Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини (бундан буён матнда Мурожаатнома деб юритилади) кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Мурожаатномада бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилганлиги, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши, ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири ошаётганлиги, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ҳамда фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат туфайли 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди.
Мамлакатимизда 2025 йилда ялпи ички маҳсулот 145 млрд. доллардан ошганлиги, олтин-валюта захиралари илк бор 60 млрд. доллардан ортганлиги, иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 млрд. долларга етганлиги алоҳида эътироф этилди.
Жорий йилда юртимизда 5 млн. нафар фуқаро даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга, камбағаллик даражаси эса йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушганлиги, қарийб 1,5 млн. эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиққанлиги, илк бор 1 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мурожаатномада Ўзбекистон олдида турган энг устувор мақсад ва вазифалар, уларни амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳамда мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Мурожаатномада 2026 йилда маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш, «яшил» энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттиришга доир энг муҳим 6 та устувор йўналиш белгилаб берилди.
Мурожаатномада илгари сурилган муҳим ғоялар, ташаббуслар ва таклифлар халқимиз, жамоатчилик ва депутатлар корпуси томонидан кенг эътироф этилмоқда ҳамда қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» Давлат дастурида назарда тутиладиган вазифаларнинг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини янгидан қабул қилиш мақсадларига эришиш парламент зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Мурожаатномада белгилаб берилган устувор йўналишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ўз фаолиятини янада жонлантириши, қонунчиликни хатловдан ўтказиши ва аниқланган ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга эътиборни янада кучайтириши ҳамда бу борада таъсирчан парламент назоратини амалга ошириши муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, коррупцияга қарши курашиш, турли соҳалар ва тармоқларда коррупциявий омилларни аниқлаш, маҳаллаларда барқарор муҳит яратиш ҳамда жиноятчиликни жиловлаш йўналишларида парламент назорати шаклларидан янада самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.
Депутатларнинг ҳар ой охирги ҳафтасида сайлов округларида бўлиб ўтадиган учрашувлари давомида Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказиш ҳамда кенг жамоатчиликка тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар, ташаббуслар ва таклифларни ҳар томонлама муҳокама қилиб, мамлакатда амалга оширилаётган янги босқичдаги демократик ислоҳотлар жараёнида парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, унда илгари сурилган ғоялар, ташаббуслар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг келгуси фаолияти учун асос сифатида қабул қилинсин.
2. Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» ДП фракциялари аъзоларидан иборат «Тараққиёт блоки»нинг ҳамда сиёсий партияларнинг фракциялари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси атрофлича кўриб чиқилганлиги ҳамда ундан келиб чиқувчи устувор вазифалар белгилаб олинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси юзасидан Қонунчилик палатаси депутатларининг муносабатларини кенг ёритиш бўйича медиа-режа 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Мурожаатномада илгари сурилган таклифлар ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари давомида сайловчиларга етказиш ҳамда бу борада кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг 2026 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин. Ишчи гуруҳ:
* Иловалар берилмайди
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссияларнинг таклифлари асосида Қонунчилик палатасининг 2026 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари лойиҳасини икки ҳафта муддатда сифатли тарзда ва пухта ишлаб чиқсин;
Қонунчилик палатасининг 2026 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари лойиҳасида Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар, илгари сурилган таклифлар ва ташаббусларни изчил амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилашга алоҳида эътибор қаратсин.
6. Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб:
Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар, таклифлар ва ташаббуслардан келиб чиқиб, 2026 йилга мўлжалланган иш режалари лойиҳаларини бир ҳафта муддат ичида ишлаб чиқсин;
Қонунчилик палатасининг 2026 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари лойиҳасига доир асослантирилган таклифларни икки ҳафта муддат ичида тайёрласин;
Мурожаатномада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар асосида қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказсин, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда муҳим соҳалар ва тармоқлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратсин.
7. Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси:
давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини кўриб чиқиш ва маъқуллашни парламент ваколатига ўтказиш масаласини ўргансин ҳамда таклиф тайёрласин;
«Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқсин;
давлат харидларида товарлар, ишлар ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатларни фақат қонунда белгилаш масаласини таҳлил қилсин ҳамда бу бўйича қонунчиликка таклифлар тайёрласин;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакатимизда ёки чет элда олган даромадлари ва активларидан эркин фойдаланиши учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар тайёрласин.
8. Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси «Автомобил йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқиб, уни янада такомиллаштириш юзасидан ҳамда «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва киритсин.
9. Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси:
коррупцияга қарши курашиш, соҳалар ва тармоқлардаги маъмурий-бюрократик тўсиқларни ҳамда коррупциявий омилларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш йўналишларидаги назорат-таҳлил тадбирларини янада кучайтирсин;
қонунчиликдаги жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги бўшлиқларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин;
депутат сўровларининг ижроси бўйича сусткашликка йўл қўйилиши ҳолатлари бўйича прокуратурага тақдимнома киритиш масаласини қонунчиликда белгилаш юзасидан таклиф ишлаб чиқсин.
10. Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Қонунчилик палатаси қўмиталарига белгиланган вазифаларни амалга оширишда илмий-услубий жиҳатидан кўмаклашсин.
11. Қонунчилик палатасининг Девони ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида ҳар ойда Қонунчилик палатасининг раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
12. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
13. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 декабрь,
1598-V-сон