидан ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2.6. Хорижий делегацияларни, давлат ва сиёсий арбобларни қабул қилиш билан боғлиқ харажатларнинг барча турлари ҳақиқий сарф-харажатлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
2.7. Хорижий давлатлар раҳбарлари ва делегациялари Ўзбекистонда бўлган пайтда Тошкент шаҳрини безаш Тошкент шаҳар ҳокими зиммасига юклатилади.
Хорижий меҳмон ташрифининг дастурига Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида бўлиш киритилган тақдирда, бу шаҳарларни безаш ва делегацияларни қабул қилиш маҳаллий бюджет ҳисобидан тегишли ҳоким томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
ИЛОВА
Хорижий делегацияларни, мансабдор шахслар ва меҳмонларни расмий қабул қилиш даражаси
Олий даражада
1. Хорижий давлатларнинг бошлиқлари
2. Бош вазирлар, канцлерлар, давлат котиблари, давлат вазирлари, вице-президентлар
3. Ташқи ишлар вазирлиги
4. Халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари
I разряд
1. Хорижий давлатларнинг вазирлари
2. Элчилар
3. Хорижий давлатлар бошлиқларининг шахсий вакиллари
4. Йирик нуфузли бизнесменлар, корпорациялар ва концернларнинг раҳбарлари
II разряд
1. Таниқли халқаро жамоат арбоблари
2. Хорижий мамлакатларнинг жамоат ва сиёсий раҳбарлари
3. Бизнесменлар, тадбиркорлар
4. Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари
Изоҳ: Юқорида кўрсатилган меҳмонлардан исталган бирининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши олий даражадаги қабул ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.