Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2026-йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ғояларни, ташаббуслар ва таклифларни ўз вақтида амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш ҳамда бу жараёнда парламентнинг ролини янада кучайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2026 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари деб юритилади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
2. Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилиши учун Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари, Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссиялари раислари ва Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларида белгиланган тегишли вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
4. Қонунчилик палатасининг Девони Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг ижроси тўғрисида ҳар ойда Қонунчилик палатасининг раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин ҳамда амалга ошириладиган ишларни, ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
5. Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор тасдиқлаш учун Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 февраль,
1757-V-сон