Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 19 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1859-6]
Ўзбекистон Республикасининг «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари, 2025 йил 11 февралдаги ЎРҚ-1026-сон «Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2008 йил 14 августдаги 17/2-сон қарори (рўйхат рақами 1859, 2008 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 39-сон, 400-модда) билан тасдиқланган Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 7 ноябрь,
30/1-сон
Келишилди:
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д. ЛИ
2025 йил 28 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 7 ноябрдаги 30/1-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом банклар, шу жумладан микромолия банклари томонидан депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва уларнинг муомалада бўлиш тартибини белгилайди.».
2. 1-банднинг иккинчи хатбошиси «исталган филиалидан» деган сўзлардан кейин «(банк хизматлари офисидан)» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
3. Қуйидаги мазмундаги 71-банд билан тўлдирилсин:
«71. Микромолия банклари томонидан омонат сертификатларини жисмоний шахслар орасида жойлаштириш Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасига асосан бир жисмоний шахсдан омонатга жалб қилинган пул маблағлари миқдори Ўзбекистон Республикасининг «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган кафолатланган омонат миқдоридан ошмаган ҳолда амалга оширилади.».
4. 10-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сертификатнинг иловалари рақамланган, сертификат бланкасига тикилган ва сертификатни имзолаш ҳуқуқи берилган икки нафар мансабдор шахс томонидан имзоланган ҳамда банк (банк филиали ёки банк хизматлари офиси) муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.».
5. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18. Депозит (омонат) сертификати бланкалари, шунингдек сертификатларга қўшимча варақлар (иловалар) «Давлат белгиси» масъулияти чекланган жамият томонидан ишлаб чиқарилади. Сертификатга қўшимча варақлар (иловалар) сертификат бланкаси билан бир вақтда тайёрланади.».
6. 19-банд ўз кучни йўқотган деб топилсин.
7. 22-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«22. Омонат сертификати бўйича сессия фақат жисмоний шахслар ўртасида, сертификатни берган банкда ёки унинг филиалида (банк хизматлари офисида) расмийлаштирилади.
Микромолия банклари томонидан омонат сертификатлари бўйича сессия Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасига асосан бир жисмоний шахсдан омонатга жалб қилинган пул маблағлари миқдори Ўзбекистон Республикасининг «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган кафолатланган омонат миқдоридан ошмаган ҳолда амалга оширилади.».
8. 27-банд «филиалида» деган сўздан кейин «(банк хизматлари офисида)» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
9. 33-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«33. Сертификат бўйича фоизларни ҳисоблаш Тижорат банкларида фоизларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3460, 2023 йил 29 сентябрь) мувофиқ амалга оширилади.».
10. 1-илованинг матнидаги «Эгасининг номи ёзилган омонат сертификати» деган сўзлар «Омонат сертификати» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.11.2025 й., 10/25/1859-6/1065-сон)