Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
буйруғи
Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 19 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3757]
Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон «Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 январь,
2-мҳ-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Д. АШУРОВ
2025 йил 25 декабрь
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги 2-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш ва уни бекор қилиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Нотариус томонидан ижро хати нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали, электрон шаклда ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра нотариал идора биносидан ташқарида (сайёр тартибда) ёзилади.
Ижро хати видеоконференцалоқа орқали ёзилганда, унинг тасдиқловчи ёзувида бу ҳақида кўрсатилади ҳамда ёзиш жараёни нотариус томонидан мажбурий аудио ва видеода қайд этилади.
Ижро хати сайёр тартибда ёзилганда, унинг тасдиқловчи ёзувида у ёзилган жойнинг манзили кўрсатилади ва ёзиш ҳамда имзолаш жараёни нотариус томонидан мажбурий аудио ва видеода қайд этилади.
Ижро хати нотариус томонидан фақат юридик шахслар фойдасига қарздорликни ундиришни назарда тутувчи ҳужжатлар бўйича электрон шаклда ёзилиши мумкин. Бунда, ижро хатини ёзиш ва тасдиқлаш жараёнида мурожаат қилувчи иштирок этиши талаб этилмайди.
Ижро хатини ёзиш жараёнининг аудио ва видеода қайд этилиши талаб этиладиган ҳолларда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахс тасвирга тўлиқ туширилиши шарт.
Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни ва аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафга тушунтириб берилиши, ҳужжат матни мурожаат қилувчига тўлиқ таништирилиши, унинг асл мақсадига мувофиқлиги тасдиқланиши ҳамда тўлиқ аудио ва видеода қайд этилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар ижро хати видеоконференцалоқа орқали ёзилса, ижро хати мурожаат қилувчи томонидан Face-ID билан тасдиқланади.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
2. Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонунига (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.
Расмийлаштириладиган ҳужжат матни фуқаронинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.
3. Агар ижро хати тараф тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки тараф таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақида ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак.
Таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.
4. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортган тақдирда, унинг мурожаати кўрмасдан қолдирилади. Бунда, ижро хатини ёзиш учун тўланган тўловлар қайтарилади.
5. Мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш ва бекор қилиш учун ўзи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
6. Нотариус ва унинг ходимлари ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахслар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг махфий сақланишини таъминлаши керак.
2-боб. Мурожаат қилиш тартиби
7. Мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «E-notarius.uz» ахборот портали орқали (бундан буён матнда электрон тармоқ деб юритилади) рўйхатдан ўтади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Нотариус «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) орқали келиб тушган мурожаатларни бир иш куни ичида кўриб чиқиши ёки мурожаат қилувчини қабул қилиши шарт.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
9. Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек ижро хатини ёзиш учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли ижро хати лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.
10. Мурожаат қилувчи(лар)нинг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўллаган мурожаат(лар)и Тизимда автоматик тарзда қайд қилинади.
11. Мурожаат қилувчи(лар) электрон тармоқ орқали ижро хатини ёзиш учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўллаган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси ёки Face-ID билан тасдиқланади.
Ижро хати лойиҳаси мурожаат қилувчи ва нотариус томонидан келишилган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.
12. Мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун нотариусга низосиз талаблар бўйича мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
3-боб. Мурожаат қилувчини қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш тартиби
13. Мурожаат қилувчи нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси, нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаганда котиб ёки нотариус стажёри ёхуд нотариус қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.
Бунда нотариус ёрдамчиси (котиб ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчини нотариус қабулига электрон навбатга ёзиб қўйиши ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилиши ёки бевосита нотариус қабулига йўналтириши мумкин, бундан нотариус қабулига навбатга ёзилган мурожаат қилувчи мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно.
14. Нотариус мурожаат қилувчининг шахсини аниқлайди.
Мурожаат қилувчининг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
чет эл фуқаролари — уларнинг миллий паспорти (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, ID-картаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
хориждаги доимий яшовчи ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;
фуқаролиги бўлмаган шахслар — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг аслини тақдим этиш талаб этилмайди. Бунда мурожаат қилувчининг шахси унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ёки Face-ID) орқали верификация қилинади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли асосида тасдиқланади.
(14-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ изларининг йўқолганлиги ва бошқалар) сабабли махсус мосламалар орқали бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса, унинг шахси Face-ID орқали верификация қилинади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
15. Нотариус мурожаат қилувчининг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.
16. Нотариусда мурожаат қилувчининг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асос бўлса (шубҳа туғдирса), аммо шу шахснинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.
17. Нотариус ижро хатини ёзишда иштирок этувчи шахснинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.
Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози тарафнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.
Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг ёзма розилигини талаб этади. Бунда ҳомийнинг розилиги алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлади.
18. Юридик шахслар иштирокидаги ижро хатларини ёзишда нотариус томонидан уларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида нотариус юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини Тизим орқали текшириши шарт.
19. Ижро хати вакилнинг мурожаатига асосан расмийлаштирилган тақдирда, унинг ваколати текширилади.
Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва бошқалар) билан тасдиқланади. Бунда, ваколат берувчи жисмоний шахс бўлса, унинг ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги Тизим орқали «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади.
Нотариус таъсис ҳужжати бўйича нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсларнинг раҳбарларидан нотариал ҳаракатларни бажариш учун ишончнома талаб қилмайди. Бундай ҳолларда уларнинг мансаб мавқейини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.
Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, нотариус уни тасдиқлаган мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали текширилади.
4-боб. Кар-соқовлик нуқсони ва кўзи ожиз бўлган шахслар иштирокида ижро хатини ёзиш
20. Ижро хатини ёзишни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс(лар) мурожаат қилса (электрон шаклда ва видеоконференцалоқа шаклида қилинган мурожаатлар бундан мустасно) ҳамда у(лар) саводсиз бўлса, ижро хатини тасдиқлаш пайтида у(лар) билан муомала қила оладиган ва ҳужжатнинг мазмунини у(лар)нинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.
Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида ҳужжат матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.
21. Нотариус мазкур ҳаракатларни амалга оширишда шахснинг сурдо ёки тифло таржимоннинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлашни алоҳида нотариал ҳаракат сифатида рўйхатга олмайди.
Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.
22. Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли шахс нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, ҳужжат унинг ўзи томонидан шахсан ёки нотариус томонидан ўқиб чиқилади.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли шахс ўз имзоси билан ҳужжат мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар ҳужжат билан бирга тикиб қўйилади.
23. Мазкур Низомнинг 20 — 22-бандларида белгиланган тартибда ижро хатини ёзиш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
24. Сурдо таржимон ёхуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.
5-боб. Ижро хатини ёзишга қўйиладиган умумий талаблар
25. Ижро хати қуйидаги ҳолларда ёзилади:
тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;
мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган бўлмаса.
Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.
26. Нотариуслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзилади:
нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;
ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
27. Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:
ижро хатини ёзаётган нотариуснинг исми ва отасининг исмини бош ҳарфлари, фамилияси, лавозими;
ундирувчи ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари, жисмоний шахслар учун туғилган санаси, шахсий идентификация рақами, шунингдек юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;
ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;
ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар (кўчар мулклар), шу жумладан тўланиши керак бўлган пеня, фоизлар;
ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар суммалари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қарздор ижро хатига қарши эътирозларини билдириб, ижро хатини ёзган нотариусга ижро хати нусхасини олган ёки ижро хати ёзилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ижро хатини бекор қилишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши;
(27-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);
ижро хатининг электрон реестрда қайд этилган тартиб рақами;
ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси, муҳри ва (ёки) QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси.
28. Ижро хати, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.
Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
29. Нотариус ижро хатини ёзгандан сўнг уни ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топшириши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан ижро хати жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборади.
30. Ундирувчининг илтимосига кўра, қарздор томонидан ўн кун ичида ижро хатини ёзган нотариусга шикоят келиб тушмаган тақдирда ижро хати Тизимда нотариуснинг QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида қарздорнинг яшаш жойидаги, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган еридаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига мазкур муддат ўтгандан сўнг ижро учун юборилади.
6-боб. Ижро хати лойиҳасини тайёрлаш тартиби
31. Тегишли ҳужжатлар талаб қилиб олинган ва маълумотлар текширилганидан сўнг нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки котиби томонидан ижро хати лойиҳаси тайёрланади.
32. Ижро хати матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши лозим, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, ҳужжатнинг матнида баҳолар кўрсатилса, рақам ҳамда сўз билан ёзилиши, юридик шахсларнинг номлари эса уларнинг органлари жойлашган ерни кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши, солиқ тўловчининг шахсий идентификация рақами кўрсатилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами тўлиқ кўрсатилган ҳолда ёзилиши, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги ҳам кўрсатиб ўтилиши керак.
Бунда ижро хатининг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши лозим.
33. Бир хил шаклдаги ҳужжатлар бўйича (масалан, банк кредитлари, коммунал хизматлар учун тўланадиган тўловлар ҳамда шу кабилар) бир қанча ижро хатлари беришни амалга ошириш пайтида нотариал идорада қарздорларнинг рўйхатлари олинади. Бунда ундирувчи ва қарздорларнинг тўлиқ номи ва манзили, тўлов муддатлари, ижро хати бўйича қарз ундириш суммаси, зарур ҳолларда эса бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилади.
Нотариус ижро хатлари ёзишда рўйхатда кўрсатилган қарздорларнинг қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг бир нусхасини нотариал идорада қолдиради.
34. Ижро хати тўғрисидаги маълумотлар Тизимга киритилади ва ҳар бир ижро хати алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади. Бунда ижро хатининг тасдиқланган электрон шакли Тизимда сақланади.
7-боб. Ижро хатини ёзиш учун тўловларни амалга ошириш тартиби
35. Ижро хатини ёзишда нотариус томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан давлат божи ва Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг максимал миқдорларига (рўйхат рақами 3235, 2020 йил 29 май) мувофиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилади.
