ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режими орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 5 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3742]
Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон «Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режими орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 декабрь,
29-мҳ-сон
Келишилди:
Нотариал палата раиси Д. АШУРОВ
2025 йил 12 декабрь
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 30 декабрдаги 29-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режими орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом нотариуслар томонидан жисмоний шахс ёки юридик шахснинг вакили (бундан буён матнда мурожаат қилувчи деб юритилади) нотариал идорага келмаган ҳолда масофадан видеоконференцалоқа режими (бундан буён матнда видеоконференцалоқа режими деб юритилади) орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом талаблари нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри, котиби ҳамда нотариал ҳаракат тарафларига нисбатан татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган нотариал ҳаракатлар видеоконференцалоқа режимида орқали кўрсатилиши мумкин.
2. Нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ҳамда котиби ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида ўзларига маълум бўлган нотариал ҳаракат тараф(лар)и ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ушбу Низом талаблари ижроси бўйича нотариал фаолият устидан доимий назорат ва мониторингни амалга оширадилар.
2-боб. Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга оширишни ташкил этиш
4. Нотариал ҳаракатлар видеоконференцалоқа режимида «E-notarius.uz» ахборот портали (бундан буён матнда электрон тармоқ деб юритилади) ҳамда «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) орқали тасдиқланади.
5. Мурожаат қилувчи нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш учун электрон тармоқда шахсини тасдиқлаган ҳолда рўйхатдан ўтади.
6. Мурожаат қилувчи нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш учун электрон тармоқдан фойдаланиш шартлари билан танишади ва розилигини тасдиқлайди.
7. Мурожаат қилувчи электрон тармоқда тасдиқлашни (шаҳодатлашни) сўраётган нотариал ҳаракатнинг номини аниқ кўрсатади ҳамда ушбу ҳаракатни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни тўлдиради.
8. Нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаат (бундан буён матнда мурожаат деб юритилади) электрон тармоқ орқали мурожаат қилувчи томонидан ёки автоматик тарзда танланган нотариуснинг Тизимдаги профилига юборилади.
Нотариус мурожаат келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида мурожаатни ўрганиб чиқади ҳамда мурожаатда камчиликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида мурожаат қилувчига электрон тармоқ орқали хабарнома юборади. Бунда мурожаатда кўрсатилган мурожаат қилувчининг телефон рақамига ҳам хабарнома юборилиши мумкин.
Мурожаатда камчиликлар аниқланган ҳолларда нотариус электрон тармоқ орқали юборилган хабарномада ушбу камчиликларни аниқ кўрсатиши лозим.
Мурожаат қилувчи камчиликларни унга маълум қилинган пайтдан бошлаб беш иш куни ичида бартараф этган тақдирда нотариал ҳаракат давом эттирилади. Камчиликлар беш иш куни ичида бартараф этилмаган тақдирда, мурожаат Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонунига асосан рад этилади.
Нотариус томонидан ҳужжатларни ўрганиб чиқишда камчиликлар аниқланмаганлиги тўғрисидаги хабарнома юборилган ёки аниқланган камчиликлар бартараф этилган пайтдан бошлаб беш иш куни ичида мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариал ҳаракатни давом эттиришни тасдиқлайди.
9. Мурожаат қилувчи томонидан нотариал ҳаракатни давом эттириш тасдиқланган кундан бошлаб бир иш куни ичида амалга ошириладиган нотариал ҳаракат тўғрисидаги маълумотлар нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки котиби томонидан Тизимга тўлиқ киритилади.
Нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизим томонидан автоматик равишда ҳисобланади ҳамда электрон тармоқ орқали тўлов квитанциялари(инвойс) мурожаат қилувчига юборилади. Бунда мурожаатда кўрсатилган мурожаат қилувчининг телефон рақамига ҳам тўлов квитанциялари (инвойс) юборилиши мумкин.
10. Тўлов квитанциялари (инвойс) мурожаат қилувчига юборилган куннинг ўзида нотариус Тизим орқали нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақтини белгилайди ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақти тўғрисида мурожаат қилувчига электрон тармоқ орқали хабарнома юборилади. Бунда мурожаатда кўрсатилган мурожаат қилувчининг телефон рақамига ҳам хабарнома юборилиши мумкин.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақти тўлов квитанциялари (инвойс) мурожаат қилувчига юборилгандан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддат ичида белгиланади.
11. Нотариус томонидан белгиланган нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақти мурожаат қилувчига маъқул бўлмаган тақдирда, мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариусдан икки иш кунидан кўп бўлмаган муддат ичидаги ўзига қулай бўлган бошқа вақтни белгилашни сўраши мумкин. Бунда нотариус мурожаат қилувчи билан келишган ҳолда мақбул вақтни белгилайди.
12. Мурожаат қилувчи нотариал ҳаракат амалга оширилиши белгиланган вақтга қадар тўлов квитанцияларида (инвойсда) кўрсатилган тўловларни амалга ошириши шарт.
13. Нотариал ҳаракат амалга оширилиши белгиланган вақтда нотариус Тизим орқали ҳамда нотариал ҳаракат тарафлари электрон тармоқ орқали видеоконференцалоқа режимида боғланишлари лозим.
