Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Назарий физика институтини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 мартдаги ПҚ-5032-сон қарорига мувофиқ назарий физика соҳасида юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, фундаментал ва амалий лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда амалиётга жорий этиш самарадорлигини ошириш, физика йўналишидаги замонавий илм-фан талабларига асосланган илмий фаолиятнинг ўқув жараёни ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини янада чуқурлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (кейинги ўринларда — Университет) ҳузурида Назарий физика институтини (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
назарий физика соҳасининг долзарб муаммолари илмий ечимига қаратилган ҳамда унинг истиқболли йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда иштирок этиш;
назарий физиканинг квант майдон назарияси, субатом физикаси, ночизиқли физика, гравитацион майдон назарияси, квант тармоқлар ва динамик тизимларнинг муаммолари бўйича илмий анжуманлар ташкил этиш;
ёш олимлар учун назарий физиканинг квант майдон назарияси, субатом физикаси, ночизиқли физика, гравитацион майдон назарияси, квант тармоқлар ва динамик тизимлар бўйича замонавий илмий-ўқув материалларни нашрга тайёрлаш;
физика соҳасида профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторантларнинг илмий тадқиқотларда биргаликдаги иштирок этиши асосида олий таълим ташкилотларининг илмий, амалий ва ўқув фаолияти билан интеграциясини мустаҳкамлаш;
олий таълим ташкилотларида иқтидорли талабалар ва магистрантларни илмий фаолиятга жалб этиш орқали юқори салоҳиятли ёш назариётчи физикларни тайёрлашда олий таълим ташкилотларига кўмаклашиш;
физика соҳасида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, ривожланган мамлакатларнинг назарий физика марказлари билан соҳадаги энг илғор ҳамда истиқболли тадқиқотлар бўйича халқаро алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш;
физика соҳасида ривожланган мамлакатларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари тўғрисида таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;
физика соҳасида нуфузли халқаро маълумотлар базаларидаги журналларда назарий физика бўйича нашрлар сонини ошириш ҳамда физика соҳасидаги илмий журналларни босқичма-босқич нуфузли халқаро маълумотлар базаларига киритишга кўмаклашиш.
3. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Назарий физика институтининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Университет ректорига, зарур ҳолларда, Институт тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Институт юридик шахс мақомига эга давлат илмий-таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
Институт директори Университетнинг Илмий кенгаши тавсиясига асосан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Институтнинг илмий ва раҳбар ходимларининг лавозим маошлари бюджет маблағлари ҳисобидан илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи илмий муассасаларнинг илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошига, бошқа ходимларининг лавозим маошлари эса — Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган лавозим маошларига тенглаштирилади.
5. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Институтни сақлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, Институт ходимлари (илмий ходимлардан ташқари) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари;
илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грант маблағлари;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
бошқа илмий ташкилотлар, жамғармалар, ўқув муассасалари, шу жумладан, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шартномалар тузиш;
илмий тадқиқотлар соҳасида зарур ахборотларни, статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраш ва бепул олиш.
7. Университет икки ой муддатда:
Институтнинг уставини тасдиқласин ва унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Институтни Университетнинг Тошкент шаҳри Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида жойлашган Физика факультети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин;
Институтни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг молия ташкилотлари грантларини жалб қилиш чораларини кўрсин;
Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Институт фаолиятини йўлга қўйиш учун уни зарур мебель, компьютер техникаси, инвентарлар ва бошқа моддий воситалар билан жиҳозласин;
Институтни илмий фаолиятни самарали ташкил этиш, салоҳиятини оширишга қодир бўлган тажрибали мутахассислар ва илмий ходимлардан иборат юқори малакали кадрлар билан очиқ танлов асосида тўлдириш чораларини кўрсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Институтни бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
9. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
уч ой муддатда Институтнинг илмий-инновацион фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 декабрь,
795-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 795-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Назарий физика институтининг
ТУЗИЛМАСИ
Илмий котиб | Директор | Илмий кенгаш | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Директорнинг илм-фан бўйича ўринбосари | Бош юрисконсульт | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Квант майдон назарияси илмий лабораторияси 1 | Ночизиқли физика илмий лабораторияси 1 | Бош бухгалтер | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Сунъий интеллект, ҳисоблаш ва маълумотлар базаси илмий лабораторияси 1 | Ходимлар билан ишлаш бўйича мутахассис | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Субатом физикаси илмий лабораторияси 1 | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассис | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Гравитацион майдон назарияси илмий лабораторияси 1 | Квант тармоқлар ва динамик тизимлар лабораторияси 1 | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Изоҳ. Ходимларнинг умумий чекланган сони — 13 нафар.
Бажариладиган илмий-тадқиқот ишларига илмий ходимлар шартнома асосида жалб этилади.
* Илмий-ёрдамчи ва ёрдамчи ходимлар сони қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ нормативлар бўйича белгиланади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2025 й., 09/25/795/1175-сон)