Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Илм-фан, касбий ва олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда биргаликда «Томонлар», алоҳида «Томон» деб аталувчилар,
ҳар иккала давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга интилиб,
илм-фан, касбий ва олий таълим соҳаларида тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдириб,
Томонлар давлатларининг илм-фан, касбий ва олий таълим соҳасидаги миллий қонунчилигини инобатга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, ўзаро манфаатдорлик ва ўзаро фойда асосида икки давлат ўртасида илм-фан, касбий ва олий таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
2-модда
Томонлар ҳамкорлиги уларнинг ваколат доираси ҳамда миллий қонунчилигидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
1. Илм-фан, олий ва касбий таълим соҳаларидаги инновациялар ва қонунчилик бўйича ахборот алмашиш;
2. Илм-фан, олий ва касбий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
3. Талабалар алмашинуви ва уларнинг танловлар, мусобақалар, конференциялар ва бошқа тадбирларда ўзаро иштирокини йўлга қўйиш;
4. Ўқитувчилар ва тадқиқотчилар алмашинуви, уларнинг касбий ривожланиши ва малакасини ошириш соҳаларида тренинглар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
5. Олий таълим муассасалари ўртасида қўшма диплом дастурларини жорий этиш;
6. Ўқув-услубий воситалар, таълим дастурлари, таълимда қўлланиладиган янги технологиялар ва инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашиш;
7. Томонлар давлатлари ҳудудларида ўтказиладиган семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирларда ўзаро иштирок этиш, шунингдек, қўшма тадбирлар ташкил этиш;
8. Ўзбек ва озарбайжон тилларини ўзаро ўқитиш;
9. Олий таълимга соҳасида малака даражаларини тан олиш бўйича ахборот алмашиш;
10. Муҳандислик ва технология соҳасида инновациялар ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни рағбатлантириш, шунингдек, ушбу соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
11. Томонлар ўзаро келишган ҳамкорликнинг бошқа соҳалари.
3-модда
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили Томонлар таълим дастурида белгиланган муддатларга мўлжалланган олий таълимнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура (фалсафа доктори дастури) босқичларида таҳсил олиш учун ўзаро тенг асосда 10 та квота ажратадилар.
Номзодларни танлаш, таълим олиш муддати ва уларнинг таълим харажатларини молиялаштириш билан боғлиқ масалалар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали хат алмашиш йўли билан ҳал этилади.
4-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришни Томонларнинг қуйидаги ваколатли идоралари амалга оширади:
Озарбайжон томони тарафидан — Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги;
Ўзбек томони тарафидан — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.
Томонлар ўз ваколатли идоралари ўзгарган тақдирда, бир-бирларини дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қиладилар.
Мазкур Битим доирасидаги фаолиятларни молиялаштириш Томонларнинг мавжуд бюджети имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
5-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлар тегишли ишчи ва эксперт гуруҳларини тузиши, амалий режалар ва бошқа ҳамкорлик дастурларини қабул қилиши мумкин.
Томонлар ахборот алмашиш ва фаолиятни мувофиқлаштириш учун электрон почта, видеоконференция ёки бошқа алоқа воситаларидан фойдаланишлари мумкин.
Томонлар учрашувларда маълумот бериш учун тегишли экспертлар ёки ташкилотларни таклиф қилиш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.
6-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда низо ва келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, Томонлар уларни маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этадилар.
8-модда
Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми бўлган ва мазкур Битимнинг 9-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
1. Мазкур Битим 5 (беш) йил муддатга тузилади ва унинг кучга кириши зарур бўлган давлат ички процедуралари Томонлар тарафидан бажарилганлиги тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган кундан бошлаб кучга киради.
2. Томонлардан бири бошқа Томонни мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида унинг амал қилиш муддати тугашидан камида 6 (олти) ой олдин ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, Битимнинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан навбатдаги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
Мазкур Битимнинг амал қилишининг тугатилиши ёки уни бекор қилиниши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва амалда бўлиб турган лойиҳаларга дахл қилмайди.
Боку шаҳрида, 2025 йил 2 июлда, икки асл нусхада, ўзбек, озарбайжон ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битимни талқин қилишда тафовутлар юзага келган ҳолларда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)