Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Ташкуловнинг «Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Ташкуловнинг «Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат органлари фаолиятига рақамлаштириш ва автоматлаштиришни кенг жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-157-сонли Фармонида аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини ошириш ва уларни рақамлаштириш, бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш орқали аҳолининг маблағларини тежаш ҳамда маъмурий харажатларни қисқартириш каби вазифалар белгилаб берилган.
Бугунги кунда республикамизда мавжуд 208 та туман ва шаҳарнинг ҳар бирида давлат хизматлари марказлари (бундан буён матнда марказлар деб юритилади), шунингдек олис ва тоғли ҳудудларда уларнинг 138 та филиали фаолият юритмоқда. Марказлар замонавий биноларда жойлашган бўлиб, электрон навбат тизимлари, ахборот киосклари, болалар бурчаклари, кутубхоналар билан жиҳозланган, шунингдек уларда саломатлик бурчаклари ташкил этилган.
Марказлар хизматларидан фойдаланиш даражаси йилдан йилга ўсиб бормоқда. Жумладан, бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 770 дан ортиқ, марказлар орқали эса 500 дан ортиқ хизматни кўрсатиш йўлга қўйилган. Бир иш куни мобайнида ўрта ҳисобда 100 минг нафарга яқин фуқаро мазкур марказларга мурожаат қилмоқда. 2025 йилнинг 9 ойи давомида марказлар томонидан кўрсатилган давлат хизматлари сони 19,7 миллиондан ошган бўлиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 миллионга ўсган.
Олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида марказлар томонидан давлат хизматларини сайёр тартибда кўрсатиш ишлари йўлга қўйилган.
Хусусан, 2025 йилнинг 9 ойи давомида кўрсатилган сайёр давлат хизматларининг сони 900 мингга яқинлашган бўлса, 2023 ва 2024 йилларда мазкур кўрсаткич мос равишда 570 ва 660 мингтани ташкил этган.
Жорий йилдан бошлаб марказларда пенсионерларни, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқароларни навбатсиз қабул қилиш амалиёти жорий этилган.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан 150 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилиниши натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг 22,7 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежалишига эришилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатишда тўловларнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилиши жорий қилинган бўлиб, мазкур имтиёз 2024 йилда 114 минг нафардан ортиқ шахсга нисбатан қўлланилган.
Ўзига ўзи хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш мақсадида 200 га яқин маҳаллада узлуксиз ишлайдиган интерактив киосклар ўрнатилган. 2024 йилда кўрсатилган хизматларнинг сони қарийб 27,4 миллионга етган бўлиб, уларнинг 13,8 миллиондан ортиғи, яъни 50,4 фоизи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилган.
Бир қанча давлат хизматларини экстерриториал принцип асосида кўрсатиш йўлга қўйилган. Бунда давлат хизматларини кўрсатиш яшаш жойидан қатъий назар амалга оширилиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун ўзларига қулай бўлган жойдаги марказларга мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.
Фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 26 та марказда идентификацияловчи ID-карталарни расмийлаштириш, 110 та марказда ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш, 138 та марказда хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш имкониятлари яратилган.
Коррупциявий омиллар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилган.
Жумладан, марказлар фаолиятини 3 мингдан ортиқ камера орқали масофавий мониторинг қилиш, сифатини баҳолаш ва самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича «Ситуацион марказ» фаолияти йўлга қўйилган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими «Cert International» халқаро ташкилоти (Словакия) томонидан ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланган.
Соҳада йўл қўйилаётган умумий қонун бузилиши ҳолларининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баравар камайишига, шундан ижро муддати бузилиши ҳолларининг 3,5 баравар, асоссиз рад этиш ҳолларининг 2 баравар, ортиқча ҳужжат талаб қилиш ҳолларининг 2 баравар камайишига эришилган.
Давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли давлат органларининг ҳамда фуқароларнинг вақтини ва сарф-харажатларини тежаш мақсадида 11 та давлат хизмати бўйича рад этиш ҳолларини ариза бериш жараёнида автоматик тарзда текшириш имконияти яратилган ҳамда 1,5 миллионга яқин рад этиш ҳолларининг олди олинишига эришилган.
Шу билан бирга соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Жумладан, 400 га яқин давлат хизматининг ҳали ҳам электрон шаклга ўтказилмаганлиги, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда интерактив киосклар етарли эмаслиги фуқароларнинг рақамли хизматлардан тўлиқ фойдаланишига имкон бермаяпти. Бу ҳолат рақамли трансформация жараёнлари ҳудудлар бўйича номутаносиб тарзда амалга оширилаётганлигини кўрсатади.
Шунингдек давлат органларининг электрон ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилинмаганлиги ҳам хизматларнинг сифати ва тезкорлигига салбий таъсир этмоқда. Айрим идораларда ҳужжатлар алмашинуви секинлиги ва қайд этиш жараёнларида инсон омилининг юқорилиги ортиқча бюрократияга, ижро муддатларининг бузилишига ҳамда фуқаролардан асоссиз ҳужжатлар талаб қилинишига сабаб бўлмоқда. Шу боис интеграция тўлиқ таъминланмаганлиги фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини пасайтирмоқда ҳамда давлат хизматлари соҳасидаги жиддий тизимли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
2025 йилнинг 9 ойида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолларининг сони 187 мингдан зиёд бўлиб, уларнинг 120 мингдан ортиғи — ижро муддати бузилиши, 39 мингдан ортиғи — асоссиз рад этиш, 12 мингдан ортиғи — ортиқча ҳужжат талаб қилиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Бундай ҳуқуқбузарликлар ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайганлиги қайд этилган бўлса-да, айрим идораларда уларнинг такрорланиши хизмат кўрсатиш сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Ташкуловнинг «Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига:
давлат хизматларини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, электрон шаклга ўтказилмаган 400 га яқин хизматни қисқа муддатларда рақамли форматга ўтказиш чораларини кўриш;
давлат органларининг ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилинишини тезлаштириш, маълумотлар алмашинувидаги тўсиқлар ва кечикишларни бартараф этиш;
чекка ва олис ҳудудларда аҳоли учун электрон хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш мақсадида интерактив киосклар сонини босқичма-босқич ошириш, техник хизмат кўрсатилишини таъминлаш;
давлат хизматларини кўрсатишда қонун бузилиши ҳолларини келтириб чиқарувчи ва хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир этувчи омилларни камайтириш бўйича тизимли чоралар кўриш;
тартиб-таомиллар ва хизматларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, такрорланувчи функцияларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;
хизматлар кўрсатиш муддатларини камида 50 фоизга қисқартириш;
жараёнларни рақамлаштириш ва «рақамли бюрократия»ни (ортиқча электрон келишувларни, маъмурий чекловларни) бартараф этиш;
қарорлар қабул қилиш жараёнини автоматлаштириш учун сунъий интеллект ва замонавий технологияларни жорий этиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 декабрь,
1527-V-сон