ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 6 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3785]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига қўйиладиган талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 февраль,
39-сон
Келишилди:
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А. АБДУХАКИМОВ
2026 йил 6 февраль
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2026 йил 2 февраль
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2026 йил 9 январь
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2026 йил 9 январь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 16 февралдаги 39-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига қўйиладиган
ТАЛАБЛАР
Мазкур ҳужжат атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур ҳужжатда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
атом электр станцияси майдончаси — атом электр станцияси блоклари ва унга тегишли бино ва иншоотлар жойлаштириладиган майдон;
атом электр станцияси ҳудуди — атом электр станцияси хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган табиий ва техноген хусусиятга эга ҳодисалар юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудуд;
эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;
фаол ёриқ — ер пўстининг туташ блоклари ўртасида 0,5 метр ва ундан ортиқ нисбий силжиш кузатилган тектоник ёриқ;
сейшалар — ёпиқ ёки қисман ёпиқ сув ҳавзаларида вужудга келадиган тик (стационар) тўлқинлар.
2. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига табиий ва техноген хусусиятга эга ҳодисалар таъсирини ҳисобга олган ҳолда атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш учун ташкилий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши лозим.
Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудининг чегаралари муҳандислик-геологик, гидрологик, сейсмологик ва радиациявий-гигиеник тадқиқотлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши керак.
3. Атом электр станцияси майдончасининг яроқлилигини аниқлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:
атом электр станцияси майдончасида юз бериши мумкин бўлган табиий ва техноген хусусиятига эга ҳодисалар ҳамда уларнинг атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлашга таъсири;
атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси ва нормал эксплуатациянинг бузилиши, шу жумладан лойиҳа ва лойиҳадан ташқари авариялар ҳолатида аҳоли ва атроф-муҳитга радиациавий таъсири;
радиоактив моддаларнинг тарқалиши ва тўпланишига таъсир этувчи атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудининг табиий-географик, топографик, иқлимий, метеорологик, гидрологик, гидрогеологик ҳамда геокимёвий хусусиятлари.
4. Атом электр станцияси майдончасининг яроқлилигини аниқлаш натижасида қуйидаги омиллардан бири аниқланса, атом электр станциясини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:
фаол ёриқлар мавжуд бўлганда;
ерости сувларининг сатҳи юқори бўлганда;
сейсмиклиги «Медведев-Шпонхоер-Карник МСК-64» шкаласи бўйича максимал ҳисобланган зилзила жадаллигининг 8 баллдан юқори қиймати (максимал тезланиши 4 м/с2 ва ундан ортиқ) билан тавсифланганда;
сульфатли ва тузли карст тарқалиши мавжуд бўлганда;
табиатни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ атом электр станцияларини жойлаштириш тақиқланганда.
5. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атроф-муҳит ва аҳоли хавфсизлиги учун атом электр станцияси майдончасидаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши лозим.
2-боб. Табиий хусусиятга эга ҳодисаларнинг атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига таъсирини баҳолаш
6. Атом электр станцияси лойиҳасида атом электр станцияси майдончаси учун қуйидаги сейсмик фаоллик хусусиятлари кўрсатилиши лозим:
ер устидаги тупроқларнинг зилзила таъсиридаги тебранишининг кучи;
атом электр станциясига тегишли бино ва иншоотлар жойлашган ҳудудларда, қурилиш ва эксплуатация жараёнида ўзгариши мумкин бўлган тупроқ тебраниши;
сейсмик юкланишлар таъсирида тупроқнинг суюқланиш эҳтимоли.
7. Атом электр станцияси лойиҳасида атом электр станцияси ҳудуди учун қуйидаги тектоник фаоллик хусусиятлари кўрсатилиши лозим:
тектоник ёриқлар, узилишлар ва эҳтимолий зилзила ўчоқлари зоналарининг жойлашув схемалари, уларнинг хусусиятлари, йўналишлари, чегаралари ҳамда атом электр станциясигача бўлган минимал масофалар;
ер пўстининг сўнгги даврлардаги тектоник силжишлари, тўртламчи ва ҳозирги давр ҳаракатларининг амплитудалари, тезликлари ва градиентлари, шунингдек юз бериши мумкин бўлган силжишларнинг параметрлари;
фаол ёриқ зоналарининг тавсифлари (геометрик хусусиятлари, ёриқлар бўйича силжишларнинг амплитудаси ва йўналиши, охирги фаоллашув вақти).
