Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ТОПОНИМИК ОБЪЕКТЛАРГА МАШҲУР КИШИЛАРНИНГ НОМИНИ БЕРИШ МАСАЛАЛАРИНИ МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 майдаги 203-сонли «Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотлар ва бошқа топонимик объектларнинг номларини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, физик-жуғрофий, геологик ва бошқа топонимик объектларнинг номларини тартибга солиш тўғрисида» 1993 йил 3 сентябрдаги қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Республика комиссияси манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 1994 йилнинг II чораги охиригача табиий-жўғрофий ва бошқа топонимик объектларнинг номларини умумдавлат, миллий манфаатлардан, тарихий, табиий-жўғрофий шароитлардан келиб чиққан ва меҳнаткашларнинг истакларини ҳисобга олган ҳолда тартибга солиш ишларини асосан тугаллашни таъминласин.
3. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1981 йил 27 майдаги 457-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий масалалар, фан ва маданият бўлими ҳамда Ҳудудий-ташкилий бўлимига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 9 март,
123-сон
Ўзбекистон Республикасидаги топонимик объектларга машҳур кишиларнинг номини бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудидаги табиий-жўғрофий ва бошқа топонимик объектларга машҳур кишиларнинг номини қўйиш, илгари улар шарафига берилган номларни ўзгартириш масалаларини тартибга солиб бориш, бу ишда суиистеъмолчиликка, таниш-билишчиликка, ноилмийликка ва бошқа тарздаги бузилишларга йўл қўймаслик чораларини кўриш, мамлакатимиз халқларининг тарихи ва анъаналари билан боғлиқ топонимларни муҳофаза этиш чораларини кўриш топонимик объектларга машҳур кишиларнинг номини бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясининг асосий вазифаларидир.
2. Комиссия амалдаги қонун ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари асосида иш олиб боради.
3. Комиссия ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
— машҳур кишининг номини қўйиш таклифини киритган барча даражадаги ташкилотлардан унинг хизматларини тавсифловчи ҳамма керакли ҳужжатларни талаб қилиб олади;
— машҳур кишиларнинг хотираларини абадийлаштириш масалалари бўйича тегишли ҳокимият органларига тавсиялар беради, зарур бўлган ҳолларда вақтинчалик экспертлар гуруҳини тузади;
— ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ҳокимликлар, вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб боради.
4. Комиссия топонимик объектларга кишиларнинг номларини бериш ва илгари машҳур кишилар шарафига қўйилган номларни ўзгартириш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вазирликлар ва идораларнинг таклифларини тарихчиларни, тилшуносларни, меъморчиларни ва бошқа соҳаларнинг мутахассисларини бу ишга жалб қилган ҳолда кўриб чиқади. Комиссия ўз хулосаларини белгиланган тартибда таклиф киритган ташкилотларга, мамлакат аҳамиятига молик объектлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилади.
5. Ном бериш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқишда комиссия:
— номини бериш тавсия этилаётган кишининг мамлакат халқи олдидаги хизматлари, номи қўйилаётган соҳани, жойни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини;
— давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда меҳнат жамоаларининг мулоҳазаларини;
— халқнинг тарихий-миллий анъаналар ҳис-туйғулари ҳамда ахлоқий қадриятларини ва аҳолининг истакларини ҳисобга олади ва бунда умумдавлат манфаатларидан келиб чиқади.
6. Комиссия заруратга қараб ўз мажлисларини ўтказиб туради ва қарорларини баён шаклида расмийлаштиради. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган комиссия мажлиси қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади. Қарор қабул қилиш учун мажлисда қатнашаётган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми уни маъқуллаши керак.
Айрим ҳолларда комиссия қарорлари сўров йўли билан расмийлаштирилиши мумкин.