Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жамоат эҳтиёжлари учун айрим ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида» 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-132-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-404-сон қарори билан тасдиқланган 2024 йилда Навоий вилоятида объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатга асосан Хатирчи тумани марказидан ўтувчи 4Р56 «Оқтош ш. — Янгиработ ш. — Лангар қ. — Чуя қ.» автомобиль йўлининг 11 — 16 км қисмини реконструкция қилиш белгилангани;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида» 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-132-сон қарори билан тасдиқланган Хатирчи туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча дастурга мувофиқ:
туман марказидан ўтувчи 4Р56 автомобиль йўлининг 11 — 16 км қисмини реконструкция қилиш (кейинги ўринларда — йўл қурилиши) ишларини якунлаш учун йўл қурилиши таъсир доирасига тушган турар ва нотурар объектларни кўчириш масаласини ҳал этиш;
йўл қурилишини якунлаш учун унинг таъсир доирасига тушган турар ва нотурар объектларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармасидан (кейинги ўринларда – Республика компенсация жамғармаси) 14,6 млрд сўм маблағ ажратиш назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Навоий вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:
Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда йўл қурилиши ҳудудига тушган кўчмас мулк объектларини белгиланган тартибда баҳолатсин ва баҳолаш ҳужжатларига асосан етказилган зарарларни қоплаш учун зарур бўладиган маблағ миқдорига аниқлик киритсин;
Республика компенсация жамғармасидан маблағ ажратиш учун талаб этиладиган тегишли ҳужжатларни Республика компенсация жамғармаси Кузатув кенгашига тақдим этсин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Республика компенсация жамғармаси Кузатув кенгашининг маблағ ажратиш тўғрисидаги тегишли қарорига асосан Республика компенсация жамғармасидан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармасига (кейинги ўринларда — ҳудудий компенсация жамғармаси) зарур маблағларни ажратсин.
4. Навоий вилояти ҳокимлиги:
ҳудудий компенсация жамғармасига ажратиладиган маблағларни «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибга қатъий риоя қилган ҳолда мулкдорларга тўлаб берсин;
ҳудудий компенсация жамғармасига ажратиладиган маблағларнинг сарфланиши ҳақида Республика компенсация жамғармаси Кузатув кенгаши ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритсин.
5. Давлат молиявий назорати инспекцияси ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича белгиланган тартибда назорат ўрнатсин.
6. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган объектларни белгиланган тартибда баҳоланиши, мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказилиши ҳамда ҳудудий компенсация жамғармасига ажратиладиган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан Навоий вилояти ҳокими Н.Т. Турсунов шахсан жавобгар ҳисобланади.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Навоий вилояти ҳокими Н.Т. Турсунов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 октябрь,
679-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.10.2025 й., 09/25/679/0988-сон)