8. Атом электр станцияси лойиҳасида йилига 10-4 ва ундан ортиқ эҳтимолликка эга бўлган экстремал ёғинлар, қорнинг жадал эриши, дарё ўзанларининг тўсилиши, қор ва грунт кўчкилари, кучли шамол таъсиридаги сув оқимлари ҳамда сейшалар таъсири ҳисобга олинган ҳолда атом электр станцияси майдончасининг сув босиши мумкин бўлган максимал баландлиги ва давомийлиги аниқланиб, кўрсатиб берилиши зарур.
Агар атом электр станцияси майдончаси сув ҳавзаси қирғоғида жойлашган бўлса, атом электр станцияси лойиҳасида сейшалар, зилзилалар, сув сатҳининг кўтарилиши ва пасайиши, шамол таъсирида сув оқимлари ҳамда тўлқинларнинг қирғоққа чиқиши йилига 10-4 ва ундан ортиқ эҳтимоллик билан содир бўлиши мумкин бўлган максимал сув тошқинларининг хусусиятлари аниқланиб, кўрсатиб берилиши керак.
9. Атом электр станцияси майдончасида жойлашган атом электр станциясини техник сув билан таъминловчи манбаларда сув сатҳининг йилига 0,9999 эҳтимолликкача бўлган минимал қиймати аниқланиши керак.
10. Атом электр станцияси хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган табиий хусусиятга эга ҳодисалар учун қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
табиий хусусиятга эга ҳодисаларнинг максимал интенсивлиги, частотаси ва таъсир манбалари, атом электр станциясигача бўлган минимал масофалар;
табиий хусусиятга эга ҳодисаларнинг эҳтимолий комбинациялари, яъни бир-бирига боғлиқ ёки боғлиқ бўлмаган ҳодисалар биргаликда юзага келиб, алоҳида бир хавф омилига нисбатан янада жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли.
3-боб. Техноген хусусиятга эга ҳодисаларнинг атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудига таъсирини баҳолаш
11. Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудида йилига 10-6 ва ундан ортиқ эҳтимоллик билан намоён бўлиши мумкин бўлган техноген хусусиятга эга ҳодисалар ҳисобга олиниши лозим.
12. Техноген хусусиятга эга ҳодисаларнинг атом электр станцияси хавфсизлигига таъсирининг таҳлили қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши зарур:
ташқи таъсирларнинг максимал интенсивлиги ва эҳтимоллиги;
атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилган ташқи таъсирлар эҳтимоллигининг меъёрий даражаси;
ташқи таъсирлар манбалари ва атом электр станцияси орасидаги хавфсиз масофа.
13. Атом электр станцияси лойиҳасида барча мумкин бўлган стационар ва кўчма авариявий портлаш манбаларининг атом электр станцияси хавфсизлигига таъсирини ҳисобга олган таҳлил қилиниши керак.
Хавфсизлик бўйича таҳлилда стационар ва кўчма авариявий портлаш манбаларидаги моддалар миқдори ва уларнинг хусусиятлари инобатга олиниши лозим.
Атом электр станцияси майдончасидан қуйидаги узоқликда жойлашган объектлар стационар ва кўчма авариявий портлаш манбалари ҳисобланади:
30 км радиусда жойлашган ҳарбий объектлар;
10 км радиусда жойлашган портловчи моддалар ва ўқ-дорилар омборлари ҳамда уларни сақлаш иншоотлари;
5 км радиусда жойлашган технологик портлашлар содир бўлиши мумкин бўлган, шунингдек босим остида ишлайдиган идишлар ҳамда газлар, буғлар ва бошқа суюқликлар билан ишловчи юқори босимли қурилмалар мавжуд бўлган ташкилотлар;
5 км радиусда жойлашган портловчи моддалар ташилиши мумкин бўлган автомобил ва темир йўл йўналишлари ҳамда портловчи моддаларни ташувчи сув транспорти воситалари қатнови;
7 км радиусда жойлашган нефт, газ ва бошқа ёнувчи ёки тез алангаланувчи суюқликларнинг магистрал қувурлари;
7 км радиусда жойлашган зарарли (ифлослантирувчи) ва ёнғин хавфини юзага келтирувчи манбаларга эга корхоналар ҳамда фуқаролик ва ҳарбий авиация учун мўлжалланган ҳаво йўллари ва учиш майдонлари.
14. Атом электр станцияси лойиҳасида энг хавфли авариявий портлашларнинг таъсир параметрлари, зарба тўлқинлари ҳамда портлашларнинг иккиламчи оқибатлари (грунт силкиниши, учувчи жисмлар таъсири, газ булутининг маҳаллий шароитда тарқалиши) ҳисобга олиниши лозим ва атом электр станцияси майдончасигача бўлган хавфсиз масофалар белгиланиши керак.
