Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҲБАРЛАРИ ВА ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИНИНГ ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРГА ТАШРИФЛАРИ ҲАМДА ЧЕТ ЭЛ ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИНИ, ДАВЛАТ ВА СИЁСИЙ АРБОБЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ТАДБИРЛАРНИ УЮШТИРИШДА ЯГОНА ЁНДАШУВНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ҳамда чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларини қабул қилиш билан боғлиқ тадбирларни уюштириш ҳамда ўтказишда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида амалдаги халқаро тажриба ва таркиб топган анъаналарга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ҳамда чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларини қабул қилиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади (харажатлар ёки уларнинг бир қисми қабул қилувчи томони ҳисобидан қопланадиган ташрифлар бундан мустасно).
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ойлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ва делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ҳамда чет эл делегацияларини, давлат ва сиёсий арбобларини қабул қилиш ҳамда шу мақсадда давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни сарфлаш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раиси вазифасини бажарувчи Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 29 декабрь,
1019-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 1-сон, 28-модда)