Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хорватия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2025 йил 10 октябрда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4602-HR-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хорватия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Хорватия Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагидан келиб чиқиб,
Амалдаги дипломатик паспорт эгалари бўлган Хорватия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг саёҳатини осонлаштириш истагида,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бўлган фуқаролари 180 (бир юз саксон) кунлик ҳар қандай даврда тўқсон (90) кундан ошмаган муддат давомида бошқа Томон давлатининг ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш ва унда бўлишда виза талабларидан озод этиладилар.
2-модда
Бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бўлган фуқаролари, бошқа Томон давлатининг ҳудудида жойлашган дипломатик ваколатхона, консуллик муассасаси ёки халқаро ташкилот вакиллари сифатида тайинланган шахслар, шунингдек, улар билан бирга яшовчи ва амалдаги дипломатик паспортга эга бўлган оила аъзолари, башарти улар бошқа Томон давлатининг ҳудудига келганидан сўнг ўттиз (30) кун ичида аккредитация талабларини бажарган бўлсалар, бутун тайинлов муддати давомида визасиз кириш, бўлиш ва чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар.
3-модда
1. Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бўлган фуқаролари бошқа Томон давлатининг ҳудудида бўлишлари давомида паспортлари йўқолган ёки шикастланган тақдирда, бу ҳақда қабул қилувчи давлатнинг ваколатли органларини хабардор қиладилар.
2. Тегишли Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ўз фуқароларига янги йўл ҳужжатини расмийлаштиради.
4-модда
Мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида назарда тутилган ҳар бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлатининг ҳудудига халқаро йўловчи ташиш учун очиқ бўлган ҳар қандай чегара ўтказиш пунктлари орқали киришлари ва чиқишлари мумкин.
5-модда
Ҳар бир Томон бошқа Томон давлатининг исталмаган шахс деб ҳисобланган фуқаросини ўз давлатининг ҳудудига киритмаслик ёки унда бўлиш муддатини қисқартириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
6-модда
Мазкур Битим ҳар бир Томон давлатининг фуқароларини бошқа Томон давлатининг ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва қоидаларга риоя қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
7-модда
1. Ҳар бир Томон миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ёки жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш сабабларига кўра мазкур Битим қўлланилишини вақтинча, тўлиқ ёки қисман, тўхтатиб туриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
2. Мазкур Битим қўлланилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги қарор бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма равишда, кучга киришидан камида 72 (етмиш икки) соат олдин хабар қилинади.
3. Ҳар қандай Томон тарафидан мазкур Битим қўлланилишини тўхтатиб туриш мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида назарда тутилган бошқа Томон давлатининг ҳудудида бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқларига дахл қилмайди.
8-модда
1. Мазкур Битим мақсадларида Томонлар ўзларининг амалда қўлланилаётган дипломатик паспортлари намуналарини ҳамда бундай ҳужжатларнинг батафсил тавсифини ушбу Битим имзолангандан сўнг 30 (ўттиз) кундан кечиктирмай дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
2. Ҳар бир Томон янги дипломатик паспортларни жорий этганда ёки амалдагиларига ўзгартириш киритганда, уларнинг намуналарини ва батафсил тавсифини бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали, жорий этилишидан камида 30 (ўттиз) кун олдин тақдим этади.
9-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашдан келиб чиқадиган ҳар қандай низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан дўстона ҳал этилади.
10-модда
Мазкур Битим Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Ҳар қандай бундай ўзгартириш ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва мазкур Битимнинг 11-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради.
11-модда
1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички процедуралар бажарилгани ҳақида бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қилган охирги ёзма билдиришнома қабул қилинган кундан бошлаб 30 (ўттизинчи) кунда кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади.
3. Ҳар бир Томон исталган вақтда бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Битимни тугатиши мумкин. Бундай ҳолда, мазкур Битим бошқа Томон ушбу билдиришномани олган кундан бошлаб 30 (ўттиз) кундан кейин ўз кучини йўқотади.
Нью-Йорк шаҳрида, 2025 йил 24 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, хорват ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битимни талқин қилишда келишмовчилик юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)