Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Даврий божхона тўловларини тўлаш графигини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 12 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3724]
1. Даврий божхона тўловларини тўлаш графигини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Вазир Ж. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 декабрь,
304-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 14 ноябрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 13 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 1 декабрдаги 304-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Даврий божхона тўловларини тўлаш графигини тўлдириш тартиби тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома даврий божхона тўловларини тўлаш графигини тўлдириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
божхона органлари — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (бундан буён матнда Божхона қўмитаси деб юритилади) марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, «Toshkent-AERO» ихтисослаштирилган божхона комплекси ҳамда божхона постлари;
даврий божхона тўловларини тўлаш графиги (бундан буён матнда график деб юритилади) — вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган товарларга нисбатан даврий божхона тўловларини ундириш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва декларацияловчи шахс томонидан божхона органига божхона юк декларацияси (бундан буён матнда БЮД деб юритилади) билан бирга тақдим этиладиган ҳужжат.
2. График вақтинча олиб кириш божхона режими БЮДнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, мазкур Йўриқноманинг иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилади.
2-боб. Графикни тақдим этиш тартиби
3. График декларацияловчи шахс томонидан қуйидаги ҳолларда божхона органига тақдим этилади:
товарларни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштиришда даврий божхона тўловларини ҳар ойда ёки йилнинг ҳар чорагида тўлашда;
божхона тўловларидан шартли озод этиш бўйича берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан вақтинча олиб киришнинг кейинги муддатида даврий божхона тўловларини тўлаш лозим бўлганда.
4. БЮД электрон шаклда божхона органига тақдим этилган тақдирда график электрон шаклда тақдим этилиши лозим.
Электрон шаклда декларациялашда барча маълумотлар графикнинг тегишли графаларида ёки ушбу графа учун ажратилган деталлаштирилган жадвалларда тўлиқ кўрсатилади ҳамда бошқа графаларга қўшимча илова қилинадиган варақлар ёки бошқа шу каби ҳаволалар қилинишига йўл қўйилмайди.
5. БЮД қоғоз шаклда божхона органига тақдим этилган тақдирда график қоғоз шаклда тўрт нусхадан иборат А4 форматдаги варақларда тақдим этилади ҳамда қуйидагича тақсимланади:
биринчи нусха — божхона пости учун;
иккинчи нусха — декларацияловчи шахс учун;
учинчи ва тўртинчи нусхалар — декларант учун.
Бунда, графикнинг ҳар бир нусхаси декларацияловчи шахс ва божхона органининг мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.
Қоғоз шаклда тўлдирилган график бўйича ундирилиши лозим бўлган даврий божхона тўловлари тўғрисидаги маълумотлар божхона органининг ходими томонидан Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
6. График тақдим этилгандан сўнг божхона органи БЮД билан бир вақтда графикнинг тўғри тўлдирилганлигини дастлабки текширувдан ўтказади.
Дастлабки текширув натижасида камчиликлар аниқланса, божхона органи ходими ушбу камчиликларни БЮД расмийлаштиришуви муддатлари доирасида бартараф этиш тўғрисида декларацияловчи шахсни хабардор қилади.
Графикнинг дастлабки текшируви натижасида камчиликлар аниқланмаса, божхона органи ходими графикни расмийлаштириш учун қабул қилади.
Божхона органи томонидан график БЮД билан бир вақтнинг ўзида расмийлаштирилади.
7. Графикка ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш янгидан графикни тақдим этиш орқали қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
графикни тўлдиришда хатоликлар аниқланганда;
вақтинча олиб кирилган товарлар қисман олиб чиқилган ёки бошқа божхона режимга жойлаштирилган тақдирда ёхуд бошқа шахсга ўтказилганда;
даврий божхона тўловлари белгиланган давр учун олдиндан тўланганда;
даврий божхона тўловларини ортиқча тўланганлик факти аниқланганда;
вақтинча олиб кириш божхона режими муддатининг амал қилиши товарлар хатланиши ёки олиб қўйилиши муносабати билан вақтинча тўхтатиб турилганда. Бунда, товарлардан тақиқ олиб ташланган санадан бошлаб, даврий божхона тўловларини тўлаш мажбурияти тикланади ҳамда мазкур санадан бошлаб графикка ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши лозим;
даврий божхона тўловлари бўйича қарздорлик аниқланганда.
