Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
қарори
Атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 19 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3791]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлаш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамда Фанлар академияси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 3 март,
41-сон
Келишилди:
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
2026 йил 21 февраль
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А. АБДУХАКИМОВ
2026 йил 16 февраль
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2026 йил 9 январь
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2026 йил 7 январь
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2026 йил 5 январь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 3 мартдаги 41-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлаш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар сув, сув-энергетик реактори (ВВЕР) туридаги реакторлар билан жиҳозланган атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнида водородли портлашдан ҳимоя қилишга қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур ҳужжатда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;
детонация — ёнувчи газ аралашмасида кимёвий реакциянинг зарба тўлқини билан боғланган ҳолда товуш тезлигидан юқори тезликда тарқалиши билан тавсифланадиган портлаш жараёни;
дефлаграция — чекланган ҳажмда водород сақловчи аралашмада реакция фронтининг товуш тезлигидан паст тезликда тарқалиши натижасида ўртача босим ҳамда иссиқлик юкламалари юзага келиши билан тавсифланадиган портлаш;
герметик тўсиқ — ядровий реактор қурилмаси ёки радиоактив моддаларни сақловчи бошқа объектлар атрофидаги фазони ажратиб турувчи, атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилган чегарани ҳосил қилувчи қурилиш ва бошқа конструкция элементлари мажмуи;
лойиҳавий авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилган бошланғич ҳодисалар натижасида содир бўладиган ҳамда уларнинг оқибатларини чеклаш учун хавфсизлик тизимлари назарда тутилган авариялар;
лойиҳадан ташқари авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилмаган сабаблар ёки ҳодисалар кетма-кетлиги натижасида юзага келадиган авариялар.
2. Атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнида ташқи табиий ҳамда техноген таъсирлар ҳисобга олинган ҳолда водород сақловчи аралашмалар портлашидан ҳимояни таъминлашга қаратилган ташкилий ва техник чора-тадбирлар эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ушбу ҳужжат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.
3. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станциясида қуйидаги ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўйилмаслигини таъминлаши зарур:
нормал эксплуатация вақтида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги тизимлар, элементлар ва хоналарда водород сақловчи портловчи аралашмаларнинг ҳосил бўлишига;
лойиҳавий аварияларда герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналарда водород сақловчи аралашмаларнинг детонацияси ва дефлаграциясига;
лойиҳадан ташқари аварияларда водород сақловчи аралашмаларнинг детонациясига.
4. Атом электр станциясида лойиҳадан ташқари аварияларда дефлаграцияга фақат атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган хавфсизликни таъминловчи тизимлар ўз функцияларини тўлиқ бажариши шарти билан йўл қўйилади.
5. Атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси жараёнида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмларда водород сақловчи аралашмалар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидагиларни таъминлаши керак:
атом электр станциясидаги технологик жараёнларнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган чегаравий параметрлар ва эксплуатация шартларига мувофиқ олиб борилишини;
герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналарга водород ҳамда водород сақловчи аралашмалар бошқа таркибий қисмларининг кириб келишининг олдини олувчи ёки уларнинг кириб келиш даражасини атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган нормаларгача камайтирувчи технологик ускуналар конструкциясининг герметиклигини;
герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмда водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар (элементлар)нинг ишлаши натижасида водород ва водород сақловчи аралашмаларнинг портлашга олиб келувчи концентрациясининг камайишини;
водород сақловчи аралашмалар концентрациясининг доимий назорат қилинишини.
6. Атом электр станциясида водород сақловчи аралашмаларнинг дефлаграцияси ва детонациясининг олдини олиш уларнинг таркиби ва параметрларини назорат қилиш ҳамда бошқаришга мўлжалланган актив ва пассив тизимлар (элементлар)ни қўллаш орқали таъминланиши зарур.
7. Атом электр станциясида водород сақловчи аралашмаларнинг дефлаграцияси ёки детонацияси юз берган тақдирда пайдо бўладиган иссиқлик ва механик таъсирларни камайтириш махсус техник воситалар ва тизимлар ёрдамида таъминланиши лозим.
2-боб. Атом электр станциясини лойиҳалаш ва қуриш жараёнида водородли портлашдан ҳимояни таъминлаш
8. Герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналарда нормал эксплуатация, унинг бузилиши ҳамда авариявий ҳолатларда қуйидагилар белгиланиши зарур:
водород сақловчи портловчи аралашмаларнинг ҳосил бўлиш манбалари;
водород сақловчи портловчи аралашмаларнинг таркиби ва водороднинг концентрацияси;
водород ва водород сақловчи аралашмаларнинг параметрларини назорат қилиш жойлари ва воситалари.
9. Атом электр станциясида лойиҳадан ташқари аварияларда водород сақловчи аралашмаларнинг эҳтимолий портлаши натижасида тизимлар ва элементларга тушадиган механик ва иссиқлик юкламалари таъсирининг эҳтимолий оқибатлари белгиланиши керак.
10. Герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналар, тизимлар ва элементларни водород сақловчи аралашмаларнинг портлашидан ҳимоя қилишга мўлжалланган махсус конструкциялар бўлиши зарур.
11. Водород сақловчи аралашмаларнинг портлашида водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва элементлар белгиланиши керак.
12. Атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси жараёнида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги тизимлар, элементлар ва хоналарда водород ҳосил бўлишига эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан фақат қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
конструкция материалларнинг коррозияси;
реакторнинг фаол зонасида сувнинг радиолизи;
ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзасида сувнинг радиолизи;
таъмирлаш ишлари вақтида биринчи контурнинг герметиклиги бузилиши натижасида сувдан водороднинг ажралиши.
