Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг Сингапур Республикасидаги Элчихонасини очиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси билан Сингапур Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2005 — 2007 йилларда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг етакчи давлатлари ва минтақавий ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 12 августдаги ПҚ-156-сонли қарорини ижро этиш юзасидан:
1. Сингапур шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Сингапур Республикасидаги Элчихонаси таъсис этилсин.
2. Элчихона ходимлари сони АҚШдаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг маслаҳатчи-вакил, савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи ва биринчи котиб-ҳарбий атташе лавозимларини қисқартириш ҳисобига 3 нафардан иборат этиб белгилансин, улардан: 2 киши — дипломатик таркиб ходимлари, 1 киши — маъмурий-техник таркиб ходими.
3. Сингапурдаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг штат жадвали ва харажатлар сметаси, шунингдек АҚШдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг штат жадвали 1 — 3-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Сингапурдаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонаси, шунингдек АҚШдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг сарф-харажатларини молиялашни 2007 молия йили бюджетида тасдиқланган чет элдаги муассасаларни молиялаштириш ҳажмлари доирасида уларнинг штат жадвалларидаги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширсин;
Сингапурдаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасига икки автомобил таъминоти учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонасида икки автомобил таъминотига сарфланадиган харажатларни қисқартириш ҳисобидан лимит ажратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда штат жадвалига мувофиқ Сингапурдаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг дипломатик ходимлари таркибини бутлаш учун номзодлар юзасидан таклифлар киритсин.
6. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «АҚШда Ўзбекистон Республикаси Элчихонасини очиш тўғрисида» 1993 йил 10 майдаги 212-сонли қарорига 1-илова;
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси элчихоналарида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 8 июлдаги 238-сонли қарорига 1-илованинг 9-банди;
Вазирлар Маҳкамасининг «Америка Қўшма Штатларидаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг штат жадвалига қўшимча киритиш тўғрисида» 1999 йил 25 ноябрдаги 508-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири В. Норов зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 12 январь,
ПҚ-563-сон