Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармойиши
Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Глобал рақобат кучайиб бораётган ҳозирги шароитда барқарорлик ва самарадорликни таъминлаш, давлат секторида харажатларни кескин камайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, давлат корхоналарида тежамкор бошқарув, рақамли иқтисодиёт ва халқаро корпоратив стандартларга асосланган иш услубини жорий этиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Мазкур фармойишни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб 2026 йилда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарда (кейинги ўринларда — давлат корхоналари) маҳсулот таннархини камайтириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш белгилансин.
II. Маҳсулот таннархини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш
2. Давлат корхоналарида маҳсулот таннархини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгилансин:
(а) харажатларни ҳар чоракда қайта таҳлил қилиш (spending review) орқали келгуси даврдаги ҳар бир йўналиш устуворлигидан келиб чиқиб, бюджетни тўлиқ «нолдан» қайта кўриб чиқиш (zero-based budgeting) амалиётини йўлга қўйиш;
(б) моддий-техник таъминот харажатларини мақбуллаштириш — ўхшаш турдаги товар ва ресурсларни биргаликда харид қилиш орқали таннархни пасайтириш, логистика жараёнларини такомиллаштириш;
(в) ёрдамчи функция ва хизматларни аутсорсингга топшириш, асосий бўлмаган ишларга ихтисослашган ташкилотларни жалб этиб, ортиқча бошқарув харажатларини қисқартириш;
(г) тежамкор ишлаб чиқариш ва меъёрлаш тамойилларини жорий этиш, меҳнат ва ресурслар сарфи бўйича илғор меъёрларни амалиётга татбиқ қилиш орқали чиқимларни камайтириш;
(д) замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш ва бошқарув операцияларини автоматлаштириш, самарадорликни ошириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
(ж) бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талаблари асосида шаффоф юритиш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш;
(з) ходимлар ташаббусларини рағбатлантириш — иқтисодий самара берадиган таклифлар учун мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи чораларни кўриш орқали тежамкорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш;
(и) очиқлик ва жамоатчилик назорати — компаниянинг молиявий ва маъмурий фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка ахборот етказиш ҳамда фуқаролар томонидан назорат ва фикр-мулоҳаза билдириш учун шароит яратиш;
(к) энергия самарадорлиги — энергия аудити ўтказиш орқали энергия истеъмолини таҳлил қилиш, тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
(л) ташкилий тузилма ва кадрлар сонини мақбуллаштириш — корхоналарнинг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш, такрорланувчи ва самарасиз лавозимларни қисқартириш ҳамда меҳнат унумдорлигини ошириш;
(м) ресурслардан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик учун ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлаш.
3. Давлат корхоналари бир ой муддатда мазкур фармойишнинг 2-бандида белгиланган йўналишлар асосида таннархни камайтириш ва самарадорликни оширишга қаратилган ўз дастурларини ишлаб чиқиб, кузатув кенгашларида тасдиқласин.
4. Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) фармойиш ижросини таъминлаш доирасида давлат корхоналарида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг бажарилиши устидан тизимли мониторинг ва таҳлил олиб бориш;
(б) давлат корхоналарига харажатларни мақбуллаштириш ва самарадорликни ошириш бўйича дастурлар тайёрлашда методологик ёрдам бериш, ушбу йўналишда зарур услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;
(в) харажатларни қисқартириш ва иш унумдорлигини ошириш бўйича қўшимча ички захираларни аниқлаш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
(г) тўлов тизимини такомиллаштириш орқали дебитор ва кредитор қарздорликларни камайтириш;
(д) корхоналарнинг кредит портфели бўйича мавжуд мажбуриятлари, шу жумладан, қўшимча маблағларни жалб қилиш заруратини таҳлил қилиш;
(ж) кузатув кенгашлари аъзолари томонидан уларга юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таҳлил қилиш;
(з) белгиланган чораларнинг натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш.
5. Ҳисоб палатаси (М. Абдуллаев) икки ой муддатда «UzAssets» АЖ билан унинг бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналари томонидан 2026 йил учун ишлаб чиқилган бизнес-режаларни танқидий кўриб чиқиб, уларни такомиллаштириш юзасидан кузатув кенгашларига таклифлар беришни таъминласин.