14. Нотариус ёки нотариал ҳаракат тараф(лар)и нотариал ҳаракат амалга оширилиши белгиланган вақтда узрли сабабларга кўра видеоконференцалоқа режимида боғлана олмаслиги маълум бўлган ҳолларда у(лар) бошқа нотариал ҳаракат тараф(лар)ини (нотариусни) бу тўғрисида хабардор қилиши шарт.
Бунда нотариал ҳаракат ўзаро келишилган ҳолда нотариал ҳаракат амалга оширилиши белгиланган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган бошқа вақтда амалга оширилиши мумкин.
15. Нотариал ҳаракат амалга оширилиши белгиланган вақтда нотариал ҳаракат тараф(лар)и видеоконференцалоқа режимида боғланмаган ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақти бир иш кунига узайтирилади ҳамда бу тўғрисида электрон тармоқ орқали мурожаат қилувчига хабарнома юборилади. Бунда мурожаатда кўрсатилган мурожаат қилувчининг телефон рақамига ҳам хабарнома юборилиши мумкин.
16. Нотариал ҳаракат тараф(лар)и узрли сабабларга кўра боғлана олмаслигини маълум қилмаган ёки нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун узайтирилган вақтда видеоконференцалоқа режимида боғланмаган ҳолларда мурожаат рад этилади ҳамда нотариал ҳаракатни тасдиқлаш учун тўланган тўловлар қайтарилади.
17. Нотариал ҳаракат тараф(лар)и нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
Нотариал ҳаракат тараф(лар) нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортган тақдирда, мурожаат кўрмасдан қолдирилади ҳамда нотариал ҳаракатни тасдиқлаш учун тўланган тўловлар қайтарилади.
3-боб. Нотариал ҳаракат тарафларининг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш ҳамда Тизимга маълумотларни киритиш
18. Нотариал ҳаракат тараф(лар)ининг шахси у(лар)нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолда ушбу ҳужжатларнинг реквизитлари орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация ҳамда биометрик маълумотлар (Face-ID) орқали верификация қилинади, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа усуллар билан аниқланиши мумкин.
Мурожаат қилувчининг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.
Нотариус видеоконференцалоқа режимида мулоқот қилаётган шахс(лар) айнан шу эканлигини Тизим ёрдамида (Face-ID орқали солиштириш усули) аниқлайди.
19. Нотариус нотариал ҳаракат тараф(лар)ининг муомала лаёқатини видеоконференцалоқа режимида у(лар) билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.
20. Нотариал ҳаракат тараф(лар)ининг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғилса), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.
Нотариус нотариал ҳаракат тараф(лар)ининг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса), нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.
Агар мазкур шахс(лар) суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томон(лар)нинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.
Агар мазкур шахс(лар) суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс(лар) ҳомий(лари)ининг ёзма розилигини талаб этади. Бунда ҳомийнинг розилиги нотариал ҳаракатни тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.
21. Нотариал ҳаракатнинг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши лозим.
Нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки котиби томонидан нотариал ҳаракат Тизимга киритилади ҳамда ҳар бир нотариал ҳаракат тегишли тартиб рақами билан рўйхатга олинади ва нотариал ҳаракатни тасдиқловчи ёзувда кўрсатилади.
22. Нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда нотариус, нотариус ёрдамчиси,стажёри ёки котиби томонидан Тизимга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами киритилиши шарт.
23. Нотариус билан шахсий мулоқот давомида нотариал ҳаракат тараф(лар)и жойлашган жойда улардан бошқа шахсларнинг бўлмаслиги, улар жойлашган жой, шовқиндан ҳоли, ёруғ бўлиши ва видеотасвир тиниқ кўриниши шарт.
Нотариус шахсий мулоқот давомида нотариал ҳаракат тараф(лар)и жойлашган жойда бошқа шахсларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун жойнинг 360 градус айланасини кўрсатишни талаб қилиши лозим.
4-боб. Нотариал ҳаракатни имзолаш тартиби
24. Нотариал ҳаракат лойиҳаси имзолаш учун тайёр бўлганидан сўнг, нотариус томонидан нотариал ҳаракат тараф(лар)ига у(лар)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, амалга оширилаётган нотариал ҳаракатнинг мазмуни ва оқибатлари тушунтирилади.
25. Нотариус тегишли тасдиқловчи ёзувни киритиб, Тизимда қайд қилинган тартиб рақами ва ундирилган тўловлар (давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ) миқдорини кўрсатади ҳамда ҳужжат лойиҳасини Тизимда сақлайди.
26. Видеоконференцалоқа режимида амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича видеоёзувлар автоматик равишда ёзиб олинади ва Тизимда қонунчиликда белгиланган муддатлар мобайнида сақланади, шунингдек Тизим орқали нотариус томонидан тасдиқланади.
27. Видеоконференцалоқа режимида амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича видеоёзувлар нотариал ҳаракат тараф(лар)и томонидан нотариал ҳаракат тасдиқланганлигининг (имзоланганлигининг) асоси ҳисобланади.
28. Нотариус томонидан нотариал ҳаракат тараф(лар)ига нотариал ҳаракат билан тасдиқланган (шаҳодатланган) ҳужжат(лар)нинг асл нусха(лар)и шахсан топширилади ёки курерлик хизматидан фойдаланган ҳолда ёхуд бошқа усуллар орқали етказилади.
5-боб. Якуний қоида
29. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.01.2026 й., 10/26/3742/0021-сон)