15. Атом электр станцияси лойиҳасида атом электр станцияси хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ва атом электр станцияси майдончасининг чегарасидан 5 км радиусда жойлашган барча фаол кимёвий моддалар ёки фаол кимёвий моддалардан иборат ташланмалар чиқарувчи корхоналар, шунингдек заҳарли ва коррозия таъсирга эга моддаларни қайта ишлаш, қўллаш, сақлаш ва ташишни амалга оширувчи саноат объектларининг таъсири таҳлил этилиши лозим.
4-боб. Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудидаги атроф-муҳит таркибий қисмларининг мониторинги
16. Атом электр станцияси лойиҳасида муҳандислик изланишлари натижаларини инобатга олган ҳолда, атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудидаги атроф-муҳитнинг таркибий қисмлари эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан мониторинг қилиниши лозим.
17. Атроф-муҳитнинг таркибий қисмлари мониторинг табиий хусусиятга эга ҳодисаларнинг таъсирини режавий кузатувларини ҳамда техноген хусусиятга эга ҳодисаларнинг таъсирини мунтазам назоратини ўз ичига олиши керак.
18. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атроф-муҳитнинг таркибий қисмларини мониторинг қилиш натижалари доимий қайд этиб борилиши ҳамда ушбу қайдлар атом электр станциясининг тўлиқ «ҳаётий» даври давомида сақланиб борилиши керак.
19. Атом электр станциясини эксплуатациядан чиқариш босқичида амалга ошириладиган атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудидаги атроф-муҳит таркибий қисмларининг мониторинг натижалари атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастурида белгиланиши зарур.
5-боб. Атом электр станцияси майдончаси ва ҳудудини танлашда атом электр станциясининг атроф-муҳитга таъсирини ҳисобга олиш
20. Атом электр станцияси лойиҳасида радионуклидларнинг ерусти ва ерости сувлари бўйлаб кўчиш прогнози ҳамда уларнинг чўкинди қатламларда тўпланиш прогнози қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиниши лозим:
радионуклидларнинг чиқиш ерларининг жойлашуви, уларнинг ўлчами ва чиқариш сабаблари;
дренаж ва ерости сувларининг радионуклидлар билан ифлосланиш эҳтимоли;
радионуклидларнинг физик-кимёвий хоссалари;
радионуклидларнинг таъсири натижасида геокимёвий реакциялар кинетикаси ҳамда тоғ жинсларининг минералогик хусусиятларида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар;
сув ўтказувчи ва сув ўтказмайдиган қатламлар, аэрация зонаси грунтлари ва тупроқларнинг литологик таркиби ҳамда қалинлиги;
тоғ жинслари, грунтлар ва тупроқларнинг ифлослантирувчи моддаларни радионуклидларни ютиш қобилияти;
радионуклидлар тушган сув оқимларининг чиқиш жойлари томон ҳаракат йўналиши ва тезлиги;
сув ўтказувчи ер қатламлари ва гидрогеологик комплексларнинг тавсифлари, уларнинг қатламларга ажралиши ҳамда ерости ва ерусти сувларининг гидравлик боғлиқлиги;
сув ҳавзалари ва гидротехник иншоотларнинг тавсифлари, сувдан фойдаланиш режими, сув сатҳи ва сарфи, дарё оқим тезлиги, шунингдек радионуклидларнинг кўчиш ва чўкиш ҳолатларининг эҳтимоли ҳақидаги маълумотлар.
21. Атом электр станциясининг аҳолига ва атроф-муҳитга радиациавий таъсири қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиниши ҳамда таҳлил натижалари атом электр станцияси хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисоботда акс эттирилиши керак:
радионуклидларни чиқариш манбаларининг жойлашуви, ўлчамлари ва хусусиятлари;
радионуклидларнинг физик-кимёвий хоссалари;
шамол гули;
ер сатҳига яқин ва атмосфера инверсияларининг мавжудлиги;
атмосферанинг барқарорлик кўрсаткичи;
ёғингарчилик ва туманларнинг мавжудлиги;
сув ҳавзаларининг гидрологик хусусиятлари;
сувдан фойдаланиш тавсифлари;
фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги ерларининг жойлашуви;
аҳолининг маҳаллий ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳажми;
аҳолининг ёш таркиби;
атом электр станциясига яқин ҳудудлардаги табиий ва инсон омилига боғлиқ атроф-муҳит эволюцияси бўйича прогноз, хусусан, реактор қурилмасининг прогноз қилинаётган бутун ҳаётий даври давомида хавфсизлик билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган аҳоли сонининг ўсиши ва ҳудуд бўйича тақсимоти.
