Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида
БИТИМ
Маҳкумларни топшириш тўғрисида
Муқаддима
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
давлат суверенитети, тенг ҳуқуқлилик ва Томонларнинг ички ишларига аралашмаслик принциплари асосида дўстона муносабатларни янада ривожлантиришни ва суд-ҳуқуқ, хусусан, маҳкумларни топшириш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ният қилиб,
маҳкумлар реабилитациясини енгиллаштиришни истаб ва
ушбу мақсадда жиноят содир этганликда айбдор деб топилган ва ҳукм қилинган чет эл фуқароси бўлган маҳкумларга жазони ўз жамиятида ўташ имкониятини бериш орқали эришиш лозимлигини ҳисобга олган ҳолда,
маҳкумларни топшириш тўғрисида Битим тузишга қарор қилиб, қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар.
1-модда
Таърифлар
Мазкур Битим мақсадларида:
a) «ҳукм» — содир этилган жиноят учун чекланган ёки чекланмаган муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги суд қарорини англатади;
b) «маҳкум» — ҳукм чиқариш Давлати ҳудудида озодликдан маҳрум этиш тарзида жазолаш тўғрисидаги якуний ҳукмни ўтаётган шахсни англатади;
c) «ҳукм чиқариш Давлати» — топширилиши мумкин бўлган ёки топширилган шахсга нисбатан ҳудудида ҳукм чиқарилган давлатни англатади;
d) «ҳукмни ижро этиш Давлати» — маҳкум жазони ўташи учун топширилиши мумкин бўлган ёки топширилган давлатни англатади;
e) «фуқаро» — Томонлардан бирининг фуқароси бўлган шахсни англатади;
f) «яқин қариндошлар» — ҳар бир Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ яқин қариндошлар ҳисобланувчи шахсларни англатади;
g) «мустаҳкам ижтимоий алоқалар» — Томонларнинг ҳудудида яқин қариндошларининг мавжудлиги ёки муайян тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши каби ижтимоий ва иқтисодий алоқадорлик муносабатларни англатади, ҳатто бундай маҳкумнинг ушбу Томон фуқаролиги бўлмаса ҳам;
h) «қонуний вакиллар» — ҳар бир Томоннинг миллий қонунчилиги билан белгиланган тартибга мувофиқ шундай деб эътироф этилган шахсларни англатади.
2-модда
Умумий қоидалар
1. Томонлар мазкур Битимнинг шартлари ва қоидаларига мувофиқ маҳкумларни топшириш билан боғлиқ барча масалалар бўйича кенг кўламли ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
2. Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ Томонлардан бирининг ҳудудида ҳукм қилинган шахс бошқа Томон ҳудудида ҳукмни ижро этиш учун топширилиши мумкин.
3-модда
Марказий органлар ва алоқа воситалари
1. Томонларнинг мазкур Битим қоидалари ижроси учун масъул бўлган марказий органлари қуйидагилар ҳисобланади:
Туркия Республикаси Адлия вазирлиги,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси,.
2. Томонлардан бири ўзининг марказий органини ўзгартирган ҳолларда, бошқа Томон бундай ўзгаришлар тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабардор қилинади.
3. Томонларнинг марказий органлари бир-бирлари билан дипломатик каналлар орқали алоқа қиладилар. Марказий органлар мазкур Битимнинг амалга оширилишини енгиллаштириш мақсадида бир-бирлари билан факс, электрон почта ёки бошқа тезкор алоқа воситалари орқали ҳам бевосита алоқа қилишлари мумкин, ҳужжатларнинг асл нусхалари эса дипломатик каналлар орқали тақдим этилиши лозим.
4-модда
Топшириш шартлари
Маҳкум мазкур Битимга мувофиқ қуйидаги шартлар асосида топширилиши мумкин:
a) башарти ушбу шахс ҳукмни ижро этиш Давлати фуқароси бўлса ёки бундай фуқаролиги бўлмаган ҳолда, ҳукмни ижро этиш Давлати билан боғлиқ мустаҳкам ижтимоий алоқалари мавжуд бўлса;
b) башарти суд қарори якуний бўлса;
c) башарти топшириш тўғрисидаги сўров келиб тушган пайтда маҳкум томонидан жазо муддатининг ўталмай қолган қисми тўққиз ойдан кам бўлмаса;
d) башарти маҳкум топширилишга розилик билдирса ёки унинг ёши ёки жисмоний ёхуд руҳий ҳолатини эътиборга олиб, икки Давлатдан бири буни лозим деб топган тақдирда, бундай розилик қонуний вакил томонидан билдирилган бўлса;
e) башарти ҳукм чиқаришга асос бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ҳукмни ижро этиш Давлати қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланса ёки бундай қилмиш унинг ҳудудида содир этилган тақдирда жиноят ҳисобланса; ва
f) башарти ҳукм чиқариш ва ҳукмни ижро этиш Давлатлари топширишга рози бўлса.
