Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
Саноат зоналарида лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ҳудудларда фаолият юритаётган саноат зоналарини бошқариш тизимини такомиллаштириш, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини янада жадаллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 27 декабрдаги ПФ-229-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг саноат зоналарида саноат зоналари иштирокчилари томонидан якунига етказилмаган лойиҳаларни амалга оширишга киритилган инвестицияларни баҳолаш ҳамда қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларда инвестиция киритиш ва қурилиш ишларини амалга оширган саноат зоналари иштирокчилари томонидан сарфланган маблағларни қоплаб бериш шарти билан янги иштирокчиларга бериш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Саноат зоналари иштирокчилари томонидан якунига етказилмаган лойиҳаларни амалга оширишга киритилган инвестицияларни баҳолаш ҳамда қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларда инвестиция киритиш ва қурилиш ишларини амалга оширган саноат зоналари иштирокчилари томонидан сарфланган маблағларни қоплаб бериш шарти билан янги иштирокчиларга бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда саноат зоналари дирекциялари ушбу қарорга иловада тасдиқланган вақтинчалик низомда белгиланган талабларнинг бажарилишига шахсан жавобгар этиб белгилансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 декабрь,
803-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 декабрдаги 803-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Саноат зоналари иштирокчилари томонидан якунига етказилмаган лойиҳаларни амалга оширишга киритилган инвестицияларни баҳолаш ҳамда қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларда инвестиция киритиш ва қурилиш ишларини амалга оширган саноат зоналари иштирокчилари томонидан сарфланган маблағларни қоплаб бериш шарти билан янги иштирокчиларга бериш тартиби тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом саноат зоналари иштирокчилари томонидан якунига етказилмаган лойиҳаларни амалга оширишга киритилган инвестицияларни баҳолаш, қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларда инвестиция киритиш ҳамда қурилиш ишларини амалга оширган саноат зоналари иштирокчилари томонидан сарфланган маблағларни қоплаб бериш шарти билан янги иштирокчиларга бериш тартибини белгилайди.
Ушбу Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 4 мартдаги ПФ-41-сон Фармонига мувофиқ «Саноат зоналари тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунга қадар амал қилади.
Бунда киритилган инвестициялар миқдори ҳамда қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар қиймати ваколатли баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади.
2. Ушбу Вақтинчалик низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
дирекция — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг қарорларига асосан саноат зонаси фаолиятини тезкор бошқариш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс;
инвестиция битими — иқтисодий, ижтимоий ва фойда олиш учун инвестицияларни амалга оширишга қаратилган, томонлар мажбурияти кўрсатилган Дирекция ва иштирокчи ўртасида тузиладиган битим;
лойиҳа ташаббускори — саноат зонаси иштирокчиси мақомини олишга талабгор юридик шахс;
саноат зонаси иштирокчиси — белгиланган тартибда саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган ва саноат зонаси ҳудудида лойиҳани амалга ошираётган тадбиркорлик субъекти;
саноат зонаси — саноат, ишлаб чиқариш корхоналарини бир жойда жойлаштириш, инфратузилма объектларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида, аҳоли пункти ҳудудининг қонунчилик ҳужжатлари билан муайян мақом берилган ва ҳудуди доирасида хизмат кўрсатувчи инфратузилмага эга бўлган ишлаб чиқариш майдонлари жойлашадиган ҳамда чегаралари аниқ белгиланган қисми;
якунига етказилмаган лойиҳа — саноат зонасида амалга оширилиши белгиланган, бироқ саноат зонаси иштирокчиси томонидан инвестиция битимида кўрсатилган мажбуриятларни муддатида бажарилмаслиги ёки бажара олмаслиги маълум қилинган лойиҳа.
2-боб. Саноат зоналарида якунига етказилмаган лойиҳаларни амалга оширишга киритилган инвестицияларни баҳолаш ҳамда қурилиши якунланмаган бино ва иншоотларни дирекцияга ўтказиш тартиби
3. Саноат зонасидаги якунига етказилмаган лойиҳаларни амалга оширишга киритилган инвестицияларни баҳолаш инвесторнинг саноат зонаси иштирокчиси мақомини йўқотгандан сўнг унинг лойиҳа доирасида амалга оширган харажатларини маълум шартлар асосида қоплаб бериш мақсадида амалга оширилади.
Бунда саноат зонаси иштирокчиси мақомини йўқотган инвестор ва дирекция ўртасидаги келишув битими асосида иштирокчи томонидан қурилиши бошланиб, қурилиши тугалланмаган объектлар улар қурилишига сарфланган харажатларни қоплаш шарти билан дирекцияга ўтказилади.
Қурилиши тугалланмаган объектларни баҳолашдан ўтказиш харажатларини қоплаш ва баҳолашдан ўтказиш натижалари бўйича икки томоннинг розилигини тасдиқлаш масалалари келишув битимида акс этади.
4. Инвесторнинг саноат зонаси иштирокчиси мақоми қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилингандан сўнг ер участкаси қурилиши тугалланмаган объект билан биргаликда дирекцияга қайтарилади.
Бунда икки ҳафта муддатда дирекция қурилиши тугалланмаган объектни ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб, бир ой муддатда мазкур объектни баҳолашдан ўтказади.
5. Объект баҳолангандан сўнг, дирекция ер участкасини қурилиши тугалланмаган объект билан биргаликда ёки объект қурилишини якунлаб, фойдаланиш учун рухсатнома олингандан сўнг уч кунлик муддатда янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ўрнатилган тартибда электрон-онлайн аукционга жойлаштиради.
6. Электрон-онлайн аукцион савдолари якуни ғолиб аниқланиб, тўловлар амалга оширилгандан сўнг, электрон-онлайн аукцион оператори маблағларни Дирекцияга йўналтиради ҳамда дирекция бир кун муддатда келишув битимига мувофиқ қурилиши тугалланмаган объектнинг баҳоланган қийматини иштирокчи мақоми бекор қилинган инвесторнинг банк ҳисобварағига ўтказади.
Бунда электрон-онлайн аукцион савдосидан тушган маблағнинг қурилиши тугалланмаган объектнинг баҳоланган қийматидан ортиқча қисми дирекция ҳисобида қолади.
7. Инвестиция битимида янги саноат зонаси иштирокчиси (лойиҳа ташаббускори) компенсация тўлови мажбуриятини олаётган вақтда баҳоловчи хулосаси билан таништирилади ҳамда хулосанинг бир нусхаси битимга илова қилинади.
3-боб. Якунловчи қоида
8. Мазкур Вақтинчалик низом талабларини бажаришда юзага келадиган низолар томонларнинг ўзаро музокаралари натижасида ҳал этилмаса, суд тартибида кўриб чиқилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.12.2025 й., 09/25/803/1191-сон)