6. Республика комиссияси (Ж. Қўчқоров, М. Абдуллаев) икки ой муддатда:
(а) Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда давлат корхоналари бошқарув ходимлари сонини 10 фоизгача қисқартириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин;
(б) давлат корхоналарининг кенг истеъмол товарлари бўйича умумий эҳтиёжларини қондириш мақсадида биргаликда харидларни ташкил этиш ишларини таъминласин;
(в) зарур ҳолларда, биргаликда харидларни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда экспертлар, эксперт ташкилотлари ёки махсус харид ташкилотчилари (профессионал агентлар ёки харид комиссиялари) жалб этилишини таъминласин.
7. Қуйидагилар:
(а) Давлат корхоналари учун биргаликда харид қилиниши мумкин бўлган асосий товарлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
(б) Биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби 3-иловага мувофиқ;
(в) Давлат корхоналарида аутсорсинг асосида бажарилиши лозим бўлган функция ва хизматлар рўйхати 4-иловага мувофиқ;
(г) Давлат корхоналарида рақамлаштириш жорий этиладиган жараёнлар ва ахборот технологиялари маҳсулотлари рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Республика комиссиясига мазкур фармойишга 2 — 5-иловаларга давлат буюртмачиларининг асосланган таклифларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин.
9. Давлат корхоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларидан ташқари бошқа ҳолларда ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишни тўхтатсин.
10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги:
(а) 2025 йил 1 декабрга қадар 2026 йил учун тегишли корхоналар раҳбарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун акциядорларнинг умумий йиғилишига киритсин;
(б) давлат корхоналари бўйича энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тасдиқлангандан сўнг 2026 йил 1 февралга қадар ҳар бир давлат корхонаси бўйича акциядорлар кутилмасини тасдиқласин ҳамда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ижросини мониторинг қилиб бориш мақсадида Бошқарув самарадорлиги агентлигига киритсин.
11. Белгилансинки:
(а) 2026 йил 1 июлга қадар корхонада ERP ахборот тизимини ишга туширмаган ёки харажатларни қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни бажармаган компания раҳбарларининг тегишли ўринбосарлари лавозимидан озод этилади;
(б) 2026 йил 1 мартдан бошлаб «UzAssets» АЖ бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналарида:
(i) Бухгалтерия ҳисобини юритиш ахборот тизимида молиявий режалаштириш, харидлар, шартномалар ижроси, ғазначилик тўловлари, савдо операциялари ва комплаенс назорат қилиш имкониятини берадиган «Ягона ғазначилик» ахборот тизими жорий этилади. Бунда «Ягона ғазначилик» ахборот тизими орқали мазкур корхона ва уларнинг тизимидаги корхоналарнинг барча даромад ва харажатлари марказлашган ҳолда амалга оширилади;
(ii) ишлаб чиқариш ва молиявий оқимлар, таннарх, инвестиция ва кредитлар тўғрисидаги маълумотларни онлайн таҳлил қилиш ҳамда бизнес-режа ижросини назорат қилиш имконини берувчи «Молиявий модель» электрон дастури ишга туширилади;
(iii) умумий хизмат кўрсатиш марказлари (Shared Service Centers) фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали ёрдамчи хизматлар ва функциялар (харидлар, кадрлар, бухгалтерия, ахборот технологиялари, юридик хизматлар) марказлаштирилади;
(iv) бизнес жараёнларини автоматлаштириш мақсадида Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, харид операторлари, давлат харидлари электрон тизимининг операторлари, электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирувчи операторлар, хизмат кўрсатувчи тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилишга рухсат берилади.
III. Фармойиш ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
12. Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун давлат корхоналари ижроия органлари раҳбарлари, кузатув кенгашлари раислари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига шахсий масъулият юклатилсин.
13. Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда йирик давлат корхоналари фаолиятида фойдаланилаётган ахборот ва рақамли маҳсулотларни хатловдан ўтказиш, рақамлашмаган жараёнларни рақамлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Ҳисоб палатаси (М. Абдуллаев) икки ой муддатда «UzAssets» АЖ билан биргаликда унинг бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналарида давлат харидларини мониторинг қилиш мақсадида «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизимида янги модулни жорий қилсин.
15. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат корхоналарида мазкур фармойиш доирасидаги вазифалар ижросида коррупцияга қарши қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширсин.
16. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси давлат корхоналарида биргаликда харидларни ташкил этиш ва бошқа белгиланган чораларни амалга ошириш жараёнида рақобат қоидалари бузилмаслигини таъминласин.
17. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 18 ноябрь,
Ф-59-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги Ф-59-сон фармойишига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси
ТАРКИБИ
М.Р. Абдуллаев | — | Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари, Республика комиссияси ҳамраиси |
Ж.А. Қўчқоров | — | Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири, Республика комиссияси ҳамраиси |
Ж.Т. Мирзамаҳмудов | — | энергетика вазири |
Б.Ф. Исламов | — | тоғ-кон саноати ва геология вазири |
Ш.Х. Шерматов | — | рақамли технологиялар вазири |
И.Р. Махкамов | — | транспорт вазири |
Х.Б. Мустафаев | — | иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари |
А.Ж. Ортиков | — | Давлат активларини бошқариш агентлиги директори |
У.Б. Давлатов | — | Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари |
Ф.М. Хамраев | — | Ҳисоб палатаси шўъба мудири, Республика комиссияси котиби |
Изоҳ: Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги Ф-59-сон фармойишига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Давлат корхоналари учун биргаликда харид қилиниши мумкин бўлган асосий товарлар
рўйхати
1. Офис қоғози (турли ўлчамлардаги ёзув қоғозлари).
2. Канцелярия буюмлари (ручка, дафтар ва бошқалар).
3. Компьютерлар ва периферия қурилмалари (мониторлар, принтерлар, ташкилот учун бошқа техникалар).
4. Нусха кўчириш ва босма ускуналари ҳамда уларнинг сарф материаллари (картриж, тонер ва бошқалар).
5. Махсус иш кийимлари ва шахсий ҳимоя воситалари (формали кийим-бош, каска, қўлқоп ва ҳ.к.).
6. Офис мебеллари (стол, стул, шкаф ва бошқалар).
7. Гигиена ва тозалаш воситалари (совун, ювиш ва дезинфекциялаш маҳсулотлари).
8. Озиқ-овқат маҳсулотлари (ходимлар ошхонаси ва умумий овқатланиш эҳтиёжлари учун).
9. Ёнилғи-мойлаш материаллари (бензин, дизель ёқилғиси, мотор мойлари).
10. Автотранспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар (шиналар, фильтрлар ва бошқалар).
11. Қурилиш ва таъмирлаш материаллари (цемент, бўёқ ва бошқалар).
12. Ёруғлик чироқлари ва электротехника товарлари (лампочка, кабель, розетка ва бошқалар).
13. Кондиционерлар ва вентиляция ускуналари.
14. Алоқа ва телекоммуникация воситалари (стационар телефонлар, мобил алоқа қурилмалари).
15. Стандарт дастурий таъминот маҳсулотлари учун лицензиялар (операцион тизимлар, офис дастурлари ва бошқалар).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги Ф-59-сон фармойишига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишнинг вақтинчалик
тартиби
1. Икки ва ундан ортиқ давлат корхоналари бир турдаги товарлар, ишлар, хизматларни харид қилишда аукцион, танлаш, тендер воситасида биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишга ҳақли.
2. Икки ёки ундан ортиқ давлат корхоналари биргаликдаги давлат харидларини амалга ошириши учун томонлар ўртасида ўзаро битим тузилиши талаб этилади.
Биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишда давлат корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонунчиликда белгиланган тартибда томонларнинг келишуви билан тузилган битимга асосан белгиланади.
3. Биргаликдаги давлат харидларининг ташкилотчиси сифатида давлат корхоналари ўртасида тузилган битимга асосан давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш ваколати берилган давлат корхоналаридан бири белгиланади. Битимга қуйидаги ахборотлар киритилади:
(а) битим томонлари тўғрисидаги;
(б) биргаликдаги давлат хариди предмети, ҳажми, етказиб бериш муддати тўғрисидаги;
(в) битим томонларининг биргаликдаги давлат харидларини амалга ошириш учун молиялаштириш манбалари ва миқдорлари тўғрисидаги;
(г) битим томонларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳақидаги;
(д) биргаликдаги давлат харидлари ташкилотчиси тўғрисидаги;
(ж) ташкилотчига битимга асосан берилган ваколатлар тўғрисидаги;
(з) харид комиссиясини шакллантириш шартлари ҳақидаги;
(и) харид қилиш ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги;
(к) биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомиллари тури ва савдоларни ўтказиш муддатлари ҳақидаги;
(л) биргаликдаги давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш харажатларини тўлаш тартиби ҳақидаги;
(м) битимнинг амал қилиш муддати ҳақидаги;
(н) низоларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги.