5-модда
Маълумотларни ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти
1. Ҳукм чиқариш Давлати ҳукмни ижро этиш Давлатига қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни тақдим этади:
a) маҳкумнинг исм-шарифи, туғилган санаси ва жойи ҳамда унинг ҳукмни ижро этиш Давлатидаги яшаш манзили, шунингдек, башарти мавжуд бўлса, паспорти ёки бошқа ҳар қандай шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси ва бармоқ излари;
b) шахсни ҳукм қилишга асос бўлган далилларнинг баёни;
c) жазонинг хусусияти, муддати ва ижро этилиши бошланган сана;
d) ҳукмнинг тасдиқланган нусхаси ва маҳкумга нисбатан ҳукм чиқаришга асос бўлган қонуннинг тегишли қоидаларидан кўчирма;
e) маҳкумнинг мурожаатини кўриб чиқиш ёки уни қамоқда сақлаш шароитини белгилаш учун маҳкумга оид тиббий, ижтимоий ёки бошқа ҳар қандай хулоса;
f) маҳкумнинг мазкур Битимга мувофиқ топширилишининг ҳуқуқий оқибатларини англаган ҳолда, бунга розилигини ёзма равишда берганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
g) маҳкумнинг ёки ҳукм чиқариш Давлатининг қонунчилигига мувофиқ унинг номидан ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг топшириш тўғрисидаги аризаси;
h) жазонинг ўталган қисми, шу жумладан, қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, жавобгарликдан озод қилиниши тўғрисидаги маълумотлар ёки суд ҳукмини ижрога қаратиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳар қандай маълумотларни кўрсатувчи ҳужжат; ва
i) ҳукм чиқариш Давлати томонидан ҳукмни ижро этиш Давлатига тақдим этиладиган маҳкумни топширишга розилик ҳақидаги ҳужжат;
j) ҳукмни ижро этиш Давлати қарор қабул қилиш учун лозим деб топиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа маълумот ёки ҳужжат.
2. Ҳукмни ижро этиш Давлати ҳукм чиқариш Давлатига қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни тақдим этади:
a) маҳкумнинг ҳукмни ижро этиш Давлати фуқароси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;
b) ҳукм чиқариш Давлатида ҳукм чиқаришга сабаб бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ҳукмни ижро этиш Давлатининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланса ёки бундай қилмиш унинг ҳудудида содир этилган тақдирда, жиноят ҳисобланишини назарда тутувчи ҳукмни ижро этиш Давлатининг тегишли қонуни нусхаси;
c) маҳкум топширилгандан кейин ҳукмни ижро этиш Давлатида ҳукмнинг муддати ва ижро этилишига ҳар қандай қонун ёки қарорнинг, шу жумладан, башарти қўлланилиши мумкин бўлса, мазкур Битимнинг 13-моддаси 2-бандининг таъсири тўғрисидаги баёнот;
d) ҳукм чиқариш Давлати қарор қабул қилиш учун лозим деб топиши мумкин бўлган ҳар қандай қўшимча маълумот ёки ҳужжат.
6-модда
Сўровлар, жавоблар ва зарур ҳужжатлар
1. Топшириш тўғрисидаги сўровлар ва уларга жавоблар ёзма равишда тузилган бўлиши лозим.
2. Мазкур Битим мақсадларида бир Томоннинг марказий органи томонидан имзо ва расмий муҳр билан тасдиқланган ҳар қандай ҳужжат бошқа Томон ҳудудида апостиль қўйиш ёки ҳақиқийлигини бошқача тартибда тасдиқлаш талабисиз фойдаланилади.
