Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг
Қарори
Келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ветеринария дори воситалари қолдиқ миқдорларининг рухсат этилган максимал даражаларига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0099-25-сон СанҚваН) қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 1 декабрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 377]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги ПФ-111-сон «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ветеринария дори воситалари қолдиқ миқдорларининг рухсат этилган максимал даражаларига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0099-25-сон СанҚваН) (ҳисоб рақами 363, 2025 йил 30 июль) иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни кучга киргандан сўнг амалга киритилади.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 ноябрь,
30-сон
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАХМОНОВ
2025 йил 13 ноябрь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 10 ноябрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 4 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025 йил 20 ноябрдаги 30-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ветеринария дори воситалари қолдиқ миқдорларининг рухсат этилган максимал даражаларига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0099-25-сон СанҚваН) киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. Қуйидаги мазмундаги 41-банд билан тўлдирилсин:
«41. Озиқ-овқат бизнеси операторлари келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулоти муомаласининг барча босқичларида — ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш жараёнларида ветеринария дори воситалари қолдиқ миқдори ушбу санитария қоидаларининг 1-иловасида белгиланган РЕМДга мувофиқлигини таъминлаши, шунингдек мазкур санитария қоидаларининг 2-иловасида келтирилган келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида қўллаш тақиқланган ветеринария дори воситалари ва фармакологик фаол моддаларни қўлламаслиги лозим.».
2. 19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ветеринария дори воситалари қолдиқ миқдорларининг мониторинги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари томонидан йиллик режа асосида амалга оширилади. Йиллик режа тузилаётганда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
назорат ўтказиладиган фармакологик фаол моддалар гуруҳлари ва келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулот турлари комбинацияларининг рўйхати, уларни танлаш мезонлари ва асослари;
келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ва импорт ҳажмлари;
рухсат этилган ветеринария дори воситаларидан белгиланган мақсадларда ёки қўллаш бўйича йўриқномаларга мувофиқ фойдаланилаётганлиги;
тақиқланган моддалар билан боғлиқ хавф омиллари;
ҳайвонларнинг муайян турларида фармакологик фаол моддаларни қўллаш частотаси ва даврийлиги тўғрисидаги маълумотлар;
келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларидаги ветеринария дори воситалари қолдиқларининг аҳоли истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларидаги ҳамда ҳайвонларнинг овқатланиш рационидаги миқдорлари;
келиб чиқиши ҳайвонот дунёсига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларидаги ветеринария дори воситаларининг аҳоли ва ҳайвонларнинг соғлиғига бўлган потенциал таъсир даражаси.».