8. Декларацияловчи шахс қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин графикни тугатиш ҳуқуқига эга:
даврий божхона тўловлари тўлиқ тўланганда;
вақтинча олиб кирилган товарлар тўлиқ олиб чиқилган ёки бошқа божхона режимларига жойлаштирилган тақдирда ёхуд бошқа шахсга ўтказилганда.
9. График расмийлаштирилганлиги ҳамда унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
10. Божхона расмийлаштируви ва божхона назорати якунлангандан сўнг божхона органлари томонидан электрон график ёки қоғоз шаклдаги графикнинг биринчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 184-моддасида кўрсатилган муддат давомида сақланиши таъминланади.
11. Графикни тўлдиришда Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) назарда тутилган таснифлагичлардан фойдаланилади.
3-боб. Графикни тўлдириш тартиби
12. Декларацияловчи шахс томонидан графикнинг 1, 2, 5 ва «Имзо» графалари тўлдирилади.
13. Божхона органи томонидан графикнинг 3, 4, 5-графалари ҳамда «Божхона белгилари учун» майдончаси тўлдирилади.
14. Декларацияловчи шахс томонидан графаларнинг тўлдирилиши:
1) 1-графа. «Аввалги графикнинг рўйхат рақами».
Мазкур графада вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштирилган товарлар учун муқаддам даврий божхона тўловларини тўлаш графиги мавжуд бўлган тақдирда, ушбу графикнинг рўйхат рақами кўрсатилади;
2) 2-графа. «Тўлов муддати тури».
Мазкур графада тўловчи танловига кўра даврий божхона тўловларини тўлаш муддатининг қуйидаги турларидан бири кўрсатилади.
ҳар ойда тўланганда «1» рақами кўрсатилади;
чораклик тўланганда «2» рақами кўрсатилади;
3) 5-графа. «Тўлов графиги».
Мазкур графада даврий божхона тўловларини тўлаш муддатлари акс этади.
«Тартиб рақами» устунида даврий божхона тўловлари ҳар ойда тўланганда ойлар кетма-кетлигининг тартиб рақами, агар чораклик тўланганда чораклар кетма-кетлигининг тартиб рақами кўрсатилади.
«Фактура қиймати» устунида декларацияланаётган товарлар туркумининг умумий фактура қиймати кўрсатилади. Умумий фактура қиймати БЮДнинг 42-графаларидаги товарларнинг фактура қийматлари йиғиндисини ташкил қилади.
«Тўлов санаси» устунида даврий божхона тўловларини тўлаш муддати кўрсатилади.
Бунда, тўлов муддати туридан келиб чиқиб, товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимида турган давр бошланишидан олдинги муддатнинг охирги санаси кўрсатилади.
Масалан:
даврий божхона тўловлари ҳар ой тўланиши маълум қилинганда, 2025 йил июнь ойи учун «Тўлов санаси» устунида «31.05.2025» кўрсатилади.
даврий божхона тўловлари чораклик тўланиши маълум қилинганда 2025 йилнинг 3-чораги учун «Тўлов санаси» устунида «30.06.2025» кўрсатилади.
«Тўлов санаси» устунининг биринчи қаторида божхона органларига график тақдим этилган сана кўрсатилади.
«Валюта коди» устунида БЮДнинг 22-графасида кўрсатилган валютанинг рақамли коди кўрсатилади;
«Чет эл валютасидаги тўлов суммаси» устунида тегишли давр учун тўланиши лозим бўлган шартнома валютасидаги даврий божхона тўловлари суммаси кўрсатилади.
Бунда, божхона божи ва солиқлар коди Божхона тўловлари таснифлагичига мувофиқ алоҳида тўлдирилади;
4) «Имзо» графаси.