7-модда
Топшириш тўғрисидаги сўровни рад этиш
1. Қуйидаги ҳолларда топшириш тўғрисидаги сўров рад этилади, башарти:
a) мазкур Битимнинг 4-моддасида кўрсатиб ўтилган талаблар бажарилмаган бўлса;
b) Томонлардан бири бундай топшириш унинг суверенитети, хавфсизлиги ёки жамоат тартибига зарар етказиши ёки миллий қонунчилик қоидаларига зид деб ҳисобласа;
c) маҳкум ҳукм чиқариш Давлати ҳудудида жиноят процессида иштирок этаётган бўлса;
d) ҳукмни ижро этиш Давлатида жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган бўлса ёки ушбу Давлатнинг қонунчилигида назарда тутилган бошқа асослар бўйича жазонинг ижросини амалга ошириш мумкин бўлмаса.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томон юборган топшириш тўғрисидаги сўровни қаноатлантириш ёки рад этишни ўз ихтиёрига кўра белгилаши мумкин, ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Томонлар бир-бирларини топшириш тўғрисидаги сўровни қаноатлантириш ёки рад этиш юзасидан қабул қилган қарори ва бунга асослар ҳақида дарҳол хабардор қиладилар.
8-модда
Розилик ва уни текшириш
1. Ҳукм чиқариш Давлати мазкур Битимнинг 4-моддасига мувофиқ топширилишга розилик бериши талаб қилинаётган шахс буни ихтиёрий равишда ва ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаб етган ҳолда амалга оширишини таъминлайди.
2. Ҳукм чиқариш Давлати ҳукмни ижро этиш Давлатига ваколатли шахс ёки ҳукмни ижро этиш Давлати билан келишилган бошқа мансабдор шахс орқали 1-бандда баён этилган шартларга мувофиқ розилик берилганлигига ишонч ҳосил қилиш имкониятини тақдим этиши лозим.
9-модда
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
Томонлар мазкур Битим қоидаларини бажариш давомида олинган маълумотларнинг ҳимояси учун масъулдирлар. Бундай маълумотлар учинчи томонга фақатгина марказий органларнинг ёзма розилиги билан берилиши мумкин. Ушбу мажбурият мазкур Битим ўз кучини йўқотгандан кейин ҳам амал қилади.
10-модда
Маҳкумни топшириш
Топшириш тўғрисидаги келишувга эришилгандан сўнг, Томонлар маҳкумни топшириш вақти, жойи ва бошқа тартиблар тўғрисида ўзаро келишиб оладилар.
11-модда
Ҳукм чиқариш Давлати учун топширишнинг оқибати
1. Маҳкумнинг ҳукмни ижро этиш Давлатининг ваколатли органлари томонидан қабул қилиб олиниши жазо ижросини ҳукм чиқариш Давлатида тўхтатиб туришга олиб келади.
2. Башарти ҳукмни ижро этиш Давлати ҳукмнинг ижроси якунланган деб ҳисобласа, ҳукм чиқариш Давлати ҳукмнинг ижро этилишини давом эттира олмайди.
12-модда
Ҳукмни ижро этиш Давлати учун топширишнинг оқибати
1. Ҳукмни ижро этиш Давлатининг ваколатли органи маҳкум топширилгандан сўнг ҳукмнинг ижросини давом эттиради.
2. Маҳкум айнан бир жиноят учун қайта судланиши ёки ҳукм қилиниши мумкин эмас.
13-модда
Ҳукмнинг ижро этилишини давом эттириш
1. Ҳукмни ижро этиш Давлати ўз миллий қонунчилигига мувофиқ:
a) ҳукм чиқариш Давлатининг ҳукмини ижро этишни дарҳол давом эттиради, ёки
b) ҳукмни суд ёки маъмурий тартибда ушбу Давлат қарорига ўзгартиради, бунда ҳукм чиқариш Давлатида тайинланган жазони ҳукмни ижро этиш Давлати қонунида айнан шундай жиноят учун назарда тутилган жазо чорасига алмаштиради.
2. Жазо хусусияти ва муддати бўйича ҳукм чиқариш Давлатининг ҳукмига имкон қадар мос келиши, ҳукм чиқариш Давлати томонидан тайинланган жазога нисбатан оғирроқ бўлмаслиги ва ҳукмни ижро этиш Давлати қонунчилигида белгиланган жазонинг энг кўп муддатидан ошмаслиги лозим;
3. Жазонинг ҳукм чиқариш Давлати ҳудудида ўталган қисми жазонинг умумий муддатига қўшиб ҳисобланиши лозим.
