Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Махкамовага мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Махкамовага мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Махкамовага мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2026 йилнинг 1 март кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (О. Козихонова) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2026 йилнинг 15 март кунига қадар Олий Мажлис Сенатининг Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
5. Мазкур Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 1 ноябрь,
СҚ-202-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2025 йил 1 ноябрдаги СҚ-202-V-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Б. Махкамовага
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан)
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси такомиллаштирилди. Жумладан, оила муносабатларини тартибга солувчи 20 та қонун, 32 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 45 та қарори қабул қилинган.
Конституцияда давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилган.
Низоли оилалар вакиллари билан индивидуал ишлаш дафтари жорий этилиб, «Оқила аёллар» ҳаракати ва маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмалари ҳамкорлигида оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 2022 йилда 85,3 минг, 2023 йилда 87,7 минг, 2024 йилда 155,7 минг никоҳланувчи шахслар ўқитилди.
Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 32 турдаги фуқаролик ишларини кўриш бўйича ихтисослашган «Оила судьялари» амалиёти жорий этилди.
Олиб борилган кенг кўламли ишларга қарамасдан, соҳада ўз ечимини кутаётган ва жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, 2024 йилда 271 776 та никоҳ тузилган бўлса, шу даврда никоҳдан ажралишлар сони 45 135 тага етган.
Ўтган йилда никоҳдан ажралишларнинг 28,5 фоизини 30 ёшгача бўлган шахслар ташкил қилган.
Никоҳдан ажралишларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри (5 913 та), Фарғона (4 800 та), Андижон (4 781 та) ва Самарқанд вилоятларига (4 599 та) тўғри келади.
Маълумот учун: 2020 — 2024 йиллар мобайнида республика бўйича никоҳдан ажралишлар сони 59,9 фоизга ортган. Хусусан, 2024 йилдаги никоҳдан ажралишларни 2020 йилга нисбатан таққосланса, Наманган (2 019 тага), Фарғона (1 959 тага), ва Сурхондарё (1 293 тага) вилоятларида кўрсаткичлар юқори суръатда ўсган.
Ажралишлар юзага келган оилаларда 37 мингдан зиёд вояга етмаган болалар борлиги қайд этилган.
Жорий йилнинг январь — июнь ойлари давомида 95 275 та никоҳ тузилган бўлиб, никоҳдан ажралишлар сони 23 338 тани (24 фоизни) ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга (871 тага) ортган. Республиканинг 112 та туман ва шаҳарида никоҳдан ажралишлар сони ўсган.
Маълумот учун: жорий йил 6 ой (январь — июнь) давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳдан ажралишлар таққосланса, Чортоқ тумани (69 тага), Навоий шаҳри (57 тага), Янгиқўрғон тумани (51 тага), Марғилон шаҳрида (46 тага), Ғиждувон тумани (46 тага), Чиноз туманида (35 тага) кўрсаткичлар ортган.
Никоҳдан ажралишларнинг сабаблари таҳлил этилганда, олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам борлиги аниқланди.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2024 йилда никоҳдан ажратишга доир 32 217 та ариза қаноатлантирилган. Шундан 17 535 та (54 фоиз) ҳолатда характер тўғри келмаслиги, 1 807 та (6 фоиз) бошқа никоҳ муносабатига киришганлиги, 1 222 та (4 фоиз) оилага тайёр эмаслиги, 1 033 та (3 фоиз) ўзаро ишончсизлик сабабли никоҳдан ажралиш қайд этилган.
Шунингдек, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан жорий йил феврал ойида ўтказилган сўровнома натижаларида никоҳдан ажралишга асосан ўзаро ишончсизлик (50,5 фоиз), бир-бирини тушунмаслик (46,6 фоиз), моддий етишмовчилик (34,1 фоиз), учинчи шахс аралашуви (29,4%) сабаб бўлаётганлиги билдирилган.
Мазкур рақамлар ҳудудларда «маҳалла еттилиги»нинг никоҳдан ажрашаётган тарафларни яраштириш билан боғлиқ фаолияти самарали ташкил қилинмаганини кўрсатмоқда.
