Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» КОРПОРАЦИЯСИ МАРКАЗИЙ АППАРАТИ ТАРКИБИДА ШЎРТАН ГАЗ-КИМЁ КОМПЛЕКСИ ҚУРИЛИШИ БОШҚАРМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир шаклланган илғор тажрибани ҳисобга олиб, Шўртан газ-кимё комплексининг технология ва умумзавод қисми қурилишини самарали ташкил этиш ҳамда ишларнинг бутун комплекси бажарилиши устидан амалий назоратни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекнефтгаз» миллий корпорацияси раҳбариятига (Қ. Ж. Ҳаққулов) Шўртан газ-кимё қурилиши бошқармаси тузилмасини шакллантиришда улар томонидан жиддий хатоларга йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилсин.
«Ўзбекнафтгаз» корпорацияси Қашқадарё вилоятининг Шўртан посёлкасидаги Шўртан газ-кимё комплекси қурилиши дирекциясини белгиланган тартибда тугатсин.
2. Шўртан газ-кимё комплекси қурилиши бошқармаси схемаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
3. «Ўзбекнефтгаз» миллий корпорациясининг корпорация марказий аппарати таркибида Шўртан газ-кимё комплекси қурилиши бошқармасини (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қиинсин.
Қуйидагилар Бошқарманинг асосий вазифаси этиб белгилансин:
лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, комплекснинг технология ва умумзавод қисмлари чегарасида лойиҳа ечимлари биргаликда амалга оширилиши устидан назоратни амалга ошириш;
лойиҳани маблағ билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, кредит битимлари бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
тайёрланадиган технологик асбоб-ускуналарнинг ишончлилиги ва стандартларга мувофиқлигини лойиҳани бошқариш бўйича мустақил хорижий маслаҳатчи билан биргаликда текшириш, етказиб берилаётган асбоб-ускуналар ва материалларни текширишда ва қабул қилишда қатнашиш;
пудрат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, қурилиш-монтаж ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назорат қилиш;
комплекснинг технология қурилмалари ва энергия таъминоти қурилмаларини режалаштириш ва улар фойдаланишга топширилишини мувофиқлаштириш, комплекс объектларини пудрат ташкилотлардан қабул қилиб олиш учун ишчи комиссиялар тайинлаш.
4. Бошқарманинг тузилмаси ва штат жадвали 2, 3-иловаларга* мувофиқ 47 нафардан иборат этиб тасдиқлансин.
* 2 ва 3-иловалар берилмайди.
Белгилансинки, Бошқарма харажатлари Шўртан газ-кимё комплекси қурилишининг смета ҳисоб-китобларида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Шўртан газ-кимё комплекси қурилишини жадаллаштириш тўғрисида» 1997 йил 6 ноябрдаги 505-сон қарорининг:
3-банди учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«республика қурилиш ташкилотлари субпудратчилар сифатида жалб қилинган ҳолда «Ўзбекнефтгаз» корпорациясининг «Ўзбекнефтгазқурилиш» бирлашмаси ва «Ўзсувқурилиш» концерни комплекс қурилиши бўйича бош пудратчилар, технология қисмидан, шунингдек ташқи энергия таъминоти ва темир йўл транспорти объектларидан ташқари»;
7-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И. Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 13 июнь,
249-сон