22. Атом электр станциясининг эксплуатацияси жараёнида ҳар 10 йилда бир марта радиациявий таъсирнинг атроф-муҳитга таъсирини таҳлил қилиш учун тадқиқот ўтказилиши керак.
Тадқиқот ўтказилиши жараёнида атом электр станцияси майдончасида содир бўлиши мумкин бўлган йирик авариялар ҳамда табиий ва техноген хусусиятига эга ҳодисалар инобатга олиниши керак.
23. Атом электр станцияси нормал эксплуатация шароитида, лойиҳавий ҳамда лойиҳадан ташқари авариялар ҳолатларида атом электр станциясининг аҳолига ҳамда атроф-муҳитга радиациявий таъсирининг таҳлил натижалари, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолининг радиациявий хавфсизлигини таъминловчи техник ташкилий чоралар рўйхати ишлаб чиқилиши лозим.
24. Атом электр станцияси лойиҳасида бир вақтнинг ўзида содир бўлиши мумкин бўлган бир нечта табиий ва техноген хусусиятга эга ҳодисаларнинг ўзаро таъсири ҳисобга олиниши керак ҳамда атом электр станцияси лойиҳасидан ташқари авариялар ва атом электр станцияси майдончасидаги турли хил фаолият турларининг умумлашган оқибатлари эътиборга олиниши лозим.
25. Атом электр станцияси майдончасида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларда радиациявий таъсирнинг таҳлили прогноз қилинаётган аҳолининг максимал нурланиш дозаларига сабаб бўлиши мумкин бўлган энг ноқулай метеорологик шароитлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим.
26. Атом электр станцияси лойиҳасида сув объектлари қисмларининг радионуклидлар билан ифлосланишининг олдини олиш учун атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси ва унинг бузилиши ҳамда атом электр станциясини эксплуатациядан чиқариш жараёнларида асослаб берилиши лозим.
Атом электр станцияси лойиҳасида келтирилган юзага келиши мумкин бўлган авариялар ҳолатларида сув объектлари қисмларининг радионуклидлар билан ифлосланишдан ҳимоя қилиш чоралари кўзда тутилиши ҳамда атом электр станцияси лойиҳасидан ташқари авариялар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда сув объектлари қисмларида радионуклидлар билан ифлосланишни камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши керак.
27. Атом электр станциясида авариялар содир бўлган ҳолатларда ундаги радионуклидларнинг ташқарига чиқиши натижасида аҳолига ҳамда атроф-муҳитга эҳтимолий радиациявий таъсир оқибатлари қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиниши лозим:
сув иншоотларининг тавсифлари;
балиқчилик, балиқ захираларини тиклаш ва бошқа биологик ресурслар учун мўлжалланган сув ҳавзаларининг хусусиятлари;
мавжуд ва прогноз қилинаётган аҳолининг ёш бўйича тақсимоти, шунингдек аҳоли пунктларидан атом электр станциясигача бўлган масофа ҳақидаги маълумотлар.
28. Атом электр станцияси лойиҳасида аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш жойлари ва унинг тавсифлари келтирилиши лозим.
29. Атом электр станцияси лойиҳасидан ташқари авариялар юзага келган ҳолатларда аҳолини эвакуация қилиш ҳамда радионуклидлар билан ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишни чеклаш бўйича чоралар СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН-2006)» ҳамда «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидаларига (РХТАСҚ-2006)» мувофиқ амалга оширилиши керак.
30. Атом электр станцияси майдончаси ва аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш жойларида радионуклидларнинг тарқалиши ва тўпланиши сабаблари ўрганилиши лозим ҳамда мазкур сабаблар атом электр станциясининг бутун эксплуатация даври давомида доимий таҳлил қилиб борилиши керак.
31. Аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш жойларида аҳолини эвакуацияси қилишга қийинчилик туғдирувчи бино ва иншоотлар барпо этилишига йўл қўйилмайди.
32. Аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш жойларида СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН-2006)» ҳамда «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидаларига (РХТАСҚ-2006)» мувофиқ аҳолининг эвакуациясини амалга ошириш имконини берувчи транспорт коммуникациялари кўзда тутилиши керак.
33. Аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш жойларининг чегараларидан атом электр станциясигача бўлган масофа 25 км дан ортиқ бўлмаслиги лозим.
34. Атом электр станциясининг бутун эксплуатация даври давомида аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш жойларида ўртача аҳолининг зичлиги 1 км2 га 100 кишидан ошмаслиги лозим.
6-боб. Якуний қоида
35. Мазкур ҳужжатнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2026 й., 10/26/3785/0212-сон)