Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Словения Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Дипломатик паспорт эгаларини қисқа муддатли виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2025 йил 30 майда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4592-SI-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словения Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда биргаликда «Аҳдлашувчи Томонлар» ва алоҳида «Аҳдлашувчи Томон» деб аталувчилар;
Икки давлат ўртасидаги муносабатларни ўзаролик асосида мустаҳкамлаш истагида;
Ўзларининг амалдаги дипломатик паспортларга эга фуқароларининг ўз ҳудудлари ўртасида ҳаракатланишини осонлаштириш ниятида,
Қуйидаги тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ, амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган ҳар бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларига исталган бир юз саксон (180) кунлик муддатда тўқсон (90) кундан ортиқ бўлмаган муддатга бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига виза расмийлаштирмаган ҳолда кириши, транзит ўтиши, бўлиши ва ундан чиқиб кетишига рухсат берилади.
2-модда
Мазкур Битим қуйидаги тоифадаги паспортларга нисбатан қўлланилади:
1. Ўзбекистон Республикаси учун: амалдаги дипломатик паспортлар;
2. Словения Республикаси учун: амалдаги дипломатик паспортлар.
3-модда
1. Амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Словения Республикаси ҳудудида ҳар қандай бир юз саксон (180) кунлик муддатда тўқсон (90) кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлишлари мумкин.
2. Амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган Словения Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида исталган бир юз саксон (180) кунлик муддатда тўқсон (90) кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлишлари мумкин.
3. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг амалдаги миллий қонунчилиги ва тартиботларига мувофиқ, бўлиш муддатини тўқсон (90) кундан ортиқ муддатга узайтириш имкониятига дахл қилмайди.
4-модда
Мазкур Битим дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг аъзоларини, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар вакилларини, шу жумладан, уларнинг амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган қарамоғидаги оила аъзоларини қабул қилувчи Давлат ҳудудига киргунга қадар аккредитация қилиш учун виза мажбуриятидан озод этмайди.
5-модда
Мазкур Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган паспортларга эга бўлган фуқаролар халқаро йўловчи ташиш учун мўлжалланган барча пунктлар орқали, ҳар икки давлатда амалдаги қонунчилиги ва тартиботларига мувофиқ, зарур расмиятчиликлар бажарилган тақдирда, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кириши, транзит ўтиши ва ундан чиқиши мумкин.
6-модда
Мазкур Битим ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларини бошқа Аҳдлашувчи Томон Давлатининг ҳудудига киришда ва унинг ҳудудида бўлишда амалдаги қонунчилиги ва тартиботларига риоя қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
7-модда
Мазкур Битим persona non grata деб эълон қилинган ёки жамоат тартиби ёки миллий хавфсизлик сабабли Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудига кириш ва бўлишнинг амалдаги шартларга жавоб бермаган амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган бошқа Аҳдлашувчи Томон Давлати фуқаросининг ўз ҳудудларига киришини ва уларда бўлишини рад этиш ёки бўлиш муддатини қисқартириш ёхуд тугатиш бўйича Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқларига дахл қилмайди.
8-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар дипломатик каналлар орқали мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан кечиктирмай, ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган паспортлар намуналарини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
2. Башарти янги дипломатик паспортлар жорий этилган ёки амалдагиларига ўзгартириш киритилса, Аҳдлашувчи Томонлар дипломатик каналлар орқали янги ёки ўзгартирилган паспортларнинг намуналарини, шу жумладан, уларнинг ҳимоя ва қўлланилиш хусусиятлари батафсил тавсифини улар жорий этилишидан камида ўттиз (30) кун олдин бир-бирларига тақдим этадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирига Интерпол орқали бевосита ёки билвосита бекор қилинган дипломатик паспортлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар.
9-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ёки жамоат соғлиги сабабли Битимнинг амал қилишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туришлари мумкин. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон етмиш икки (72.) соатдан кечиктирмай бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлар орқали бундай чоралар киритилганлиги тўғрисида дарҳол хабардор қилади.
2. Тўхтатиб туриш бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига аллақачон кириб келган амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларига дахл қилмайди.
10-модда
Мазкур Битим ва ундан келиб чиқадиган фаолият Аҳдлашувчи Томонларнинг халқаро шартномалардан ёки халқаро ташкилотларга аъзолигидан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай мажбуриятларга дахл қилиш сифатида талқин этилмаслиги лозим.
11-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки амалга оширишдан келиб чиқадиган ҳар қандай низо Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ёки музокаралар йўли билан дўстона ҳал қилинади.
12-модда
Мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан исталган вақтда ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиришлар 13-модданинг 1-бандига мувофиқ кучга киради.
13-модда
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлар Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички ҳуқуқий тартиб-таомиллар бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларини ёзма ва дипломатик каналлар орқали хабардор қилганликлари ҳақидаги билдиришномаларнинг охиргиси олинган санадан кейинги ойнинг биринчи кунидан кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилиш орқали Битимни тугатиши мумкин. Битим бундай хабарнома қабул қилингандан бошлаб тўқсон (90) кун ўтгач тугатилади.
Любляна шаҳрида, 2025 йил 22 майда, икки асл нусхада, ўзбек, словен ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)