Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Словения Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2025 йил 30 майда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4593-SI-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словения Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқларни боғловчи алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
Икки мамлакат ўртасида таълим, фан ва маданият соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ўз мамлакатларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилишига ишонч ҳосил қилган ҳолда,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига асосланиб таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни рағбатлантирадилар ҳамда ҳамкорлик учун зарур шароитларни яратишга интиладилар, хусусан:
- илмий, маданий ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри илмий ва маданий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, ўқитувчилар ва олимларнинг алмашинувини рағбатлантириш;
- олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ўртасида илмий, техникавий ва маъмурий соҳаларда тажриба ва билим алмашинишни осонлаштириш;
- ҳар икки Томоннинг имкониятларига мувофиқ, мобиллик дастурлари, стипендиялар ва қўшма тадқиқот фаолиятларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини ўрганиб чиқиш;
- иккала мамлакатнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги академик ҳамкорликни кенгайтириш;
таълим тизимлари ҳақида маълумот алмашиш;
- мобиллик дастурларида иштирок этаётган қатнашчиларга уларнинг чет элдаги тажрибаларини бойитиш мақсадида ёрдам бериш тизимларини амалга ошириш, шу жумладан, йўналтириш, тил ўқитиш ва мураббийлик имкониятларини тақдим этиш;
- бадиий санъат (мусиқа, театр, рақс), адабиёт, амалий ва тасвирий санъат, фотография, архитектура, жамоат коллекциялари (музейлар, кутубхоналар, архивлар) ва бошқа санъат турлари ҳамда ижодий гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни ва алмашинувларни рағбатлантириш:
- кутубхоналар ва архивлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни рағбатлантириш;
- ўз мамлакатларидаги таълим ва маданий муассасаларда таълим, фан ва маданият соҳаларида тадбирлар, шу жумладан, семинарлар, маърузалар, китоб кўргазмалари ва ярмаркалар ҳамда бошқа шаклларда иккала мамлакатнинг ютуқларини тақдим этиш учун тадбирлар ўтказишни рағбатлантириш;
- таълим, фан ва маданият соҳаларида Томонлар ўртасида келишилган бошқа ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш.
2-модда
1. Томонлар турли маданий ва бадиий фаолиятларни ривожлантириш ва рағбатлантириш, шунингдек, ўз имкониятлари доирасида уларни амалга оширишга, хусусан, қуйидагилар орқали кўмаклашишга келишиб оладилар,:
- маданият соҳасининг турли йўналишларида ҳамкорлик, амалиёт ўташ ва тажриба алмашиш мақсадида вакилларнинг ўзаро ташрифларини қўллаб-қувватлаш;
- яккахон санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг хориж сафарлари, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва бошқа маданий тадбирларни рағбатлантириш;
- ўз мамлакатларида манфаатдор томонлар тарафидан ташкил этиладиган фестиваллар ва бошқа халқаро тадбирларга таклифномаларни юбориш.
2. Томонлар ўз мамлакатларида таълим, илмий тадқиқот ва маданий фаолиятларга оид китоблар, рисолалар, даврий нашрлар, ҳужжатлар, фильмлар ҳамда бошқа материаллар ва манбаларни алмашишни рағбатлантирадилар.
3-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, қўлёзмалар, архивлар ва тарихий ҳужжатлардан фойдаланишни осонлаштирадилар ҳамда ўз мамлакатларида археология ва маданий мерос соҳаларида ҳамкорлик қиладилар. Томонлар, шунингдек, ушбу соҳаларда мутахассислар алмашинувини қўллаб-қувватлайдилар.
4-модда
Томонлар ўз давлатларининг машҳур адабий асарларини таржима қилиш ва нашр этишни рағбатлантирадилар.
5-модда
Томонлар Словения Республикасида ўзбек тилини ва Ўзбекистон Республикасида словен тилини ўрганишни, шунингдек, тегишли ўқув-услубий адабиётларни таржима қилиш ва нашр этишни рағбатлантирадилар.
6-модда
Томонлар икки давлатнинг таълим, илмий ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича битимлар тузилишини рағбатлантирадилар.
7-модда
Зарурат ҳолларда, Томонлар ушбу Битимни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва лойиҳаларни назарда тутувчи ижро дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, имкон қадар ушбу Битим ва унинг ижро дастурлари доирасидаги фаолиятни амалга ошириш учун молиявий ва бошқа ташкилий шартларни белгилаш мақсадида ўз вакиллари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказишлари мумкин.
8-модда
Мазкур Битим Томонларнинг тегишли давлатлари иштирокчи бўлган бошқа шартномалар доирасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки амалга оширишдан келиб чиқадиган ҳар қандай низолар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Мазкур Битимга исталган вақтда Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиришлар 11-модданинг 1-бандига мувофиқ кучга киради.
11-модда
1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган тегишли ички ҳуқуқий тартиб-таомиллар бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладиган охирги ёзма билдиришнома олинган санадан сўнг ўттизинчи (30) кундан бошлаб кучга киради. У беш (5) йил муддатга амал қилади ва кейинги беш (5) йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали олти (6) ой олдин ёзма равишда хабардор қилиш орқали исталган вақтда ушбу Битимни тугатиши мумкин.
Любляна шаҳрида, 2025 йил 22 майда, икки асл нусхада ўзбек, словен ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчилик юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)