Маълумотларнинг тўғрилиги электрон шаклда декларацияловчи шахснинг электрон рақамли имзоси ёки қоғоз шаклда декларацияловчи шахснинг имзоси билан тасдиқланади.
15. Божхона органи томонидан графаларнинг тўлдирилиши:
1) 3-графа. «БЮДнинг рўйхат рақами».
Мазкур графада вақтинча олиб кириш божхона режими расмийлаштирилган БЮДнинг рўйхат рақами кўрсатилади;
2) 4-графа. «Графикнинг рўйхат рақами».
Мазкур графа автоматлаштирилган ҳолда Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан тўлдирилади.
Графада божхона пости коди, график қабул қилинган сана, график рақами қуйидаги тартибда кўрсатилади:
99999 / 99.99.9999 / 99999
1-элемент — Божхона постлари таснифлагичига мувофиқ декларацияловчи шахс томонидан БЮД тақдим этиладиган божхона постининг бешта белгили коди;
2, 3 ва 4-элементлар — график божхона расмийлаштируви учун қабул қилинган кун, ой ва йил;
5-элемент — тегишли божхона органи томонидан расмийлаштирилган графикнинг тартиб рақами (жорий йилда ўсиш тартибида, йил якунлангач рақамлаш янгидан бошланади). Графикнинг тартиб рақами қайтарилмаслиги лозим;
3) 5-графа. «Тўлов графиги».
«Тўланган сана» устунида тўловчи томонидан даврий божхона тўловлари амалда тўланган сана кўрсатилади.
«Миллий валютадаги курс» устунида мазкур графанинг «Тўланган санаси» устунида кўрсатилган санада «Валюта коди» устунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валютанинг расмий айирбошлаш курси кўрсатилади.
«Миллий валютадаги даврий божхона тўловлари суммаси» устунида мазкур графанинг «Тўлов санаси» устунида кўрсатилган санада миллий валютада тўланиши лозим бўлган даврий божхона тўловлари суммаси кўрсатилади.
Бунда, божхона божи ва солиқлар коди Божхона тўловлари таснифлагичига мувофиқ алоҳида тўлдирилади.
4) «Божхона белгилари учун» графаси.
Электрон шаклдаги графикнинг мазкур графасида божхона органи томонидан ушбу график юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисидаги божхона органининг белгилари (ёзувлари) кўрсатилади. Божхона органи белгилари (ёзувлари) божхона органи ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, бундан автоматлаштирилган тарзда расмийлаштирилган БЮДлар мустасно.
Қоғоз шаклдаги графикнинг мазкур графасида божхона органи томонидан ушбу график юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисидаги божхона органининг штампи ва муҳри ҳамда зарур ҳолларда бошқа белгилари қўйилади. Божхона назорати натижалари ҳақидаги штамп ушбу график юзасидан қарор қабул қилган божхона органи ходимининг шахсий рақамли муҳри билан тасдиқланади.
Даврий божхона тўловларини тўлаш графигини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага
ИЛОВА
ИЛОВА
Даврий божхона тўловларини тўлаш графиги
1. Аввалги графикнинг рўйхат рақами | 2. Тўлов муддати тури | 3. БЮДнинг рўйхат рақами | 4. Графикнинг рўйхат рақами | |||||||||||
5. Тўлов графиги | ||||||||||||||
Т/р | Фактура қиймати | Тўлов сана | Валюта коди | Чет эл валютасидаги тўлов суммаси | Тўланган санаси | Миллий валютадаги курс | Миллий валютадаги даврий божхона тўловлари суммаси | |||||||
20 | 27 | 29 | Жами | 20 | 27 | 29 | Жами | |||||||
Умумий | ||||||||||||||
1. | ||||||||||||||
2. | ||||||||||||||
3. | ||||||||||||||
4. | ||||||||||||||
5. | ||||||||||||||
6. | ||||||||||||||
7. | ||||||||||||||
… | ||||||||||||||
«Имзо» | «Божхона белгилари учун» | |||||||||||||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.12.2025 й., 10/25/3724/1162-сон)