14-модда
Афв этиш, амнистия ва жазони енгиллаштириш
Томонларнинг ҳар бири ўзининг қонунчилиги ва бошқа тартиботларига биноан афв этиши, амнистия қўллаши, тайинланган жазони енгиллаштириши ёки жазодан озод қилишнинг бошқа турларини қўллаши мумкин.
15-модда
Ҳукмни қайта кўриб чиқиш
Ҳукмни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ҳар қандай илтимоснома бўйича қарор қабул қилишга фақатгина ҳукм чиқариш Давлати ҳақли ҳисобланади.
16-модда
Ҳукмни ижро этишнинг тугатилиши
Ҳукм чиқариш Давлати томонидан ҳукм ижросини бекор қиладиган ҳар қандай қарор ва чоралар тўғрисида хабар берилиши билан ҳукмни ижро этиш Давлати ҳукмнинг ижро этилишини дарҳол тугатади.
17-модда
Ҳукмни ижро этиш тўғрисида ахборот
Ҳукмни ижро этиш Давлати ҳукм чиқариш Давлатига ҳукмнинг ижро этилиши тўғрисидаги хабарни тақдим этади:
a) башарти ҳукмнинг ижро этилишини тугалланган деб ҳисобласа;
b) башарти маҳкум ҳукм ижро этилиши тугашидан аввал қочиб кетса ёки вафот этса;
c) башарти ҳукм чиқариш Давлати махсус ҳисобот талаб қилса.
18-модда
Транзит
1. Бир Томон учинчи давлат билан ҳамкорликда бошқа Томон ҳудуди орқали транзит йўли билан маҳкумни ўтказганда биринчи Томон иккинчи Томондан бундай транзит учун рухсат сўрайди.
2. Транзит ташиш ҳаво кемасида амалга оширилаётган ва бошқа Томон ҳудудида қўниш режалаштирилмаган бўлса, транзит учун бундай розилик талаб қилинмайди.
3. Сўралаётган Томон ўзининг миллий қонунчилигига зид келмаган тақдирда, сўраётган Томоннинг транзитига оид сўровини қаноатлантиради.
19-модда
Тил
Маҳкумни топшириш бўйича барча маълумотлар ва сўровлар мурожаат қилинаётган Томоннинг давлат тилида тақдим этилиши лозим.
20-модда
Харажатлар
1. Ҳукм чиқариш Давлати ҳудудида юзага келадиган харажатлар ушбу Давлат томонидан қопланади. Маҳкумни топшириш бўйича юзага келадиган бошқа ҳар қандай харажатлар ҳукмни ижро этиш Давлати томонидан қопланади.
2. Транзит олиб ўтиш билан боғлиқ харажатларни транзит олиб ўтишга сўров берган Томон қоплайди.
21-модда
Битимнинг вақт бўйича қўлланиши
Мазкур Битим қоидалари унинг кучга киргунига қадар ёки кейин чиқарилган ҳукмларга нисбатан қўлланилади.
22-модда
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Битимни қўллаш ва талқин қилишда юзага келадиган низолар марказий органлар томонидан маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
23-модда
Ўзгартиришлар
Мазкур Битимга ҳар қандай вақтда Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Барча ўзгартиришлар 24-моддада назарда тутилган тартибга мувофиқ кучга киради.
24-модда
Ратификация ва кучга кириши
1. Мазкур Битим ратификация қилинади ва дипломатик каналлар орқали унинг ратификация қилинганлиги тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинганидан сўнг ўттиз кун ўтгач кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бирининг дипломатик каналлар орқали бошқа Томондан Битимни тугатиш ҳақида ёзма хабарнома олган кунидан бошлаб олти ой ўтгунига қадар ўз кучида қолади.
3. Мазкур Битим кучга кирган санадан эътиборан 1994 йил 23 июндаги Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасида фуқаролик, савдо ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги Шартноманинг «Ҳукм қилинган шахсларни топшириш» номли 8-боби ўз кучини йўқотади.
Шунга гувоҳлик бериб, тегишли тартибда ваколатланган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2022 йил 29 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди. Мазкур Битим матнларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)