36. Мурожаат қилувчи тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади, тўлов квитанциялари (инвойс) мурожаат қилувчига берилади ва унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «ишонч телефони» рақами кўрсатилган СМС хабар йўлланади.
Мурожаат қилувчининг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.
37. Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилувчи нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг тасдиқланади.
38. Бир хил шаклдаги ҳужжатлар юзасидан бир қанча ижро хатлари берилганда, рўйхатда кўрсатилган қарздорларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тўлов квитанциялари (инвойс) берилади.
Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот тўлов квитанциялари (инвойс) Тизимда сақланади.
8-боб. Ижро хатига тузатиш киритиш ёки уни бекор қилиш тартиби
39. Нотариус ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра ижро хатининг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган тузатишларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин.
Ижро хатидаги тузатишлар тегишли матннинг охирида нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзлар ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.
Ижро хатига киритилган тузатишлар тегишли тартибда Тизимга киритилади.
40. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи расмийлаштирган ижро хатининг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу ижро хатини белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорга хабар қилганлиги тўғрисида тегишли ҳудудий адлия органларини хабардор қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Қарздор ижро хатига қарши эътирозларини билдириб, ижро хати нусхасини олган ёки ижро хати ёзилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли нотариусга ижро хатини бекор қилишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.
Бундай ҳолда нотариус ижро хатини бекор қилиб, бу ҳақда қарор чиқаради. Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарорда нотариус ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида тушунтиради.
Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор нусхаси ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топширилиши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан қарор жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборилади.
Агар ижро хати нотариус томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига юборилган бўлса, ижро хати бекор қилинганлиги ҳақидаги қарор ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзида мазкур органга ҳам юборилади.
Қарздор эътироз билдириш учун белгиланган ўн кунлик муддатни узрли сабабларсиз ўтказиб мурожаат қилса (бундан касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши ва бошқа узрли сабаблар бўлган ҳолатлар мустасно), нотариус ижро хатини бекор қилишни рад этади ва бу ҳақида қарор чиқаради. Ушбу қарор устидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиниши мумкин.
Ижро хати ёзишга асос бўлган қарздорлик электрон тизимлардаги техник носозликлар сабабли юзага келганлиги (ҳисобланганлиги) аниқланган тақдирда ундирувчи ёки қарздорнинг шу ҳақидаги мурожаатига асосан ижро хати бекор қилинади.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
9-боб. Ижро хати ёзишни рад қилиш тартиби
42. Нотариус қуйидаги ҳолларда ижро хати ёзишни рад этади, агар:
бундай ижро хатини ёзиш қонунга зид бўлса;
муомалага лаёқатсиз фуқаро ёки зарур ваколатлари бўлмаган вакил ижро хати ёзишни сўраб мурожаат қилган бўлса;
юридик шахс манфаатида ёзилган ижро хати унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;
ижро хати ёзиш қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;
ижро хати ёзиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаса;
қарздор жисмоний шахс вафот этган бўлса;
мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун тўловни амалга оширмаса;
ундирувчи қарздорликни ҳақиқатда мавжудлигини исботлаб бера олмаса.
Ижро хатини ёзиш рад этилган тақдирда, нотариус ижро хати ёзишни рад этиш ҳақида мурожаат қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан қарор чиқаради.
Нотариус ижро хатини ёзиш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.
43. Нотариус ижро хати ёзишни рад этганда тўланган давлат божи ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилади.
10-боб. Якуний қоида
44. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ижро хатини ёзиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Нотариал тасдиқланган битимлар бўйича ижро хатини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:
а) нотариал тасдиқланган битимнинг нусхаси;
б) ундирувчи томонидан қарздорга тўлов муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисида юборилган билдиришнома;
в) қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (электрон ёки ёзма).
Бунда 2020 йил 1 январдан кейин расмийлаштирилган битимлар Тизим орқали нотариус томонидан текширилади ҳамда ундирувчидан талаб этилмайди.
2. Ўзаро тузилган оддий ёзма шаклдаги битимлар бўйича ижро хатини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:
а) ўзаро тузилган битимнинг нусхаси;
б) ундирувчи томонидан қарздорга тўлов муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисида юборилган билдиришнома;
в) қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (электрон ёки ёзма).
3. Ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича ижро хатини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:
а) ҳисобварақнинг ундириб олувчи томонидан тасдиқланган нусхаси;
б) ундирувчи томонидан қарздорга тўлов муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисида юборилган билдиришнома;
в) қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (электрон ёки ёзма);
д) қарздорлик кўчмас мулк билан боғлиқ бўлса, унинг кадастр рақами;
Олдинги таҳрирга қаранг.
е) қонунчиликда шартнома асосида хизмат кўрсатиш, шунингдек кўп квартирали уйни бошқариш назарда тутилган ҳолларда тегишли шартнома нусхаси.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3757-1, 07.08.2026 й.) асосан «е» кичик банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)
Бунда кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорлик Тизим орқали нотариус томонидан текширилади.
Мазкур ҳужжатлар идоралараро электрон ахборот алмашуви орқали олиниши мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2026 й., 10/26/3757/0058-сон; 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)