Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Пахта ва буғдойдан юқори ҳосилдорликка эришиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча пахта хомашёси ва (ёки) буғдой етиштирувчи хўжаликлар (кейинги ўринларда — хўжаликлар) учун молиялаштириш ва қўшимча рағбатлантириш механизмларини янада кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Янги молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш
1. Белгилансинки, 2026 йил ҳосилидан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан қуйидагилар компенсация қилинади:
(а) пахта хомашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитларни:
(i) шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 2,5 фоизлик пункти;
(ii) ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизлик пункти;
(б) буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик пункти;
(в) пахта хомашёсини харид қилиш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8 фоиз пунктидан юқори, лекин 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми.
2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:
(а) дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлга қадар қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг 13 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан Агентлик орқали субсидия ажратиш;
(б) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг хўжаликларга қуйидаги субсидияларни ажратиш ваколатини Агентликка ўтказиш:
(i) қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотганда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг бир қисмини қоплаб бериш;
(ii) пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинган пахта хомашёси қийматининг бир қисмини қоплаб бериш;
(в) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидаги 2 та штат бирлигини Агентликка ўтказиш ва уларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
II. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер майдонлари ҳамда экин турларини ҳисобга олган ҳолда дизель ёқилғисига бўлган ҳақиқий талабини «Агроплатформа» ахборот тизимида акс эттириш ҳамда ҳақиқий талабдан ортиқча харид қилинган дизель ёқилғиси учун субсидия ажратилишининг олдини олиш чораларини кўрсин.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда мазкур Фармонда назарда тутилган субсидиялар учун зарур маблағларни Агентликка Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг 2026 йил I чораги якуни бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратсин.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
(а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ҳафта муддатда мазкур Фармоннинг 2-банди «а» кичик бандидаги субсидияни ажратишнинг вақтинчалик тартибини тасдиқласин;
(б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармоннинг 1-бандидаги қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тартибларини ҳамда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдураҳмонов белгилансин.
8. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 8 май,
ПФ-82-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 майдаги ПФ-82-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6179-сон Фармонига 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш департаментининг
ТУЗИЛМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кенгаши | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Департамент директори | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Директор ўринбосари | Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланилишини мониторинг қилиш бўлими 5 | Бош юрисконсульт 1 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Аграр соҳани молиялаштириш бошқармаси 10 | Инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича бош мутахассис 1 | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Дон қабул қилувчилар ва товар-хом ашё биржаси билан ишлаш бошқармаси 7 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни молиялаштириш шўъбаси 1 | Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича бош мутахассис 1 | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Молия-иқтисод бўлими 3 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ижро назорати бўйича бош мутахассис 1 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Изоҳ:
бошқарув ходимларнинг чекланган сони — 32 нафар;
хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар сони белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-205-сон Фармонининг 5-бандида:
(а) «б» кичик банднинг иккинчи хатбошисидаги «80» рақами «100» рақами билан алмаштирилсин;
(б) «в» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) фьючерс шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хом ашёси учун тўловларнинг 80 фоизи пахта хом ашёси қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисми молия йилининг 31 декабрь кунига қадар биржанинг «клиринг» (марказлаштирилган ҳисоб-китоб) тизими орқали амалга оширилади. Бунда:
хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида фьючерс шартномалари бўйича натура (товар-моддий бойликлар) шаклида ҳисоб-китоб қилиш қатъий тақиқланади;
форвард шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хом ашёси учун тўловлар (пахта хом ашёси қийматининг закалат маблағидан қолган қисми) қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан сотувчининг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги «Пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-7-сон Фармонининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Белгилансинки:
а) 2025 йил ҳосили учун пахта хом ашёсини етиштириш учун олинган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоизлик пунктини субсидия сифатида қайтариб бериш тартиби жорий этилади;
б) 2025 йил ҳосилидан бошлаб:
пахта хом ашёсини ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, Биржада сотган хўжаликларга шаклланган ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бунда 2026 йил ҳосилидан бошлаб ушбу субсидия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан ажратилади;
мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, фермерлар ҳамда кооперативларга пахта хом ашёсини сақлаш ва бирламчи (тегирмон усулида) қайта ишлаш хизматларини ташкил этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олишга Жамғарма ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг асосий ставкасида (шундан 2 фоиз банк маржаси) уч йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фақат пахта хом ашёсини қайта ишлаб бериш билан шуғулланади ва пахта хом ашёсини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган субсидияларни ажратиш тартибларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин».
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 январдаги «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-23-сон қарори 2-бандининг «а», «д» ва «е» кичик бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2026 й., 06/26/82/0479-сон)