Судгача бўлган босқичда ёки суд жараёнида оилавий низоларни келишув йўли билан ҳал этишда медиация институтининг роли катта бўлса-да, унинг кенг қўлланилмаётгани, малакали медиаторларнинг етишмаслиги ва улар хизматларидан фойдаланиш маданиятининг шаклланмагани каби масалалар сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, Оила кодексининг 15-моддасида узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкинлиги белгиланган.
Бироқ, мазкур моддада узрли сабаблар рўйхати қатъий белгиланмаганлиги ушбу нормани амалиётда турлича талқин қилинишига сабаб бўлмоқда.
Туман (шаҳар) ҳокимлари қарорларига асосан 391 та ҳолатда никоҳ ёши қисқартирилган бўлиб, уларнинг 146 тасида узрли сабаблар келтирилмаган.
Ҳокимлар қарорлари таҳлили кўрсатганидек, никоҳланувчи шахслар ёки уларнинг қариндошлари (ота-онаси, бобо-бувиси ва бошқалар) касаллиги, тўй маросимини ўтказиш куни белгилаб қўйилганлиги, кам таъминланган оиланинг фарзанди эканлиги, тарафлар бир-бирларини ёқтириши ва бошқа сабаблар билан никоҳ ёши қисқартирилгани маълум бўлди.
Айрим фуқаролар томонидан қизини вояга етмасдан турмушга бериб, кейинчалик у 18 ёшга тўлганда никоҳдан ўтиш учун ФҲДЙ бўлимига мурожаат қилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, 2020 — 2024 йилларда ФҲДЙ бўлимларига 18 ёшга тўлиб никоҳдан ўтиш учун мурожаат қилган хотин-қизларнинг 1 637 нафарида никоҳгача бўлган даврда туғилган фарзандлари борлиги аниқланган.
Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ва никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар йил сайин ошиб бормоқда.
Жумладан, 2024 йилда 331 нафар шахс МЖтКнинг 473-моддасига асосан жавобгарликка тортилган, бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 6 баробарга ўсган.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришганлик ҳолатлари 35 фоизга, вояга етмаган фарзандини эрга берганлиги ёки уйлантирганлиги 70 фоизга, диний маросимни амалга оширганлик 12 баробарга ортган.
Оилавий муносабатларни тартибга солишга доир қонунчиликда айрим ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги ҳам кузатилмоқда.
Хусусан, қонунчиликда учинчи шахс аралашуви никоҳдан ажралишга сабаб бўлганлиги учун жавобгарлик чоралари белгиланмаган.
Қонунчилик ҳужжатларида туман, шаҳар ҳокимига никоҳ ёшини камайтириш бўйича мурожаат қилиш тартиби (ариза билан ким мурожаат қилиши мумкинлиги, аризани кўриб чиқиш муддати, уни рад қилиш асослари ва ҳ.к.) ҳамда давлат хизматини кўрсатиш тартиби мавжуд эмас.
Шунингдек, ота ёки онанинг ўзидан алоҳида яшаётган боласи билан кўришиш мажбуриятини бажармаслик ёки ушбу мажбуриятни амалга оширишга тўсқинлик қилганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилмаган.
Оилани мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институтлари оилавий ажралишлар бўйича тадқиқотлар олиб бораётган ва сабабларини аниқлаётган борса-да, уларнинг натижалари амалиётга фаол татбиқ этилмаяпти, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўрилмаяпти.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати:
оилани ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш;
оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этишда медиация институтидан самарали фойдаланиш, унинг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш;
никоҳдан ажралишларнинг олдини олишда «маҳалла еттилиги»нинг масъулиятини ошириш;
узрли сабабларга кўра никоҳ ёшини қисқартиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш;
ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантиришнинг олдини олиш;
никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширишнинг олдини олиш;
оилавий муносабатларни тартибга солишга доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
оилани мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институтлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари самарадорлигини ошириш, берилаётган таклифларни амалиётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ва унга берилган жавоб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилишини, унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.