Биргаликдаги харидларни ўтказишда битимга тарафларнинг ўзаро муносабатларини белгиловчи бошқа ахборотлар киритилиши мумкин.
4. Биргаликдаги давлат харидлари ташкилотчиси харидларни амалга ошириш бўйича комиссия таркибини битим томонлари билан келишилган ҳолда тасдиқлайди (бундан аукцион воситасидаги давлат харидлари мустасно).
5. Биргаликдаги давлат харидларини ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонунчиликда белгиланган ахборотларга қўшимча равишда битим томонларининг манзиллари, товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш манзиллари (ҳар бир томон учун), тўловларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбалари ва миқдорлари кўрсатилади.
6. Давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатлари ёки техник топшириқлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда комплекс экспертизадан ўтказилиши талаб этилса, комплекс экспертизадан ўтказиш учун тўловлар битим томонлари ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
7. Биргаликдаги давлат харидлари натижаларига кўра шартномалар ҳар бир давлат корхонаси ҳамда ғолиб ўртасида белгиланган тартибда алоҳида-алоҳида тузилади.
8. Ушбу вақтинчалик тартиб биргаликдаги давлат харидларини амалга ошириш тартибини белгиловчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингунига қадар амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги Ф-59-сон фармойишига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Давлат корхоналарида аутсорсинг асосида бажарилиши лозим бўлган функция ва хизматлар
рўйхати
1. Бино ва ҳудудларни тозалаш (клининг) хизмати.
2. Қоровуллик ва объектларни муҳофаза қилиш хизмати.
3. Ишчилар овқатланишини ташкил этиш (кейтеринг) хизмати.
4. Ходимларни хизмат автотранспорти билан таъминлаш хизмати (ҳайдовчи билан бирга).
5. Бино ва иншоотларни техник қўллаб-қувватлаш (сантехника, электр таъминоти ва бошқа муҳандислик хизматлари).
6. Ишлаб чиқариш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш.
7. Ахборот технологиялари инфраструктурасига хизмат кўрсатиш (IT-аутсорсинг).
8. Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш хизмати.
9. Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботни юритиш хизмати.
10. Юридик маслаҳат ва ҳуқуқий ҳамроҳлик хизмати.
11. Ходимларни танлаш ва ишга қабул қилиш (рекрутинг) хизмати.
12. Иш ҳақини ҳисоблаш ва кадрлар бўйича ҳужжат юритиш хизмати.
13. Маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар хизмати.
14. Мижозлар учун колл-марказ ва ахборот хизмати.
15. Почта-курьерлик ва ҳужжат етказиб бериш хизмати.
16. Полиграфия ва босмахона хизмати (матбаачилик ва нусха кўпайтириш ишлари).
17. Конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш хизмати.
18. Автопаркни бошқариш ва автотранспортларга сервис хизмати.
19. Лаборатория синовлари ва сертификатлаш хизматлари.
20. Ички аудит ва консалтинг хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги Ф-59-сон фармойишига
5-ИЛОВА
5-ИЛОВА
Давлат корхоналарида рақамлаштириш жорий этиладиган жараёнлар ва ахборот технологиялари маҳсулотлари
рўйхати
1. Омбор ва захираларни бошқариш ахборот тизими.
2. Маълумотлар базаси ва ҳисоботларни визуализация қилиш учун ягона таҳлилий тизим.
3. Ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақт режимида кузатиб бориш ва таҳлил қилиш тизими (масалан, SCADA/MES платформалари).
4. Компания бюджети ва харажатларини режалаштириш ҳамда таҳлил қилиш учун бизнес таҳлил (Business Intelligence — BI) платформаси.
5. Энергия истеъмолини мониторинг қилиш ва тежамкорликни таҳлил қилиш учун ахборот тизими.
6. Бухгалтерия ва молиявий ҳисобот жараёнларини автоматлаштириш тизими (бухгалтерия учун ERP модули).
7. Харидлар ва тендерларни электрон тарзда ташкил этиш тизими (электрон харидлар e-procurement платформаси).
8. Электрон ҳужжатлар айланиш тизими (Document Management System).
9. Кадрлар ҳисоби ва маош бошқаруви учун электрон HR-менежмент тизими.
10. Мижозлар билан ишлаш ва сотув жараёнлари учун CRM (Customer Relationship Management) ахборот тизими.
11. Компаниянинг веб-сайти ва онлайн хизматлар (рақамли маркетинг ва коммуникация) платформаси.
12. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш тизимлари.