13. Атом электр станциясининг авариявий ҳолатларида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги тизимлар, элементлар ва хоналарда водород ҳосил бўлишига қуйидаги жараёнлар натижасида йўл қўйилиши мумкин:
фаол зона ва зона ташқарисида сув ҳамда сув буғининг радиолизи;
ядровий реактор контурларида мавжуд водород ва кислороднинг ажралиши;
сувдаги аммиакнинг парчаланиши;
дозаланган захира сувдан гидразин ва аммиак ажралиши;
хавфсизлик тизимлари баклари ва сув сиғимларидан дозаланган гидразиннинг ажралиши;
сувнинг иссиқлик диссоциацияси (2000°C дан юқори ҳароратда);
буғ-цирконий реакцияси;
темир-буғ реакцияси;
иссиқлик изоляциясида ва конструкция элементларидаги алюминий ёки рух материалларнинг коррозияси;
бор кислотаси аралашмасида органик қопламаси шикастланган углеродли пўлатнинг коррозияси;
уран диоксиди билан буғнинг реакцияси;
ядровий ёқилғи билан бетоннинг таъсири каби технологик жараёнларнинг хусусиятлари.
14. Атом электр станцияси лойиҳасида водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган қуйидаги тизимлар назарда тутилиши лозим:
водород сақловчи аралашмаларни ёқиш тизимлари;
водородли муҳитни чиқариб юбориш тизимлари (ишчи муҳитни тозалаш ва атроф-муҳитга чиқаришни ўз ичига олган ҳолда);
муҳитларни аралаштириш тизимлари;
авария ва авариядан кейинги даврда водород сақловчи аралашмани бошқа газлар билан суюлтириш тизимлари.
15. Атом электр станцияси лойиҳасида водородли портлашнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги ҳолатларга йўл қўйилмаслиги лозим:
хоналарнинг туташ ҳажмларидан бирида портлаш хавфи бўлган водородли аралашмалар тўпланиши;
герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмларда турғун зоналар шаклланиши.
16. Атом электр станцияси лойиҳасида ҳамда атом электр станцияси хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисоботда водородли портлашдан ҳимоя чоралари асослантирилиши лозим.
17. Водородли портлашдан ҳимояланиш лойиҳавий ечимлар асосида асосланиши ҳамда атом электр станцияси хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисоботда кўрсатилиши лозим.
18. Атом электр станцияси лойиҳасида водород сақловчи аралашмалар портлашининг, шу жумладан электротехника ускуналаридан фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган портлаш манбаларининг олдини олишга қаратилган ташкилий-техник чора-тадбирлар кўзда тутилиши лозим.
19. Герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналарда жойлаштирилган ускуналар ҳамда қурилиш конструкциялари нормал эксплуатация шароитида ва авария ҳолатларида водород ҳосил бўлишининг олдини олувчи конструкция материаллардан тайёрланган бўлиши ёки махсус ҳимоя қопламалари билан муҳофазаланган бўлиши зарур.
20. Атом электр станцияси лойиҳасида водород сақловчи аралашма параметрларига кўра атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси учун чегаралар ва шартлар белгиланиши ҳамда асослантирилиши лозим.
21. Атом электр станцияси лойиҳасида водород сақловчи аралашманинг термодинамик параметрларини ўлчаш воситалари блокли ва захира бошқарув пунктларига ахборотни узатиб туриши лозим.
22. Герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналарда водород сақловчи аралашмалар параметрларини назорат қилиш нуқталарининг сони водород тўпланиши мумкин бўлган ҳудудларни инобатга олган ҳолда танланиши ва атом электр станцияси лойиҳасида асослантирилиши лозим.
23. Атом электр станцияси лойиҳасида водород сақловчи аралашма параметрларининг қийматларига кўра технологик блокировкалар ишга тушиш шартлари белгиланиши ва асослантирилиши лозим.
24. Водород сақловчи аралашма параметрларини назорат қилиш тизимининг ўлчов каналлари ўлчаш диапазонининг бутун оралиғи бўйича метрология текширувидан ўтган бўлиши ҳамда атом электр станцияси лойиҳасида белгиланиши ва асослантирилиши шарт.
3-боб. Атом электр станциясининг эксплуатацияси жараёнида водородли портлашдан ҳимояни таъминлаш
25. Атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементларидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилиши лозим.
26. Водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементларидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар қуйидагиларни ўз ичига олиши зарур:
далолатнома билан расмийлаштириладиган тизимлар ва уларнинг элементларига техник хизмат кўрсатиш, ишлаш қобилиятини текшириш ҳамда режали таъмирлашнинг ҳажми ва даврийлиги;
тизимлар ва элементларнинг техник ҳолатини назорат қилиш тартиби, атом электр станциясининг хавфсизлиги таъминланган ҳолда энг кам зарурий ускуналар таркибини таъмирлаш, ишлаш қобилиятини текшириш ва техник хизмат кўрсатишга чиқариш шартлари.
27. Атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементлари таъмирдан сўнг атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган параметрларга мувофиқлиги эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан текширилиши зарур.
28. Атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементлари ядровий ёқилғини юклаш вақтида, ядровий реакторнинг барча қувват даражаларида, шунингдек олдиндан режалаштирилган техник хизмат кўрсатиш даврида соз ҳолатда бўлиши керак.
29. Эксплуатация қилувчи ташкилот водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементларининг техник ҳолати устидан назоратни амалга ошириши лозим.
30. Атом электр станциясини эксплуатация қилиш жараёнида водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементлари учун масъул ходимларни тайёрлаш ҳамда уларнинг ишга лаёқатини мунтазам назорат қилиш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан таъминланиши керак.
4-боб. Якуний қоида
31. Мазкур Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2026 й., 10/26/3791/0269-сон)